Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:21

AIBA собиқ президенти Ғафур Раҳимовнинг ҳовлисига Молотов коктейли отилди


Ғафур Раҳимовнинг ҳовлисига ёнилғи қуйилган шиша отилган жойда топилган ва тергов ашёвий далил сифатида олган Молотов коктейллари.
Ғафур Раҳимовнинг ҳовлисига ёнилғи қуйилган шиша отилган жойда топилган ва тергов ашёвий далил сифатида олган Молотов коктейллари.

14 мартга ўтар кечаси, соат 3.00 атрофида номаълум шахслар Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлига ёнилғи тўлдирилган шиша - Молотов коктейли ирғитган.

Ҳодиса юз берган жойдан ёнилғи қуйилиб, пилик ўрнатилган яна 3 та шиша топилган.

Бу воқеа юзасидан терговгача суриштирувдан хабардор ИИБ ходимининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка билдиришича¸ “бу ҳужум оқибатида кичик ëнғин келиб чиққан ва ҳовли қоровулига тегишли “Матиз” русумли автомобиль қисман шикастланган”.

“Ҳужумга” нишон бўлган ҳовлида AIBA собиқ президенти, 69 яшар Ғафур Раҳимов ва унинг хотини Лола Раҳимова истиқомат қилади.

ИИБ зобитининг Озодлик мухбирига айтишича¸ 14 март куни Лола Раҳимова бу воқеа юзасидан Мирзо Улуғбек туман ИИБга ариза берган:

“Аризада «уйимизга ўғри тушди» деб ëзилган. Поджог¸ "Молотов коктейли" қисмини атайлаб айтишмаган. ИИБ ходимлари пожарниклар билан бирга воқеа жойига бориб, терговгача суриштирув ўтказиб қайтишди. ... топилган бутилкалар далилий ашë сифатида олинди. Келиб чиққан ëнғин борасида қўшнисидан тушунтириш хати олинди. Лекин ҳали жиноят иши очилмади. Экспертиза жавоби чиқмаса иш очилмайди. Пожарний хулоса бериши керак”.

Озодликда далилий ашё сифатида олинган бутилкалар фотоси бор. Фотони Озодликка терговга яқин манба тақдим қилди.

Воқеа жойидан топилган ёнилғи қуйилган шишалар. Фотони Озодликка терговга яқин манба тақдим этди.
Воқеа жойидан топилган ёнилғи қуйилган шишалар. Фотони Озодликка терговга яқин манба тақдим этди.

Терговгача суриштирув ҳужжатларида ушбу бутилкалар “Молотов коктейли” деб малакаланган.

Озодлик мобил мухбири воқеа содир бўлган манзилга борди. Мобил мухбир билан суҳбатлашган қўшнилардан бирининг айтишича¸ 14 март куни Мирзо Улуғбек туман ИИБ дан тезкор гуруҳ келиб, уларни сўроқ қилган.

Озодлик мобил мухбири суҳбатлашган қўшни ëнғинни кўргани ва бақир-чақирларни эшитганини айтди.

"Ëпиғлиқ қозон ëпиғлигича қолади"

Айни пайтда Раҳимовлар оиласи бўлган воқеа матбуотга чиқишини истамаяпти.

Раҳимовлар оиласи манфаатларини ҳимоя қилаëтган адвокатлардан бирининг Озодликка айтишича, Раҳимовлар оиласи бу иш атрофида жимлик бўлишидан манфаатдор.

Оздлик мухбири Ғафур Рахимовнинг хотини Лола Раҳимова билан боғланишга уринди. Аммо Лола Раҳимова матбуотга ҳозирча гапирмаслигини адвокати орқали билдирди.

Воқеа жойига борган мобил мухбир ҳовлининг ëнғин чиқиб қорайган қисми янги бўяб қўйилганлигига гувоҳ бўлди.

Қудратли амалдор амри билан?

Мақола ëзилаëтган пайтда Озодлик мухбири яна бошқа бир юқори лавозимдаги ИИБ ходими билан боғланди.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми айтилмаслигини сўраган зобит “Лола Раҳимова ариза остидаги имзосини қайтариб олгани ва ўғриликка уриниш бўлгани ҳақидаги ариза ҳовлидаги танқўриқчилар номидан ëзилиб қайта расмийлаштирилганини” билдирди.

“18 март кунги ҳолатда бу юзадан жиноят иши очилмади¸ ҳалиям экспертиза хулосасини кутяпмиз” деди зобит.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги рутбаси юқори яна бир мулозим билан суҳбат асосида бу воқеага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Исми очиқланмаслигини сўраган мулозим иддаосига кўра¸ “Молотов коктейли" отилгани ва машина ëнгани борасида жиноят ишини очмай ëпти-ëпти қилишни Раҳимовга қўшни маҳаллада яшовчи собиқ амалдор Ички ишлар вазиридан шахсан (Озодликка исм-фамилияси маълум) илтимос қилган”.

Мулозимга кўра¸ собиқ амалдор кўрсатмасига биноан, Раҳимов уйи ҳозир кучайтирилган тарзда қўриқланмоқда.

Озодлик мобил мухбири Раҳимов уйини Калашников автоматлари билан қуролланган милиция наряди қўриқлаëтганини кўрди.

Озодликда мавжуд сафар ҳужжатларга кўра¸ Ғафур Раҳимов ва Лола Раҳимовалар 13 март куни Дубай шаҳрига (БАА) учиб кетаëтганида Лола Раҳимова Тошкент халқаро аэропортидан чиқарилмаган. Аммо 13 март куни Ғафур Раҳимов Дубайга учиб кетган.

Лола ва Ғафур Рахимовларнинг 13 март куни Дубайга учиш билети. Билет устида сафар қолдирилгани ҳақида ишорат бор.
Лола ва Ғафур Рахимовларнинг 13 март куни Дубайга учиш билети. Билет устида сафар қолдирилгани ҳақида ишорат бор.

“Қасд олиш”ми ëки “таҳдид"?

Бир қарашда кичик ëнғин сифатида малакалаш мумкин бўлган бу ҳодиса, янги Ўзбекистон тарихидаги энг зиддиятли тадбиркорлардан бири Ғафур Раҳимов хонадонида бўлгани боис, кўп саволларни туғдиради.

(Мотивлар борасида турли тахминлар мавжуд бироқ уларни қувватловчи далиллар йўқ. Мирзиёев ҳокимятга келганидан сўнг шубҳали вазиятда қайтиб келганидан бери Раҳимов атрофида турли хабарлар пайдо бўлди. Раҳимовнинг турмуш ўртоғи собиқ бизнес ҳамкорлари билан судлашди.)

Раҳимовнинг қуëши ботмоқдами?

69 яшар Ғафур Раҳимовнинг бугунги обрўси аввалгидек, хусусан, бундан 10-15 йил илгаригидек эмаслиги айтилади. Охирги пайтларда у ўз эътиборини спортга қаратган эди. У Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президентлигидан кетишга мажбур бўлди ва бунга унинг криминал дунёга алоқаси борлигига гумонлар мавжудлиги сабаб бўлди.

Ғафур Раҳимов
Ғафур Раҳимов

Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига илк бор 2012 йилнинг 23 февраль куни "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири сифатида киритилган эди.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида 2013 йил 30 октябрида эълон қилган ҳужжат матнида.

Кейинги икки ой ичида Интернетда жиноят оламига яқинлиги иддао қилинадиган бизнесмен Ғафур Раҳимов негатив шаклда тилга олинган бир нечта мақола пайдо бўлди.

2019 йилнинг 11 декабрида ижтимоий тармоқ орқали Ғафур Раҳимовга қарши “прогон” – жиноий оламга чақириқ (Прогон – Википедияга кўра, турма авторитетларининг ультиматив ва бажарилиши шарт ҳисобланган топшириғи) тарқалган эди.

XS
SM
MD
LG