Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Карантин пайтида Бойсун бозоридан савдогар аёллар куч билан чиқарилди (ВИДЕО)


Бойсун деҳқон бозоридаги савдогарлар 23 апрель куни бозор кўчирилишига норозилик билдирди
Бойсун деҳқон бозоридаги савдогарлар 23 апрель куни бозор кўчирилишига норозилик билдирди

Сурхондарё вилоят, Бойсун туман марказидаги деҳқон бозорида савдо қиладиган аёллар 23 апрель куни эрталаб ҳокимнинг буйруғи билан куч ишлатиб бозордан ҳайдаб чиқарилди.

Аёлларнинг Озодликка айтишича, шаҳар четида янги қурилган бозорга мажбуран кўчириш учун жалб қилинган ички ишлар ходимлари, уларни уриб, сўкиб ва судраб ваҳшийларча муносабатда бўлишган.

Бойсун туман ҳокимлиги мулозими ички ишлар томонидан зўравонлик бўлганини рад қилди ва бозорда савдо қилаётган одамлар кўчирилиш ҳақида бир неча бор огоҳлантирилганини айтди.

Бойсунда бозорчилар кўчирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:52 0:00

Бойсун деҳқон бозорида мева-сабзавот билан савдо қиладиган, беш фарзанднинг онаси Шаҳринисо Салимованинг айтишича, 23 апрель куни эрталабдан туман ҳокими Асқарали Жўраев бошчилигида келган ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари уларни зўравонлик билан бозор ҳудудидан ташқарига чиқариб ташлаган:

Нечтамизни уриб йиқитди, молга ўхшаб судраб олиб кетди.


- Мен ҳокимга, бово бешта сағирим бор, эрим ўлган, янги бозорда ҳали жой йўқ, шароит йўқ, қўйинг бир тирикчилигимизни қилайлик, десам милиция ходимлари сўкиниб, тортиб, судраб ташқарига олиб чиқиб ташлади. Нечтамизни уриб йиқитди, молга ўхшаб судраб олиб кетди. Милиция бошлиғи олиб бор камерага тиқ деб буйруқ беряпти, улар эса битта-битта ушлаб судраб олиб кетяпти. Мени давлениям чиқиб бозорнинг ўртасига йиқилиб қолганман. Бошқа аёлларнинг нечтасини тез ёрдам олиб кетди. Роса қиёмат бўлди.

Шаҳринисонинг иддао қилишича, улар бошқа бозорга кўчирилиши ҳақида аввалдан огоҳлантирилмаган.

Яна бир бозорчи аёл Муҳайё Хурсандованинг айтишича, бозорни фавқулодда кўчириш ҳақида гап бўлмаган:

Карантин пайтида халқни шунча қийнаб, азоб бериш керакмиди?


- Икки кун олдин рейка сотиб олиб ўзларингни жойларингни чиройли қилинглар деб айтишган эди. Мен ўзим 80 минг сўм сарф қилиб жойимни чиройли қилиб қўйган эдим. Бугун эрталаб соат бешдан ҳаммани судраб, чиқ кўчага деб, бозорни ёпишди. Биз бу халққа қулай, шаҳарнинг ўртасида, жойида қолсин деб талаб қиляпмиз, лекин бизнинг гапимизни ҳеч ким эшитмади. Аксинча, ҳаммани уриб сўкиб, ҳушидан кеткизиб ташлади. Неча киши йиқилди, неча кишига тез ёрдам келди. Ҳоким ўз оғзи билан буларнинг ҳаммасига уйқу дори беринглар деганини бутун халқ эшитди. Кейин қолганлар янги бозорга бордик, жойнинг ўзи ҳали йўқ, ҳамма бир-бирига қараб ўтирибди. Бугун деҳқонлардан улгуржи сотиб олган ҳўл мева сабзавотларимиз ҳам сўлиб тамом бўлди. Карантин пайтида халқни шунча қийнаб, азоб бериш керакмиди?

Бойсун тумани Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимининг бошлиғи Саодат Жўрақулова 23 апрель кунги бозорни кўчириш тадбирида иштирок этганини айтар экан, бозорчиларга нисбатан қаттиқ куч қўлланилмаганини билдирди:

Ҳоким бовонинг ваъдаси бор, янги бозорда олти ой ҳеч ким патент тўламайди.


- Бу ерда ИИБ, Миллий гвардия, ҳокимлик ҳаммаси бор эди. Ўзлари бориб ИИБ ходимларини туртиб олаверса, улар ҳеч бўлмаса жим туринг деб айтадику. Уларга нисбатан қаттиқ куч ишлатилмаган. Фақат тартибга солинди. Бир-икки аёл асабийлашди. Ҳоким бовонинг ваъдаси бор, янги бозорда олти ой ҳеч ким патент тўламайди. Ҳамма бирданига кўчгани учун жой ажратишда бироз камчилик бўлди. Кечаси билан ҳаммасини нумерация қилиб, эрталаб ҳаммаси жой-жойига тушади.

Саодат Жўрақулова бозорчи аёлларнинг қон босими кўтарилиши мумкинлигини инобатга олиб, аввалдан тез ёрдам чақиртириб қўйилганини айтади:

- Аёллар бақиравергани учун давлениеси ошиб мазаси қочади, деб духтур чақирдик.

Карантин пайтида бу тадбирнинг ўтказилиши қанчалик тўғри, деган Озодлик саволига Саодат Жўрақулова шундай деб жавоб берди:

- Бозорнинг олди ҳар куни пробка, катта мошинлар юк олиб кетади, ўтиш-қайтиш, ҳамма нарса ниҳоятда қийин бўлиб қолди. Ҳоким уч ойдан буён ҳар куни эрталаб бозорга боради. Мана сизлар учун шундай қулай ва чиройли бозор қилдик, кўчинглар деб илтимос қилади. Аёлларга нисбатан куч ишлатилмаган.

Бойсун тумани ҳокимидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши, ёймачиларнинг тирикчилик манбаидан жудо қилиниши уларнинг кескин норозилиги манзарасида кечади.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил, 27 мартдаги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатда бозорлар реконструкция қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг бошқа ўнлаб шаҳарлари бозорларидаги дўконларнинг ёпилиши ёки бузилиши савдогарларнинг норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG