Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:33

Москва Браудерни Магнитскийнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилмоқда


Билл Браудер (суратда) россиялик юрист Магнитскийнинг иш берувчиси эди.
Билл Браудер (суратда) россиялик юрист Магнитскийнинг иш берувчиси эди.

Россия бош прокуратураси британиялик молиячи Билл Браудерга қарши янги айловларни илгари сурди. Энди у россиялик коррупцияга қарши курашчи Сергей Магнитскийнинг 2009 йил қамоқда ўлишига аралашганликда гумон қилинмоқда.

Браудер россиялик юрист Магнитскийнинг иш берувчиси эди. Қамоққа олиниб, қийноққа солиниб, қамоқда ўлган юрист Кремль аралашиб қолган оммавий фирибгарликни фош қилиш устида иш олиб бораётган эди.

Бош прокурор ўринбосари Николай Атмоньевнинг 19 ноябрь куни Москвада журналистларга Магнитскийнинг “кимёвий модда билан заҳарлаб ўлдирилиши”да Браудернинг қўли бўлиши мумкинлигини, қолган уч шахс устидан эса, тергов олиб борилаётганини айтди.

Атмоньевга кўра, Браудер жиноий гуруҳ ташкил қилганликда айбланди, энди унинг исми халқаро қидирувдаги шахслар рўйхатига қўшилади, Россиядаги мулки эса мусодара қилинади.

Бир вақтлар Браудер Магнитскийнинг ўлимида қўли бор россиялик расмийларга қарши санкция жорий этилишини глобал миқёсда қўллаб-қувватлаш ишига бош-қош бўлган эди. У расмий Москванинг ўзига қарши айбловларини асоссиз, сиёсий сабабларга кўра ва фаолияти учун ўч олиш мақсадида қилинаётган иш деб атаб, қайта-қайта рад этиб келмоқда.

2017 йил декабрида Москва суди Браудерни 3 миллиард рубллик (48 миллион доллар) солиқни тўламаган деб сиртдан айбдор деб топди ва 9 йилга кесди. Яна унга 200 минг рубллик (3500 долларга яқин) жарима солинди ва Россияда уч йилгача бизнес қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Британияда истиқомат қилувчи Браудер бошқа мамлакатларни ҳам 2012 йили АҚШда қабул қилинган “Магнитский акти”га ўхшаш қонунлар қабул қилишга даъват этди. Ушбу қонун Магнитский ўлимига аралашиб қолган русларга виза беришни тақиқлаш ва активларини ҳаракатдан тўхтатиб қўйишни назарда тутади.

Камида 5 та мамлакат “Магнитский акти” асосида санкциялар жорий қилди.

Бош прокуратура 19 ноябрда Браудернинг айбдор эканини тасдиқловчи бирорта ҳам материал тақдим этмади. Бироқ матбуот котиби Александр Куреннойнинг билдиришича, Магнитский билан бир хонада турган журналист Олег Лурье уни Браудер заҳарлаган бўлиши мумкин деб айтган.

Браудер май ойида Испанияда Россиянинг Интерпол орқали ҳибсга олиш ордерига кўра қисқа муддат қўлга олинган эди.

Ўшанда у Испанияга ушбу мамлакатдаги “Россиянинг мафияга аралашиб қолган прокурорлари”га қарши “Магнитский иши бўйича Испанияга келган улкан миқдордаги пул” ҳақида гувоҳлик бериш учун келган экан. Бу ҳақда унинг ўзи ўша пайт Тввитер орқали хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG