Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:28

МХДҚ: Бишкекда “ўзбекистонлик киллер”лар ушланди. Ижтимоий тармоқлар: Бу ажойиб спектакл бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўзбекистонлик “уч киллер қўлга олингани ва улар қонундаги ўғри Қамчи Колбаев ўлими учун қасд олиш мақсадида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтгани” ҳақида 14 октябрда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълум қилди.

Бу хабарга Ўзбекистон томони ҳозирча расман муносабат билдирмади. Ижтимоий тармоқларда эса бу воқеа қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бир қисми МХДҚни “тезкор ҳаракат қилиб, қотилларни қўлга олгани”ни олқишлади. Бироқ тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги бу воқеани “ажойиб томоша” сифатида баҳоламоқда.

МҲДҚ “киллер”лар кимдан буюртма олгани ва кимни ўлдириши лозим бўлганини очиқламади

МХДҚ ҳабарида қўлга олинганларнинг шахси очиқ айтилган ҳамда уларни қўлга олиш жараёни тасвирланган видеони эълон қилган. Видеода махсус хизмат ходимлари Бишкекда ҳаво совуқ бўлишига қарамай, енгил кийимларда қочиб бораётган уч шахсни қувлаб етгани, ва уларни ерга ағдариб, қўлини қайириб, кишан ургани акс этган.

МХДҚ видеосида қўлга олинганларнинг юзлари аниқ кўрсатилган. Уларнинг қўлларига кишан урилаётган пайтда МХДҚ ходимлари уларнинг юзларини камерага кўрсатиб, исмларини айтишни талаб қилган.

Видеода “Альфа” махсус отряди ходимлари қўлга олинганларнинг ҳар бирига кета-кет “Исмингиз нима? Туғилган йилинг? Туғилган жойинг” деган саволларни беради ва юзтубан ерда ётганларнинг бошларини сочларидан тортиб камерага кўрсатади. Қўлга олинганлар бу саволларга “Рустамов Азамат Шухратович, 1996 йил 10 августда туғилганман, Ўзбекистон”, “Каримбердиев Ойбек Аббос ўғли, 1997йил, 27 июнь, Ўзбекистон”, “Абдуғаффоров Исломхон, 13 март, Тошкент”, деб жавоб қайтарган.

Бишкекда гўёки "ўзбекистонлик киллерлар қўлга олинди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:53 0:00

"Тергов ишлари давомида қўлга олинганлар берган кўрсатмасида, ўзларига жиноят олами вакиллари томонидан Қамчи Колбаев ўлими учун қасд олиш мақсадида бир одамни йўқ қилиш бюрилганини айтишган. Аниқланишича, улар бир қатор фуқароларнинг ўлдирилишига ҳам алоқадор ва қидирувда бўлган. Қўлга олинган шахслар 2023 йилнинг 13 октябрида Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларига ўтказиб берилди",- дейилади ҳабарда.

Лекин МХДҚ расмий баёнотида қўлга олинган шахслар қайси давлат жиноят олами вакилларидан ёки айнан кимдан ва кимни ўлдиришга буюртма олганлари айтилмаган.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга расмий муносабат билдирмади. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан бу борасда изоҳ олишнинг имконияти бўлмади.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик бу воқеани “спектакл” сифатида баҳоламоқда

Махсус хизматларнинг қўлга олиш амалиётлари тасвирланган видеолар қирғизистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли бахсларга сабаб бўлди. Қўлга олишлар акс этган видеолар аксар TikTokда кўп тарқалди.

Баъзилар жиноятчиларнинг қўлга олинганини олқишлади, бироқ кўпчилик уларнинг киллер эканига шубҳа билан қаради.

Масалан, “Убакит корсотот” (“Вақт кўрсатади”) канали муаллифи “Оддий нон, сомса пишириб юрган ўзбекларни қўлга олиб, уларни “киллер” сифатида кўрсатиб, ўзининг нуфузини оширмоқчи бўляпти.#киллер бундай бўлмайди # уларнингбашарасини кўрдик”, деб фикр қолдирган.


Kuba исмли блогер "Қирғизистонда жиноятда гумонланиб қўлга олинаётган бўлса, ишни Ўзбекистон тергаса, бу ҳам эртак экан-да", деб муносабат билдиради.

TOLON_1999: "Ўта ёқимли қолаверса энг яҳши қисқа метражли спектакль бўлибди", Шайирбек: "Нега ўзбекистонлик, Қирғизистонда кино олишга актёр йўқмикан?", biybol2010: "Мендан ўч олиб, калтаклагани келса ишонса бўлади, МХДҚдан қасос олиш учун учовигина келмаса керак, булар усталарга ўхшаяпти", деб фикр қолдирган.


Тилекмат Куренов эса “Фейсбук саҳифасида “Ташиевни (МХДҚ раиси-муҳаррир) ўлдиргани келган киллер ҳеч қачон тирик қўлга тушмайди. Қорни катта новвойлар эмас, махсус тайёргарликдан ўтган худкуш келар эди”, деб шубҳа билдирган.

Бу ижтимоий тармоқлардаги муносабатларнинг жуда оз бир бўлагидир.

“Қонундаги ўғри” Қамчи Колбаевнинг ўлдирилиши ва ундан кейинги воқеалар

Қамчи Колбаев Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрда Бишкекдаги “Блондер паб” кафесида ўтказган амалиётда ўлдирилган эди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси иддаосича, тадбиркорларнинг мулкини ноқонуний йўл билан тортиб олиш иши доирасида ўтказилган махсус амалиётда Колбаев қуролли қаршилик кўрсатган.

Криминал авторитет ҳодиса жойида ўқотар қуролдан олган жароҳат оқибатида вафот этгани айтилди.

Амалиёт чоғи махсус хизмат вакиллари ёки фуқаролар жабрланмаган.

Махсус хизматлар бунинг ортидан Қамчи Колбаев билан алоқадор бўлгани айтилган 40 дан ортиқ одамни жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари сифатида қўлга олган.

Бундан ташқари, Қамчи Колбаевга тегишли дейилган умумий қиймати 1 миллиард долларлик мулк ҳибсга олингани билдирилди.

Бишкек, Ўш ва бошқа ҳудудларда уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорлиги айтилиб, бир қатор фуқаролар қўлга олинмоқда. Улар сафида тадбиркорлар, қурилиш компаниялари раҳбарлари, Чўлпонота шаҳрининг собиқ мэри ва бошқалар бор.

Сўнгги йилларда номини Қамчи Асанбек деб ўзгартирган Коля қирғиз лақабли Қамчи Колбаев МДҲдаги энг таъсири кучли бўлган “Қонундаги ўғри” сифатида кўрилган. У бир неча марта қотиллик, наркотик савдоси ва бошқа жиноятларда айбланиб қўлга олинган, аммо кўп ўтмай озод қилинган эди.

Қамчи Колбаев дафн этилганидан сўнг Қирғизистонда жиноят олами авторитетларидан деб кўрилган қатор шахслар ижтимоий тармоқларда видеомурожаат эълон қилди.

Биринчилардан бўлиб чиқиш қилган, “Соқол” лақабли Улан Тўқтўсунов, “Женго” лақабли Қадирбек Дўсўнов ва ”Узун улан” лақабли Улан Барчакеев видеоларида жиноят олами билан алоқаларини узганлари, ўзларининг жиноий доирадаги мақомларидан воз кечганлари ва бундан буён қонунга амал қилган ҳолда яшашларини айтганлар.

Шундан сўнг 8 октябрда яна икки киши – ўзини Ўш шаҳрининг “смотряшчийси” деб тақдим этган Алмаз Эрмекбаев ва Норинда Қамчи Колбаев жиноий гуруҳининг аъзоси бўлганини тан олган Нурлан Ўмўкеевлар ҳам мана шундай баёнот билан чиққанлар.

11 октябр куни, Қирғизистон Миллий ҳавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати Бишкекда Грек-рим кураши бўйича федерация вице-президенти, асли ўшлик 36 ёшли Ахрор Иминов уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштиришда айбланиб қўлга олинганини ҳабар қилди.

Маҳсус хизмат тарқатган маълумотда айтилишича, Иминов Қамчи Колбаев жиноий гуруҳи баъзи аъзоларига молиявий кўмак кўрсатган. У Жиноий кодекснинг "Уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш" юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида қўлга олинган.

Ахрор Иминов юк ташиган бир қатор компания ишига аралашиб, улар фойдасининг тахминан 30 фоизини жиноий гуруҳларнинг умумий кассасига йиғишда иштирок этгани айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG