Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Бир оила фожиаси: маиший жанжалдан сўнг ота қамалди, ўғил Украинага урушга кетиб, ўлди


Июль ойи охирларида Россиянинг Кемерово вилоятида 19 ёшли ефрейтор Алексей Ударцевни дафн қилишди. У ҳарбий хизматдан Украинага урушга кетган эди, бир ҳафтадан сўнг Алексей миномётлар зарбаси остида ҳалок бўлди.

“Сибир.Реалии” журналистлари йигитчанинг урушга жўнаб кетиши сабабларидан бири отаси Аркадий Ударцев билан бўлган жанжал эканини аниқладилар. Муқаддам судланган ота ўғлини урган ва пичоқ билан ҳамла қилган экан. Алексейнинг чақирувига биноан етиб келган полиция тўнғич Ударцевни ҳибсга олади, шу билан ота яна судланиб, панжара ортига равона бўлади. Ўғил эса ўқишини ташлаб, армияга кетади.

Алексей ҳалок бўлганидан сўнг оила буткул пароканда бўлди: онаси қамоқдан чиқиб келган эрини уйдан ҳайдади. Катта Ударцев “ўғлим ҳарқалай мени кечирган бўлса керак”, деб умид қилмоқда.

Ўша жанжалга довур Ударцевлар оиласи Новокузнецк яқинидаги Металлурглар посёлкасида истиқомат қиларди. Алексей оилада бош фарзанд эди, унинг икки синглиси ва укаси бор. Онаси касалхонада ишлар, отаси эса ҳаммоллик қиларди.

2019 йили, куз кунларининг бирида Аркадий жанжал кўтарганидан сўнг Ударцевларникига полиция келди.

“Ишдан маст бўлиб келгандим, кун чошгоҳдан ошганига қарамай булар молларга ем бермаган экан. Шундан бошланди. Ўғлимни сўкдим. Ҳатто тарсаки тортвордим, гарчи ҳеч қачон унга қўл кўтармаган эдим. Лёша полицияга қўнғироқ қилиб, отам менга бақиряпти, деди. Шу билан мени қамаб қўйишди”, дейди 42 яшар Аркадий Ударцев журналистлар билан суҳбатда.

Туман суди ҳукмида Аркадий иккита ошпичоқни ўқталиб, “Ҳозир ўлдираман сени!” дея қичқирганча ўғлига ташлангани айтилган. Ударцевнинг ўзи буни инкор этади. “Қичқирганим рост, буни полиция видеога олган ҳам”, дейди у.

Полиция уйга кирганида Ударцев “сен ментларни сўяман”, дея таҳдид қилади. Сўнгра овчаркасини арқонни бўшатиб, ити ва қўлида пичоқ билан полициячилар устига бостириб боради. Улардан бири тўппончадан ҳавога ўқ узади. Аркадий қўрқиб кетиб, қочади ва ҳовлидаги пичан ғарами ичига яширинмоқчи бўлади. Полициячилар уни топиб олиб, машинага бошлаб кетишаётганида эса Ударцев ерда ётган паншахани олиб, яна таҳдид қилади. Ниҳоят, уни туман полиция маҳкамасига олиб борадилар. Тез орада суд уни икки модда – ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш ва ўлдириш билан таҳдид қилишда айбдор деб топиб, уч йил муддатга манзил-колонияга жўнатади. Ушбу воқеадан бир йил олдин Аркадий шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ўшанда ҳам у оила аъзоларига пичоқ ўқталган, сўнгра полиция ходимининг юзига тепиб, лабини ёрган эди.

Алексей Ударцев
Алексей Ударцев

Бу пайтда ўғли Алексей коллежда механик-ҳайдовчиликка ўқир эди. Отаси қамалганидан сўнг дарс қолдирадиган бўлди, ҳатто уни ўқишдан ҳайдалишига сал қолди. 2020 йилда Алексей академик таътил олиб, армияга кетди: у Бурятиянинг Онохой-2 қишлоғида, кимёвий ҳужумга қарши кураш қўшинларига мансуб ҳарбий қисмда хизмат қиларди.

“Менинг қамалишим ўз йўлига, у нега ўқишни ташлайди, – дейди Аркадий ўғлининг бу ишига ҳайрон бўлиб. – Онасини уч бола билан қолдирган. Мен уйда йўқ эдим-ку, ўқийверса бўлмасмиди!”

Аркадий 2022 йил майда озодликка чиқди, хотини уни уйга киритди. Бу пайтда тўнғич ўғил шартнома имзолаб, хизматни давом эттирарди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасига тез-тез сурат жойлайдиган бўлди. Йигитча хизматда дўстлар орттирган, бир қизга кўнгил қўйган эди.

Аркадий ўтган вақт мобайнида ўғли билан бир неча бор телефонда сўзлашганини айтади: у кўп қўнғироқ қилган, лекин Алексей аксари ҳолларда жавоб бермаган экан. “Ҳар ҳолда мени кечирган бўлса керак”, дея умидланади Ударцев.

Алексей отасига сўнгги марта 30 июнь куни – Украина чегарасидан қўнғироқ қилади. “Кечаси соат 11:30 лар эди чамаси, Лёша телефон қилди, уларга промедол тарқатишганини айтди”. (Промедол – гиёҳванд модда қўшилган оғриқ қолдирувчи дори бўлиб, ярадор бўлганда ичиш учун аскарларга берилади – Таҳр).

Бир ҳафта ўтиб, 7 июль санасида Алексей турган марра миномётлардан ўққа тутилади. Яна бир ҳафтадан сўнг қариндошлари унинг ўлимидан воқиф бўладилар.

“Ўнинчи июль хотинимнинг туғилган куни эди, бир маҳал Лёшанинг қайлиғи қўнғироқ қилиб: “Ўғлингиз яраланиб, госпиталга тушганмиш”, деди. Биз телефонга ёпишиб, ҳар ёққа қўнғироқ қила бошладик. Беш кунгача бизга у тириклигини, аммо қаердалиги номаълумлигини айтишди. Хотинимнинг тоқати тоқ бўлиб, 14 июлда у хизмат қилган Бурятиядаги ҳарбий қисмга жўнаб кетди. 15 июль санасида у менга қўнғироқ қилиб, Лёша Ростов моргида эканини айтди. Хотиним ўғли ўлганини поездда эшитган экан...”, дея эслайди Аркадий.

22 июлда Алексей Металлурглар посёлкасида тупроққа қўйилди. У ўлганидан сўнг ота-онаси ажрашиб кетишди.

“Дафн маросимидан олдин хотиним ва унинг дугоналари билан ўтирувдик, – ҳикоясини давом эттиради Аркадий. – Хотиним ичиб олганидан сўнг мени ҳақорат қилишга тушди. Пи***с, х**сос деган сўзларни ундан илгари ҳам эшитардим. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Унга тарсаки тортиб юбордим. У бўлса тағин “мусор”ларни чақирди. “Тур йўқол бу ердан, пи****с”, деди. Майит кўмилганидан кейин уйдан кетдим”.

Аркадий хотини нега ўзини бунақа тутганини тушунмаслигини айтади. “Балки ўғлимнинг ўлими таъсир қилгандир”, дея тусмоллайди у. Ҳозир Ударцев Тюмень шаҳрига кўчиб кетишни ва у ерда иш топиб, “янги ҳаёт бошлаш”ни режалаштириб юрибди. Хотини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эрини “блоклаган”, журналистлар билан гаплашишни эса умуман истамайди.

“Ўғил меники, унинг ҳасрати ҳам ўзимга тегишли, ҳеч ким бурнини суқмасин. Аркадийнинг қанақа оталигини эса бутун музофот билади”, деб ёзди Татьяна “Сибирь.Реалии” мухбирининг сўровига жавобан.

Аркадий Ударцевнинг ўзи 90-йилларда Чеченистон урушига кетишига бир баҳя қолганини айтади.

“Ўшанда аскар эдим, ҳаммамизга жетон тарқатиб, аэропортга олиб келишди. Ротамиз замполити ота-оналарни чақиртирган экан. Улар етиб келишгани ҳамон тўс-тўполон кўтариб, бизни қучоқлаб олишди. “Урушга юбормаймиз”, деб туриб олишди. Командирлар қўлидан ҳеч нима келмади”, дея эслайди у.

Бироқ у журналистнинг “Ўғлингиз Аркадийнинг командири шунақа вазиятда телефон қилганида, уни Украинага кетказмаслик учун аэропортга борган бўлармидингиз?” деган саволига жавоб бера олмади.

Форум

XS
SM
MD
LG