Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:38

Қирғизистон: Журналист ва блогерларни қамаш кўпайди


Суратда (чапдан ўнгга) Адилет Балтабай, Семетей Талас ўғли, Ирис Жекшеналиев.
Суратда (чапдан ўнгга) Адилет Балтабай, Семетей Талас ўғли, Ирис Жекшеналиев.

Қирғизистонда сўнгги бир неча кун ичида уч нафар блогер ва журналистга нисбатан суд жараёнлари бўлиб ўтди. Қирғизистонлик фаоллар бунинг ортидан мамлакатда сўз эркинлигига босим кучайганидан бонг урмоқда. Аммо қирғиз ҳукумати мамлакатда сўз эркинлигига босим кўрсатилаётгани тўғрисидаги баёнотларни инкор этмоқда.

Блогер Aдилет Балтабай 19 апрелда қамоқдан чиқди

19 апрел куни Қирғизистон Олий суди номи билан танилган блогер Aдилет Aли Миқтибекка нисбатан биринчи инстанция- туман судининг қарорини ўз кучида қолдирди ва иккинчи инстанция - Бишкек шаҳар суди ҳукмини бекор қилди. Туман суди Aли Миқтибекни 3 йил шартли равишда озодликдан маҳрум қилган эди. Бишкек шаҳар суди эса туман судининг бу қарорини бекор қилган ва уни қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Блогернинг адвокати Нурбек Сидиқовга кўра, Aдилет Балтабай 19 апрель куни Бишкек шаҳридаги 27-сонли қамоқхонадан озодликка чиқарилган.

Балтабай 2022 йил 30 июнь куни ҳибсга олинган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизликлар” моддаси бўйича айблов эълон қилинганди. Блогернинг ҳибсга олинишига унинг Фейсбукдаги пости сабаб бўлган. Экспертиза мазкур постда “қонунга бўйсунмасликка чақириш, зўравон норозилик намойишларига чақирув аломатлари бор” деган хулоса берган. Балтабайнинг ўзи бу айбловларни рад этади.

2022 йил 11 ноябрь куни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди блогерни айбдор деб топди ва уни уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. Прокуратура Aдилет Балтабайга нисбатан енгил жазо қўллангани деб Бишкек шаҳар судига протест киритган. У тергов изоляторидан чиққанидан кейин ҳам мамлакатдаги сиёсий воқеаларга фуқаролик позициясини билдирган ва шу йилнинг 10 январида Бишкекда Кампиробод иши бўйича қонунийликни талаб қилган намойиш чоғида яна ҳибсга олинган.

12 январь куни Бишкек шаҳар суди фаолни қамоқ жазосига ҳукм қилган. Фаолнинг адвокати шаҳар судининг қарори устидан Олий судга шикоят қилган.

Блогер Фейсбукдаги саҳифасида Бишкекда ўтган турли митинг ва намойишларни жонли равишда ёритиб келган. Шунингдек, ўзи ҳам Қирғизистонда казиноларнинг қайта очилишига қарши бир қанча акциялар уюштирган.

Журналист Семетей Талас ўғли бир йилга шартли кесилди

18 апрель куни Фейсбукдаги саҳифасида диний маълумотларни ўртоқлашгани учун жиноят иши қўзғатилган журналист Семетей Талас ўғлига ҳам суд ҳукми чиқди. Биринчи Май туман суди уни экстремистик материалларни тарқатишда айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд журналистни жазони ижро этишдан озод қилди ва бир йиллик шартли жазони ўташ ҳақида қарор чиқарди.

Журналист суд қарори устидан юқори суд инстанциясига шикоят қилиш ёки қилмасликни адвокатлар билан маслаҳатлашганидан кейин ҳал қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Aфғонистонга оид материални “беихтиёр ўртоқлашгани учун айблангани”ни билдирган.

Семетей Талас ўғли ўтган йилнинг 1 ноябрида ҳибсга олинган ва кейинроқ уй қамоғига чиқарилган эди.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) журналистга нисбатан Жиноят кодексининг 322-моддаси 1-қисми (экстремистик материалларни тайёрлаш ва тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ва мазкур ҳолат Миллий хавфсизлик қўмитасида қайд этилганини маълум қилган. Милициянинг хабар беришича, суд-лингвистик экспертизаси у “Қирғизистонда тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилоти ҳақидаги маълумотни ўртоқлашган” деган хулосага келган.

Семетей Талас ўғли мустақил журналист сифатида танилган. У асосан уюшган жиноий гуруҳлар ва коррупция мавзуларида мақолалар ёзган. Сўнгги йилларда у мустақил журналист сифатида ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жамиятда содир бўлаётган турли воқеаларга ўз фикрини фаол билдириб келмоқда.

Блогер ва журналистларга босим кучайган

Блогер Ирис Жекшеналиев суд залида.
Блогер Ирис Жекшеналиев суд залида.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда турли сиёсий воқеаларга ўз фикрини билдириб келаётган блогер ва журналистларга босим кучайган.

“Журналист Болот Темиров Қирғизистондан мажбуран чиқариб юборилганидан сўнг кўпчилик ўз фикрини эркин билдиришдан чўчиб қолди. Авваллари сиёсатчилар жамиятдаги баҳсли мавзуларда ўз фикрларини очиқ билдирган бўлса, ҳозир жим. Адилет Балтабайни туман суди шартли равишда озод қилган эди. Аммо у турли акцияларда иштирок этишда давом этаверди. Шундан сўнг кейинги инстанция суди уни қамоққа олди. Шартли жазо одамни қамоқда сақлашга ўхшайди. Бирор киши тўлиқ озод қилинмайди ёки қамоққа юборилмайди. “Хулқ-атворингизга қараймиз” дегандек туюляпти”, - дейди сиёсатшунос Нурбек Оқилбек.

Сиёсатшунос тилга олган журналист Болот Темиров Temirov LIVE YouTube-канали асосчиси. Сўнгги пайтларда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бир неча бор мазкур канал танқидига нишон бўлган. Бу суриштирувлар ортидан шу йил январида Болот Темировга қарши жиноят иши қўзғатилган. У ноқонуний равишда наркотик сақлаганликда гумонланган. Бишкек шаҳар суди 2022 йилнинг 23 ноябрь куни қуйи инстанция суди ҳукми бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқиш асносида журналист Болот Темировни Қирғизистондан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарган.


Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ижтимоий тармоқлардаги фикри учун жаримага тортилган ёки жавобгарликка тортилганлар сони кўпайди. Улардан бири 20 ёшли блогер Ирис Жекшеналиевдир. Унга нисбатан суд жараёни давом этмоқда.

Ирис Жекшеналиев ўтган йилнинг август ойида ҳибсга олинган. Бунга унинг собиқ МХХ раиси Абдил Сегизбоевнинг Жетим-Тўў ҳақида гапиргани акс этган эски видеони “Полит Узник” саҳифасида эълон қилгани сабаб бўлган. Бишкекдаги тергов изоляторида икки ой ўтирганидан кейин Бишкек шаҳар суди уни ўтган йилнинг 26 октябрида уй қамоғига чиқарган.

Фаолга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 3-қисми (“Тартибсизликлар”) (“Ҳокимиятнинг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга чақириш”) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу туфайли Жекшеналиев Юридик академиядан ҳайдалган. Кейинчалик у ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлди. У қўйилган айбловларни рад этади. Прокурор эса, блогерни олти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўрамоқда.

“Қирғизистонда 100 минглаган одам Фейсбукдан фойдаланади. Улар орасида мухолифатчи сиёсатчилар Адахан Мадумаров ёки Равшан Жээнбековнинг ҳам видеоларини эълон қилганлар кўп. Ирис Жекшеналиев ҳам худди шу каби видеони жойлаштирган. У ташвиқот қилмаган ёки фикр ёзмаган. Абдил Сегизбоевнинг сайловолди видеосини тарқатгани учун қамоққа ташлаш нафақат Ирис Жекшеналиевга, балки ҳаммага босимдир”, - дейди Нурбек Оқилбек.

Халқаро Фридом хаус ташкилоти “Дунёдаги эркинлик – 2023” деб номланган янги ҳисоботида Қирғизистонни қаторасига учинчи йил “эркин бўлмаган” давлатлар қаторига киритди. Ташкилот мамлакатда сиёсий ҳуқуқлар чеклангани, оммавий ахборот воситалари босим остида қолгани билдирган.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати мамлакатда сўз эркинлигига босим кўрсатилаётганини инкор қилиб келади. Қирғиз ҳукумати фикрича, сўз эркинлиги фуқароларга муайян масъулиятни ҳам юклайди. “Қирғиз туусу” газетаси бош муҳаррири Мирзакат Тиналиев қирғиз ҳукуматининг бу позициясини қўллашини билдирди:

“Мен ҳам сўз эркинлигини қўллаб-қувватлайман. Аммо ижтимоий тармоқлардаги баҳс одамлар ўртасида низоларни келтириб чиқармоқда. Сиёсатчиларнинг тарафдорлари ва мухолифлари, диндорлар ва динсизлар ўртасида тортишувлар қизиб бормоқда. Бу хавфли кўриниш. Бу ҳолат ижтимоий тармоқлар доирасидан чиқиб, реал ҳаётга кўчиши мумкин ”, - дейди Тиналиев.

Ўзбекистон билан параллеллар

Мустақил Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Мирзиёев ҳукмронлигининг илк йилларида сўз эркинлигига эътибор қаратаётгандек бўлди. Давлат раҳбари 2020 йил декабрь ойидаги йиллик мурожаатида “Ошкоралик ва сўз эркинлиги... замон талаби, Ўзбекистонда ислоҳотлар талаби”, деб атаган эди. Мирзиёев 2021 йил февралида журналистларни “ютуқ ва камчиликларимизни халқимизга ҳаққоний етказувчи куч” деб атаган эди.

Аммо 2021 йилда, Мирзиёев ҳокимияти даврида Термиз шаҳридан блогер Отабек Сатторий бир нечта товламачилик ва бир туҳматда айбланиб, 6,5 йилга қамалди.


Февраль ойида яна бир блогер Абуқодир Мўминов ҳам худди шундай айблов билан ҳибсга олинган эди. Youtube’даги канали 240 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Мўминов Мирзиёевнинг ўзини танқид қилишга журъат этган оз сонли блогерлардан биридир.

Ўтган йил февралида Ўзбекистонда икки блогер - Фозилхўжа Орифхўжаев ҳамда Миразиз Бозоров ўз чиқишлари учун озодликдан маҳрум қилинди.

Уларнинг биринчиси диний масалаларда зиддиятли чиқишлари билан танилган бўлса, иккинчиси Ўзбекистон ҳукуматига қарши коррупция айбловлари ва Жиноят кодексидан «Бесоқолбозлик» моддасини чиқариш ҳақидаги чақириқлари билан танилган.

Шу йилнинг 3 март куни қирқдан зиёд фаоллар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Ўзбекистонда “матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда” ёрдам сўрашди.

Журналист, блогер ва жамият фаоллари имзолаган ушбу очиқ мурожаатда кучли цензура, жиддий тўсиқлар, босимлар ва қўрқитишлардан шикоят қилинган.
Ушбу мурожаатнома кейинги пайтда блогер ва журналистларга нисбатан “ов” кетаётган бир пайтда эълон қилинди.

Худди шу куни Қашқадарё суди блогер Элмурод Одилнинг апелляция аризасини қондирмади. Газ ва свет мавзусини фаол ёритган, сенат раиси истеъфосини талаб қилган блогер феврал ойда 15 суткалик жазони ўтаб чиққан эди.

Март ойининг илк кунларида танқидий чиқишлари билан танилган блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинган эди.

Президент танқидчиси бўлган блогер Абдуқодир Мўминов, “Kompromatuzb” иши доирасида ушланган журналист Хуршид Далиев, Мавжуда Мирзаева, Сиёвуш Ҳошимов ва яна бир қанча журналист ва блогерларнинг ҳибсдаги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Мирзиёев ҳамда унинг оиласини непотизм ҳамда коррупцияда айблаб келган тошкентлик блогер Шоҳида Саломова эса қамоққа олинганидан сўнг «руҳий ҳолатини текшириш» важи билан тиббий муассасага жойлаштирилган.

Форум

XS
SM
MD
LG