Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Прокуратурага адвокатлар "телеграф хабарлари"ни ҳам кузатиш ваколатини берувчи қонун лойиҳаси кескин норозилик уйғотди


Адвокатлар адолат тарозисининг прокурорлар палласига қонунга хилоф равишда тош қўйилаётганини айтмоқда.
Адвокатлар адолат тарозисининг прокурорлар палласига қонунга хилоф равишда тош қўйилаётганини айтмоқда.

24 март куни Олий Мажлис Сенати “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунга киритилган янги ўзгартишларни маъқуллади.

Қонун лойиҳасида, прокурор санкцияси билан адвокатларнинг телефон сўзлашувлари эшитилишига рухсат бериш¸ адвокатларнинг бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга оширадиган сўзлашувлари, хабар ва маълумот узатилишини назорат қилиш кўзда тутилади.

Бу ўзгаришлар адвокатлар¸ шунингдек¸ Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Алим Эрназаровнинг кескин норозилигига учради.

Палата расмий сайтида эълон қилинган б​аёнотда Эрназаров¸ бу лойиҳанинг қонунга зид равишда - ўзининг имзо ва розилигисиз маъқулланганини маълум қилди.

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси Раиси Алим Эрназаров 24 март куни кечқурун палата сайтида мамлакат адвокатларига мурожаатини эълон қилди.

Адвокатлик фаолиятимизга тегишли ўзгаришларга менинг ҳам қатъий эътирозим борлигини билдираман.


“Албатта, бугун Сенат томонидан маъқулланган, адвокатлик фаолиятимизга тегишли ўзгаришларга менинг ҳам қатъий эътирозим борлигини билдираман. Бу ҳолатдан, адвокат ва Адвокатлар палатаси Раиси сифатида - норозиман. Қонун ҳужжатларида, адвокатларга тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаси, Адвокатлар палатаси Раиси томонидан имзоланиши (розилик олиниши) белгиланган. Бирок, қонунчиларимиз томонидан бу тартибга риоя қилинмади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раис Алим Эрназаров, юқорида эсланган қонун лойиҳасига имзо (виза) қуймаган. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, адвокатларимиз жипслигида адвокатлик фаолиятида халқаро стандартларни тадбиқ этишга ҳаракат қилади".

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Сергей Майоров Озодлик билан суҳбатда қонунга киритилиши кўзда тутилган ўзгаришларни адвокатлар фаолияти дахлсизлигига қилинган навбатдаги дахл деб атади.

Адвокатлар бирлашиб президентга мурожаат қилиб, бу Қонунни имзоламасликка ва уни қайта ишлаш учун қайтаришни илтимос қилмоқчи”.


“Қонуннинг “Адвокатнинг дахлсизлиги” моддасига энди “унинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувларини, хабарлари ва маълумотлари узатилишини назорат қилиш” банди ҳам қўшилган. Бу тўғри эмас. Янги қонунни президент ҳали имзоламаган. Адвокатлар бирлашиб президентга мурожаат қилиб, бу Қонунни имзоламасликка ва уни қайта ишлаш учун қайтаришни илтимос қилмоқчи”.

Амалдаги қонунга аниқлик киритган Майоров¸ 1998 йилда қабул қилинган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра¸ ​Бош прокурор, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг санкциялари билан адвокатнинг уй-жойи, хизмат хонаси ёки шахсий транспортига кириш, телефон сўзлашувларини эшитишга рухсат борлигини эслатиб ўтди.

Қонунга киртилган ўзгартиш
Қонунга киртилган ўзгартиш

Ўзбекистонлик яна бир адвокат Умид Давлетов Сенат маъқуллаган ўзгаришлар адвокатлар мустақиллиги¸ одил судлов тамойилларига зид экани¸ адвокатлар фаолияти устидан прокуратура назоратини янада кучайтириб юборишини таъкидлади:

Бу қонун одил судлов амалга оширилаётган пайтда томонлар тенглигини чеклаб қўйди.

- Адвокатлик сири бор, адвокатнинг сирини ошкор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар бу қонунни президент тасдиқлайдиган бўлса, прокуратурага хоҳлаган вақтда адвокатлик фаолияти билан боғлиқ информацияларни бемалол кузатиш, телефонларини титкилаш, назорат қилиб бориш имконияти яратиб берилади. Бу адвокатлик фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунга, адвокатлик сирига тамоман зиддир. Бу қонун одил судлов амалга оширилаётган пайтда томонлар тенглигини чеклаб қўйди. Чунки, прокурорда ваколат бўлганидан кейин, айнан шу иш бўйича адвокат нима ишлар қиляпти, кимлар билан гаплашяпти, ижтимоий тармоқлардан нималарни қидиряпти, бемалол шуларни эшитиб, кўриб ўтириш имкониятига эга бўлди. Бу эса тенглик эмас!

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов прокуратурага адвокат фаолиятини тўлиқ назорат қилиш ваколатини беришни "мантиқсизлик" деб баҳолади:

- Агар адолат ва одил судлов принципига риоя қилинса, прокурор билан адвокат тарозининг икки палласида бир хил вазнда туриш керак. Лекин прокурорга кўпроқ ваколат берилиши, у ўтирган тарози палласини босиб кетди. Чунки прокурорнинг адвокат сўзлашмаларини эшитишининг ўзи одил судловнинг бузилишидир. Бу мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Бош прокуратура адвокатлар норозилигини "асоссиз" деб атади25 март куни Адвокатлар палатаси Раиси Алим Эрназаров эътирози¸ қолаверса¸ ижтимоий тармоқлардаги кескин танқидларга муносабат билдирган Ўзбекистон Бош прокуратураси ​матбуот хизмати "билдирилаётган хавотирлар, талқинлар ўринсиз ва асоссиздир"¸ деди.

Бош прокуратура баëнотида ҳам¸ амалдаги​ қонунга мувофиқ ҳозиргача ҳам прокурорларда "адвокатнинг телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, унинг почта-телеграф жўнатмаларини кўздан кечириш каби тезкор-қидирув тадбирларни ўтказишга санкция бериш" ваколати бўлгани таъкидланди.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидаги бор-йўқ ўзгариш¸ Бош прокуратура таъкидича¸ тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун прокуратурага адвокатларнинг телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитишдан ташқари, почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш ваколатини бериш¸ холос.

Бош прокуратура ўз баëнотида қонунга киритилаётган ўзгартишларнинг "адвокатлар дахлсизлигига бирон-бир жиҳатдан таҳдид қилмаслиги¸ улар қонуний фаолиятига ҳеч қандай тўсқинликни вужудга келтирмаслиги"ни алоҳида таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG