Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:29

Прокуратура Адлия бошлиғи нотариус йигитни калтаклагани воқеасини ўрганмоқда


Фарҳод Саттаровга кўра, юзидаги жароҳат изи Адлия бошлиғи кулдон билан ургач, пайдо бўлган.
Фарҳод Саттаровга кўра, юзидаги жароҳат изи Адлия бошлиғи кулдон билан ургач, пайдо бўлган.

Самарқанд вилоят, Каттақўрғон шаҳар 1-сон нотариал идораси ходими Фарҳод Саттаровнинг иддао қилишича, уни шаҳар Адлия бўлими бошлиғи калтаклагани боис 5 кундан бери шифохонада даволанмоқда. Каттақўрғон шаҳар прокуратураси бу воқеа бўйича текшириш бошлаган.

Кулдон воқеаси

Каттақўрғон шаҳар 1-сон нотариал идорасида нотариус ёрдамчиси бўлиб ишлаётган 29 яшар Фарҳод Саттаровнинг иддаосига кўра, уни 19 октябрь куни Каттақўрғон шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Отабек Мўминов ишга кеч келганлик важи билан калтаклаган.

- Чиқиб кетаётган эдим, орқамдан келиб, сигарет кулдони билан урди. Мани чап кўзимга тегди. Кўзимдан олов чиқиб кетди. 7-8 секунд ҳушимни йўқотдим, дейди Фарҳод Саттаров.

Унинг айтишича, воқеа устига Каттақўрғон шаҳар 1-сон нотариал идораси бошлиғи - Фарҳод Сатторовнинг бевосита бошлиғи - келиб қолган (1-сон нотариал идораси ҳам Адлия бўлими билан битта бинода жойлашган. таҳр.) ва унинг аралашуви боис, Мўминов уришни тўхтатган.

- Нотариус бошлиғим “мен борсам, сени ураётганди. Ерда ётгандинг. Ерда ҳам сени ураётганди”, деди... Нотариус келдида, Отабек акани ушлаб қолди. Шу ўртада мен ўзимга келиб турдим, дейди Фарҳод Саттаров.

Каттақўрғон шаҳар 1-сон нотариал идораси Адлия бўлимига қарайди. Бироқ Фарҳод Саттаровнинг ишга келиш-кетишини бевосита нотариал идора раҳбари текширади. Саттаровга кўра, унинг Адлия бўлими бошлиғи томонидан алоҳида текширилаётганига икки ўртадаги низо сабаб бўлган. (Бу ҳақда мақола давомида ўқийсиз. таҳр).

Озодлик Каттақўрғон шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Отабек Мўминов билан телефон орқали боғланди. Мўминов ёнида одам борлигини айтиб, кейинроқ гаплашишга ваъда берди. Бироқ Озодликнинг кейинги телефон қўнғироқларига ундан жавоб бўлмади.

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими биноси.
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими биноси.

Прокуратурага ариза

Фарҳод Саттаровнинг айтишича, ўша куни у Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига Адлия бўлими бошлиғи устидан шикоят аризаси ёзган.

- Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига бордим. Зампрокурор Нуриддин аканинг олдига кириб, бўлган ҳолатни айтдим. У киши ҳеч иккиланмади, “Қонун ҳамма учун бир”, деб, оқ қоғоз билан ручка қўйиб, “ариза қилинг” деди. Ариза қилдим. Кейин экспертизага қарор чиқариб берди, дейди Фарҳод Саттаров.

Каттақўрғон шаҳар прокуратурасидан олинган маълумотга кўра, Фарҳод Саттаров аризаси бўйича текширув бошланган.

“Ҳозирча тиббий экспертиза хулосаси чиқмади. Хуклосага қараб, иш жиноий ёки маъмурий кўринишда бўлиши маълум бўлади”, деди ўзини таништирмаган прокуратура ходими.

Шифохонага ётиш

Фарҳод Саттаровнинг Озодликка тақдим қилган тиббий ҳужжат

нусхасида ёзилишича, Саттаровга бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Саттаров 19 ва 20 октябрь кунлари ҳам ишга чиққани ва 20 октябрь куни кечқурин аҳволи оғирлашгани боис Тез тиббий ёрдам чақиртирганини айтади.

- Доктор кўрдида, мия чайқалиши, ички жароҳат деди, история очиб, 20 октябрь куни саот 10лар атрофида Тиббиёт бирлашманинг травматология бўлимига ётқизишди, дейди Фарҳод Саттаров.

Ўзаро низо

Фарҳод Саттаровнинг иддаосига кўра, Каттақўрғон шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Отабек Мўминов билан унинг ўртасида 16 октябрь куни ўзаро низо юзага келган.

Фарҳод Саттаров шифохона боғида.
Фарҳод Саттаров шифохона боғида.

- 16 октябрь куни кечқурунги соат 5 яримда “Селектор бўлади. Селекторга мени номимдан борасиз” деб топшириқ берди. Менинг иш вақтим соат 9 дан 5гача. Иш вақтидан кейинги мажлисларга ишчининг розилиги бўлса, қатнашади деган жойи бор Меҳнат кодексида. Мени мажбур қилди борасан деб. Мен бормадим. Ўшанда бунда шахсий адоват пайдо бўлди, дея иддао қилади Фарҳод Саттаров.

Фарҳод Саттаров билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Каттақўрғон шаҳар 1-сон нотариал идораси ходими Фарҳод Саттаров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:20 0:00
Бевосита линк

Бошлиқ-ходим келишмовчилиги

Ўзбекистонда бошлиқ ва ходимларнинг орасида ўзаро келишмовчилик натижасидаги жанжаллар учраб туради.

Жумладан, жорий йил 13 июль куни Андижон шаҳридаги Янги шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг ўринбосари қилиб тайинланган Бахтиёр Аҳмедов шу куннинг ўзида ходимини ўзаро жанжал натижасида иш жойида пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Жорий йилнинг 3 май куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни 3 май куни ишдан бўшатилган ходими Шавкат Ибратов пичоқлаган эди.

XS
SM
MD
LG