Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:17

Ароқ дўкони ҳақидаги пости учун калтакланган блогернинг йиртилган оғзи тикилди (ВИДЕО)


Блогер Отабек Нуритдинов
Блогер Отабек Нуритдинов

Андижон вилоят, Асака шаҳрида яшайдиган блогер Отабек Нуритдиновнинг иддаосича, у 18 февраль куни шаҳар касалхонаси ҳовлисида масжид яқинида спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи тадбиркор томонидан калтакланган.

Калтакланган блогернинг Фейсбукда ёзишича, жанжалга унинг масжидга яқин жойдаги ароқ дўкони ҳақида эълон қилган пости сабаб бўлган.

Отабек Нуритдиновга туширилган мушт натижасида, унинг оғиз бўшлиғидаги жароҳатлар тикилган, суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.

Асака шаҳар ички ишлар мулозими бу воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.

Блогер Отабек Нуритдинов унга нисбатан қилинган жисмоний тажовуз оқибатларини аниқлаш мақсадида 18 февраль куни суд-тиббий экспертизасига мурожаат қилган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган блогернинг онаси Матлуба Қурбонованинг айтишича, экспертиза хулосаси, ҳозирча уларнинг қўлига берилмаган:

Врач билан гаплашсам, ичидан бешта, ташқарисидан битта чок солдик деди.


- Экспертиза қилди, лекин ҳозирча қўлимизга ҳеч қандай қоғоз бермади. Ички ишлардан қандайдир қоғоз керак экан, уни олиб келсак хулосани берар экан. Кейин экспертиза бизга касалхонага йўлланма берди. Вилоят касалхонасига бориб, ўғлимнинг ёрилиб кетган оғзини тиктирдик. Врач билан гаплашсам, ичидан бешта, ташқарисидан битта чок солдик деди.

Блогер Отабек Нуритдинов Асакадаги Холид Ибн Валид масжидига яқин жойда ароқ дўкони борлиги ҳақида пост қўйганидан кейин 18 февраль куни шу дўкон эгалари: бир аёл ва унинг икки ўғли томонидан калтаклангани ҳақида Фейсбукда эълон қилган постида ёзди.

Матлуба Қурбоновага кўра, Андижон шаҳар ички ишлар бўлими мулозими айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилишига ваъда берган:

- Албатта чорасини кўрамиз, деди. Бу ерда ҳеч ким у аёлга сизларнинг телефон рақамингизни ҳам, адресингизни ҳам бергани йўқ. Агар шундай деб ёлғон айтган бўлса жавобини беради, деди биз билан бирга юрган ички ишлар мулозими.

Матлуба Қурбонованинг айтишича, ўғлини урдирган аёл аввал уларнинг уйига борган:

Улар аввал яхшилик билан постингизни олиб ташланг дейишди.


- Бугун неварамиз, Отабекнинг ўғлини тез ёрдам касалхонасининг реанимация бўлимига ётқизган эдик. Қаттиқ шамоллаб қолган экан. Ўғлим билан бирга касалхонада эдик. Шу пайт уйдан қўнғироқ қилишиб, ўғлимни сўраётганини айтишди. Касалхонада эканлигимизни айтдим. Орадан кўп ўтмай бир аёл, менимча исмини Дилноза деди, икки ўғли билан келди. Ўша масжиднинг олдида арақ сотадиган дўкони бор экан. Ўғлим стоянкада эди. Уларни ўғлимнинг олдига олиб бордим. Отабек масжиднинг яқинидаги ароқ дўкони деб пост қўйган экан. Улар аввал яхшилик билан постингизни олиб ташланг дейишди. Ўғлим агар ҳаммаси қонуний бўлса нега хавотир бўласиз, олиб ташламайман деди. Кейин иккита ўғли бирданига ўғлимга ташланиб қолди. Биттаси ўғлимнинг оғзига мушт туширди. Вой-дод, дедим. Ўғлимни судраб шундай мошинани ичига қамаб қўйдим.

Асака шаҳар ИИБнинг исми сир қолишини сўраган ходимларидан бири терговчилар бу воқеани ўрганиш учун чиқиб кетганини Озодликка айтди:

- Ким айбдор бўлса, ҳаммасига қонуний чора кўрилади.

Озодлик блогерга ҳужум қилган оила аъзолари билан боғлана олмади.

Блогер Нуритдинов ўтган йилнинг 30 декабрида Андижон вилоят маъмурий суди томонидан туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбланиб, 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор, деб топилган. Бундан ташқари блогерга БҲМнинг 60 баробари миқдорида жарима ҳам солинган. Блогер ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган.

Ўзини таништиришни истамаган манбанинг айтишича: “Нуритдинов асосан Андижон вилояти ва Асака тумани хокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-торож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”.

XS
SM
MD
LG