Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Саратон танада тарқалишига олиб келувчи 11ген аниқланди


Канаданинг Алберта университети тадқиқотчилари танада саратон тарқалиши олдини олишда муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган генларни аниқлади.

Nature Communications илмий журналида чоп этилган мақолада эътироф этилишича, янги аниқланган генларга тўсиқ қўйиш 99,5 фоиз ҳолатларда тирик ҳужайраларда саратон метастази олдини олган.

Мақола муаллифларидан бири Жон Льюис:

- Саратонга чалинган барча берморларнинг 90 фоизи метастаз туфайли вафот этади. Ушбу изланишимиз билан метастазни тўхтатишнинг 11 потенциал услубини кўрсатиб бердик, - деди.

Тадқиқот муаллифлари қуш эмбриони ёрдамида саратон ҳужайралари ўсиши ва тарқалишини кузатган.

Тажриба давомида сочтўғноғич шаклидаги қисқа РНК (shRNA) векторилари саратонли ҳужайраларга киритилган.

Натижада, бу РНКлар муайян генларга ёпишиб, уларнинг ҳаракатга келишига тўсқинлик қилган.

Бунинг ортидан ушбу саратонли ҳужайралар эмбрионларга киритилган.

Натижада, мазкур ҳужайралар саратон бирикмаларини ҳосил қилган ва қайси ҳужайраларда метастаз йўқлигини кўрсатиб берган.

Мақола муаллифларидан бири Константин Столетов:

- Саратоннинг зич колонияларини топдик, натижада метастаз учун барча йўллар бекилди, - деди у. - Бунинг ортидан уларни ажратиб олиб, қайси ген эканлигини аниқлашга ҳамда ген метастаз учун чиндан масъул эканлигини аниқлашга муваффақ бўлдик.

Шу йўл билан Льюис бошчилигади гуруҳ метастазда роль ўйновчи 11 генни аниқлаган.

Эндиликда улар метастазга алоқадор генларни дорилар ёрдамида тўхтатиш устида бош қотиради.

Шунингдек, кейинги йилларда инсон ҳужайралари билан тажрибалар ўтказилади.

Тадқиқотни Канада саратон жамияти ҳамда Алберта саратон жамғармаси молиялаштирган.

XS
SM
MD
LG