Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Арсений Яценюк: “Украина қуласа, ортидан Молдова билан Грузия ҳам йиқилади” (ВИДЕО)


Арсений Яценюк, Киев Хавфсизлик Форуми раҳбари, Украина собиқ бош вазири (2014–2016).
Арсений Яценюк, Киев Хавфсизлик Форуми раҳбари, Украина собиқ бош вазири (2014–2016).

Путин Россиясига нисбатан янглиш сиёсат юритишнинг товони бор, энг оғир товонни ҳозир украинлар тўлашмоқда, деб ҳисоблайди Украинанинг собиқ бош вазири Арсений Яценюк. Унинг фикрича, бу уруш грузинлар ва молдованлар тақдирини ҳам ҳал этажак.

2014–2016 йилларда Украина бош вазири лавозимида ишлаган Арсений Яценюк Озодлик радиоси грузин хизматига катта интервью берди. Унда сиёсатчи “қонли ва аёвсиз жанглар” кутилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

47 ёшли Яценюк, шунингдек, Германия Россияга нисбатан хато сиёсати учун товон тўлаяжагини, Россия президенти Владимир Путин Украинада муваффақият қозонган тақдирда “кейинги нишонлар Грузия ва Молдова бўлиши”ни урғулади.

Яценюкка кўра, Украинанинг жанговар матонати, Ғарбнинг сўзда ва амалда бирлиги ҳамда “мақталган Россия қуролли кучларининг аслида коррупция ва қолоқликка ботгани туфайли” муваффақиятсизликка учраши, Москванинг дастлабки ҳарбий режаларини остин-устун қилган.

Бироқ сиёсатчи украинларни олдинда ҳали кўп даҳшатли изтироблар кутаётганидан огоҳлантирди.

“Ҳамлетона танлов қаршисидамиз: ғалаба ёки мағлубият, ё ҳаёт, ё мамот. Шахсан мен бу урушда Украина ютиб чиқишига чин дилдан ишонаман, ғалаба бизники бўлади... Аммо ғалаба йўли қонли ва машаққатлидир, кўп талафот беришга мажбур бўламиз”, дея қўшимча қилди Яценюк Украина мудофаасини “адолатли уруш” деб атаркан.

Собиқ бош вазир таъбирича, Украина ҳимояси “замонавий дунёдаги чинакам қаҳрамонликларнинг жонли мисолидир”. Ўтган ҳафтада Россия Қора денгиз флоти флагмани бўлган “Москва” ракета крейсерининг чўктирилиши воқеасини эса у “Путиннинг интиҳосини билдирувчи хайрли аломат” деб атади.

18 ва 19 апрель кунлари Москва ҳамда Киев Россия қўшинлари Украинадаги ҳарбий ҳаракатларнинг янги босқичини бошлаганини маълум қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский 2014 йилдан бери Россия дастаклаётган бўлгинчиларни Донецк ва Луганскдаги украин кучларидан ажратиб турган бутун туташув чизиғи бўйлаб ҳужум ҳаракатлари фаоллашгани муносабати билан украин мудофаaчиларини курашни давом эттиришга чақирди.

Россия Мудофаа вазирлиги 19 апрелдаги баёнотида тун бўйи 1200 дан ортиқ нишонга зарба берилганини ва Украинага тегишли МиГ-29 учоғи уриб туширилганини билдирди.

Яценюк бу воқеаларни Кремль Россияда муқаддаслаштирилган 9 май санасига қадар бирон арзигулик ютуққа эришишда умид қилаётгани билан изоҳлайди.

Сиёсатчи Путин ва унинг Украинадаги “махсус ҳарбий амалиёти” аксар россияликлар томонидан маъқулланаётганига доир расмий рақамларга бир оз шубҳа билдирса-да, Путин билан уни сайлаган одамлар ўртасида айтарли фарқ кўрмаслигини айтди.

“Рус халқи умумиятла бу урушга тарафдор, умумият-ла аксилукраин ва аксилғарб, деб ўйлайман. Гап фақат Путиннинг ўзида эмас, чунки Ирпень ва Бучада бегуноҳ одамларни қатлиом қилган Путин эмас. Бу ёвузликларни аскарлар, рус аскарлари қилишяпти”, деди Яценюк.

БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича агентлиги ва Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси 18 апрелдаги баёнотида уруш бошланган 24 февраль санасидан бери 5 миллион украиналик ўз ватанини тарк этганини маълум қилди. БМТ Миграция бошқармаси қайдича, учинчи мамлакатлар фуқаролари, аксари талабалар ва меҳнат мигрантларидан иборат 215 минг киши ҳам Украинадан чиқиб кетган.

БМТ, шунингдек, 18 апрель ҳолатига тинч аҳолидан жами 2072 киши қурбон ва 2818 киши ярадор бўлганини билдирди.

Яценюк Озодлик билан суҳбатда Путин ва Россия ҳарбийлари қўллайдиган тактика уларнинг яқин ҳарбий кампаниялари такрори бўлишини башорат қиларкан, Чеченистон урушида – Грозний, Сурияда – Халаб, 2014 йилда – Украинанинг Азов денгизи соҳилидаги муҳим стратегик шаҳри бўлмиш Мариуполь вайрон қилинганини мисол қилиб келтирди.

“Россия ҳарбийларининг Киев вилоятидаги, Мариуполдаги, Чернигов ва Харьковдаги тактикаси мутлақо аниқ – ўлдириш, ёқиш, йўқ қилиш. Шу боис ҳам Украина армиясига мудофаа ва ҳужум учун оғир қуроллар етказиб бериш ҳаётий заруратдир”, деди Яценюк.

Сиёсатчи “Ғарб сиёсатидаги улкан ўзгаришлар”ни олқишлади, шунингдек АҚШ, Буюк Британия ва Евроиттифоқнинг Киевга кўрсатаётган ёрдамини юксак баҳолади.

“Бу Путин учун кутилмаган ҳол бўлди. Мана шу ерда жиддий хатога йўл қўйди. У Ғарбнинг заифлигига ва агрессияга ожизона ва самарасиз жавоб қайтаришига қаттиқ ишонарди. Бироқ Ғарб Россияга нисбатан сиёсатини тубдан ўзгартириб, воқеаларда бурилиш ясади”, таъкидлади россияпараст Янукович ҳукумати қулаганидан сўнг Украинада катта сиёсат саҳнасига чиққан Арсений Яценюк.

Унинг айтишича, бу ўзгаришлар “орқага қайтмаслигига” ишонишни истайди, аммо тажрибали сиёсатчи ўлароқ айрим воқеалардан шубҳаланмоқда. Айни ўринда Яценюк Венгриянинг Россияга қарши умумевропа санкцияларига қўшилмай ва Россия углеводородларига қарамликдан қутулишга уринмаётганига, шунингдек Франция президентлигига сайловда “путинпараст номзод” Марин Ле Пен қўллаб-қувватланаётганига эътибор қаратди.

Ирпень
Ирпень

У Германия-Украина муносабатларига тўхталаркан, Киевга ташриф буюриш истагини билдирган Германия президенти Вальтер Штайнмайерга бетакаллуф муомала қилгани учун Зеленский ҳукуматини койиди.

“Германиянинг сиёсати кескин ўзгарди, бу аввало Германиянинг ўзи учун, қолаверса Украина учун яхши. Россия билан қалин иқтисодий, сиёсий ва молиявий алоқалар уни кучайтирмади, қайтага заифлаштирди. Меркел ва Штайнмайер Россияга нотўғри баҳо берганларини очиқча тан олишди. Шу боис Германия президентининг Киевга ташрифи икки мамлакат учун фойдали бўлур эди”, деди Яценюк.

Собиқ бош вазир фикрича, яқин истиқболда Германия жамоатчилиги Меркел йўл қўйган сиёсий хатолар жабрини тортади, аммо бу қийинчиликлар “Украина ва украин халқи тўлайдиган товон олдида ҳеч нарса эмас”.

Украиналик ҳарбий Киев вилояти Андреевка аҳоли пунктида рус армиясига тегишли танк устида. 5 апрел¸ 2022 йил
Украиналик ҳарбий Киев вилояти Андреевка аҳоли пунктида рус армиясига тегишли танк устида. 5 апрел¸ 2022 йил

Яценюк собиқ совет республикалари – Грузия ва Молдова ҳукуматларининг ушбу урушга нисбатан бетараф позициясини “мутлақо нотўғри қарор” деб атади.

“Улар Россия қанақа ўйин қилаётганини жуда яхши билишади. Бизнинг қадриятларимиз бир – Молдова ҳам, Грузия ҳам Европага интилмоқда. Барчамиз учун жуда оғир бўлмиш ушбу кунларда чинакам бирликни ва ягона фронтда эканимизни кўрсатиб қўйишимиз керак эди. Зеро, агар Украина қуласа, Молдова билан Грузия ҳам қулайди. Вассалом”, деди Яценюк қатъият билан.

У мазкур икки мамлакатни ва бошқаларни Путинга ишонмасликка чақириб, Россия ҳеч қачон сўзида турмаслигини уқтирди.

Путин урушни бошлашдан бир неча кун олдин ўз чиқишида Украинани Россиянинг ажралмас қисми деб атаган, украин миллати ва маданиятини шубҳа остига қўйиб, мамлакат алҳол “ҳақиқий давлатчилик”ни шакллантира олмаганини иддао қилганди.

Ҳужумга бир неча соат қолганида эса у “Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш учун махсус ҳарбий амалиёт” бошлашини эълон қилди. Москва 2014 йилда президент Виктор Янукович ағдарилганидан сўнг тузилган украин ҳукуматининг обўсини тўкиш мақсадида кўп йиллардан бери уни миллатчиликда ва милитарлашувда айблаб келади.

“Урушиш учун Россияга ҳеч қанақа баҳона керак эмас. Улар хоҳлаган вақтда исталган баҳона билан уруш бошлайверишади”, деди Яценюк.

XS
SM
MD
LG