Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:24

Эвакуация қилинган арисликлар ҳукуматни етарлича ëрдам бермаëтганликда айбламоқда


Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида бошланган портлашлардан икки кун ўтиб, эвакуация қилинган минглаб одам Чимкент шаҳридаги масжид ва мактабларда қолмоқда.

Чимкентдаги “Акмешит” масжидида қолаётганларнинг кўпчилиги Озодликка ҳукумат уларга етарлича ёрдам кўрсатмаётганидан шикоят қилди. Арисликларнинг сўзларига кўра, уларга асосан оддий фуқаролар ёрдам бермоқда.

Кўнгилли тарзда ёрдам кўрсатаётган Айгерим Бегимбет Озодлик билан суҳбатда мактабларда уюштирилган эвакуация пунктларига оддий фуқаролар энг керакли буюмларни олиб келаётганини айтди. Бегимбет айрим оилалар эса Арисдан эвакуация қилинганларни уйига киритганини айтди.

Чимкент турғуни Жумадилда Мустафа ҳукумат жабр кўрганларга фаол ёрдам кўрсатмаётганини айтди.

Фавқулодда вазиятлар бўйича департамент вакили Ғалимжан Муратов Озодликка берган интервьюсида Чимкентда 25 июнь куни аввал очилган 37 эвакуация марказига қўшимча равишда яна 10 марказ очилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, айримлар эвакуация пунктларига бормай, масжидда қолмоқда.

Бу орада расмийлари ўз яқинларини излаётганлар уларга мурожаат қилаётганини маълум қилди. Otyrar.kz со сайтининг Чимкент шаҳрининг ички ва ташқи коммуникация бўлими гуруҳига таяниб хабар қилишича, 350 дан ошиқ арислик бедарак йўқолган.

26 июн куни эрталаб ички ва ташқи коммуникация бўлими гуруҳи уларга Қозоғистондан ва қўшни мамлакатлардан 50 минг марта қўнғироқ қилишганини маълум қилди. Қўнғироқ қилганлар Арис турғунларига гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини изҳор қилмоқда. Шунингдек, одамлар ўз яқинлари ҳақида сўраш ҳамда темир йўл ҳамда автомобиль транспорти қатнови ҳақида сўраш учун телефон қилмоқда.

Айни дамда Чимкент шаҳрида 40 дан ошиқ эвакуация пунктлари ишламоқда. Уларда ҳозир 4880 нафар одам, жумладан, 2428 ёш бола бор. Кўпчиликни қариндошлари ва яқинлари олиб кетмоқда.

24 июнь куни эрталаб Арис шаҳри яқинидаги ҳарбий омборхонада ёнғин бошланиб, натижада снарядлар портлай бошлаган эди. Натижада Ариснинг минглаб турғуни шаҳарни тарк этди.

Шаҳардан чиқиб кетишда минглаб одам ҳукумат уюштирган транспорт воситаларидан фойдаланди. Эвакуация қилинганларнинг аксари Чимкент шаҳрининг мактаб ва масжидларига жойлаштирилди.

25 июнь куни расмийлар Арисда портлашлар ҳали давом этиши мумкинлигини ва шу сабабдан шаҳар хавфли бўлиб қолаётганини айтишди.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ёнғин сабаби ҳозирча аниқланмаганини айтган.

Воқеа жойига борган президент Қасим-Жомарт Тоқаев барча айбдорлар қонун асосида жавобгарликка тортилиши билдирди.

XS
SM
MD
LG