Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:26

“Чала ҳарбийлар”. Украинада жанг қилган кўнгилли аскарлар қандай алданишмоқда?


Украина урушида Россиянинг нафақат хизматдаги ҳарбийлари, балки “кўнгиллилар” ҳам иштирок этишмоқда. Ёзгача уларни “БАРС” (боевой армейский резерв страны – мамлакатнинг жанговар армия захираси) батальонлари орқали жўнатишган бўлса, кейинроқ Россия ҳудудларида алоҳида батальонлар тузила бошланди. Фронтдан қайтган илк кўнгиллилар ўзларини алданган деб ҳис қилаётганларини тан олишмоқда.

Айтишадики, уларга фақат ойлик иш ҳақи тўлашган – бошқа моддий рағбатлантириш бўлмаган, бунақа ҳарбийлар ҳалок бўлганда тўланадиган расмий товон пули эса шартнома асосида жанг қилган кўнгиллиларникидан икки баравар кам экан. Озодликнинг татар-бошқирд хизмати – “Idel.Реалии” Украинадан қайтган эркаклар билан суҳбатлашиб, “БАРС” батальонлари, ҳукумат уларни “ҳақиқий ҳарбий” деб тан олишни истамаслиги сабаблари ҳақида сўраб-суриштирди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан барча кўнгиллиларнинг исмлари ўзгартирилган. “Idel.Реалии”га уларнинг чин исмлари маълум, улар Украинада жанг қилишганини тасдиқловчи далиллар таҳририятда мавжуд.

ВИКТОР

“БАРС” батальонларидан бирига мансуб кўнгиллиларни машиналарда Ростов вилоятидаги ҳарбий қисмгача элтиб қўядилар, Украинада икки ой хизмат қилган кўнгиллилар у ерда ҳужжатларини олиб, уйларига қайтишлари керак. Улар тушишгач, машиналар дарҳол жўнаб кетади.

Ҳарбий қисм трассадан тахминан 10 чақирим нарида, овлоқ ерда жойлашган, теваракда бирон қишлоқ йўқ эди.

Қисмдан офицер чиқади. У кўнгиллиларга елимхалталарга солинган телефон, паспорт ва ҳарбий гувоҳномаларни топширади.

– Ростовга қандай етиб олса бўлади? – сўрайди Виктор.

– Катта йўл ҳў анов ёқда, – тўнғиллайди офицер ва ортига бурилади.

Йигитларда нақд пул йўқ, трасса узоқ. Аммо начора. Анча яёв юриб, трассага чиқадилар ва ўткинчи машина ушлаш илинжида катта йўл ёқалаб кетаверадилар. Кўп ўтмай биқинига Z ҳарфи туширилган ҳарбий юк машинаси тўхтайди.

– Ҳа, йигитлар, Ростовгами? Қани, сакранглар, – дейди ҳайдовчи.

Бу ҳайдовчи ҳарбий қисмдан Ростов-Дон шаҳрига томон яёв йўлга чиққан аскарларга биринчи марта дуч келмаганига Викторнинг ишончи комил.

– У бизни Ростовгача элтиб қўёлмади, аммо лоақал “цивилизация”га етказди. Бир жойда ВТБ банкоматини топдик. Айримларнинг картаси қуп-қуруқ эди. Банк ходимлари батальондаги бирор ўн кишининг реквизитларини йўқотган, деб айтишганди. Менинг картамда бир неча минг рубль бор эди. Шуни нақдлаштириб, баҳам кўрдик ва уй-уйимизга етиб олдик. Мана шунақа муносабат. Вокзалга обориб қўйишганида ҳам майли эди, – аччиқланади Виктор. – Армияга ёрдам бергани ўз ихтиёримиз билан борган эдик, армия эса қадримизга етмади.

“Idel.Реалии” мухбирлари сўзлашган деярли барча кўнгиллилар бунақа муносабатни кутмаганларини тан олишди.

Чунончи, Викторга, ўзи айтишича, икки ойлик хизмати учун 330 минг рубль тўлашибди. Ҳолбуки 410 минг ваъда қилишган. “Мен кейинроқ пермлик, новгородлик қуролдошларим билан қўнғироқлашдим: айримлари сариқ чақа ҳам ололмапти, баъзиларига атиги 20 минг пул беришибди”, дейди у.

Виктор аввал ҳам хизмат қилган – жанговар тажрибаси бор. Дейдики, илгари ҳеч қаерда бунақа муносабатга дуч келмаган.

– Тавба, ҳатто бўлинмалар раҳбарлигига асл ҳарбийларни қўйишмайди! Бизнинг рота командири собиқ “мент” эди, жанг қилиш тугул қўлига қурол ушламаган, боз устига милициядан ҳайдалган кимса эди. У жанг тактикасини қаердан билсин!?. Мана шулар касофатига кўп талафот бердик! Бошқа батальонлар аскарлари билан гаплашиб турардик – уларда ҳам аҳвол худди шунақа эди.

Рота ва ҳатто каттароқ бўлинмаларга жанговар тажрибаси йўқ одамлар қўйилишини “БАРС” батальонларида хизмат қилган бошқа кўнгиллилар ҳам тасдиқлашди.

Бу – кўнгилли аскарлар тўқнаш келган ягона муаммо эмас. Улар тузукроқ уст-бош, қурол ва аскарий анжом йўқлигидан, кунлик ва қўшимча рағбатлантириш тўловларини ололмаганларидан ҳам ёзғиришади.

Бунинг сабаби, ўз сўзларига кўра, уларни ҳақиқий ҳарбий деб санашмаслигида. Муҳим масала – улар билан ҳарбий қисмда тузилган шартнома ва шартномага иккинчи томон сифатида ким қўл қўйгани. Суҳбатдошлар бу саволга аниқ-тиниқ жавоб бера олишмади.

Виктор шартнома Россия Мудофаа вазирлиги билан тузилган, деб ўйлайди. У Татаристон шаҳарларидан биридаги ҳарбий комиссариатга борганини ва Украинага бориш йўл-йўриғини, қандай чекловлар борлигини суриштирганини айтади. Военкомат уни ва республиканинг бошқа туманларидан келган бошқа кўнгиллиларни Қозон шаҳрига жўнатибди. “У ерда 40 кишини автобусга ўтқизиб, Ростов вилоятига йўллашди”, дейди у.

Ростовга боришгач, маҳаллий полковник улар билан суҳбат қилади. Сўнгра кўнгиллилар шартнома имзолайдилар ва ВТБ карталарини оладилар.

Виктор “иш ҳақимиздан уриб қолинишида Татаристондаги военкоматнинг айби йўқ, бунга аввало Ростовдаги ҳарбий қисм айбдор”, деб билади.

– Шартномалар Ростовдаги полигонда тузилиб, имзоланган эди. Биз шартномани Мудофаа вазирлиги билан туздик, деб ўйладик. Ҳужжатда ҳам, адашмасам, айнан шундай кўрсатилган эди. Бизни бошлаб борган подполковникка шу тўғрида савол берганимда у: “Сенлар Қуролли кучларга дахлдор эмассанлар, сенлар партизансанлар”, деб жавоб берди. Бундан чиқадики, биз “Аҳмат” батальонига ўхшаган тузилма эканмиз. “Аҳмат” жангчилари ҳам Қуролли кучларга мансуб эмас, улар ҳам кўнгиллилар саналади, – дея мулоҳаза қилади Виктор.

АЛЕКСАНДР

Бошқа бир “БАРС” батальони кўнгиллилари Ростов вилоятига қайтишгач, пулларини тўлиқ ололмаганларидан ва ҳарбий раҳбарият ўзини нопрофессионал тутаётганидан ғазабланишади. Улар генерални чақирадилар ва федерал трассани тўсмоқчи бўладилар.

– Биз 30 чоғли эдик, айримларда қурол бор эди. Украинадан кейинроқ қайтганлар ҳам бизга қўшилиб, ҳақларини талаб қила бошлашди. Ўшанда бизга май ойи маошини беришди, аммо жанг кунлари ва унвонга яраша устама ҳақларини барибир ундира олмадик, – дейди “БАРС”да хизмат қилган Александр.

У ҳам Татаристонда туғилган. “Idel.Реалии” билан суҳбатда у ойликнинг ўзини тўлашганидан норозилигини айтади.

– Ойига 205 минг рубль тўлашди, жанг кунлари учун кунига 8 мингдан махсус тўлов бор – уни беришмади. Унвон учун устама ҳам ололмадик. Юқорига арз қилдик, бироқ фойда бўлмади – биз улар учун нолмиз, ҳеч киммиз. Одамга алам қилади, – давом этади у.

Александр урушга қандай борганини эслайди.

– Кўнгилли сифатида Украинага бориш шартларини билиш учун военкоматга борувдим. Бизни ҳатто тиббий комиссиядан ҳам ўтказишмади: касалми, соғми – олаверишди! Сўнг қўлимизга биттадан халта тутқазишди ва Новочеркасскка олиб кетишди. Ўша ерда армиянинг эски-тускиси билан кийинтиришди, занг босган автоматларни тарқатишди. Биз бу қуролларни роса мойлаб, артиб эпақага келтирдик. Етти кун у ерда бўлиб, кейин фронтга жўнадик. Шартномаларни Новочеркасскда имзолаган эдик, лекин ҳужжатни ўқишга вақт беришмаган, шоширишган: биз ҳам орқа-олдига қарамай қўл қўйганмиз, – дея ҳикоя қилади Александр.

У бунақа бўлади деб сира ўйламаганини айтади.

– Ким билибди дейсиз! Фронтда қорнимиз овқатга тўймасди, сигарет ва бошқа оддий маиший эҳтиёжларимизни қондиришмасди. Аммо ўқ-дори бемалол эди, рост. Бир ўртоғим илк куниёқ ҳалок бўлган эди. Бугун эшитдимки, оиласига ҳеч қанақа ёрдам беришмапти. Бечоралар ўликни ҳам ўз ёнларидан кўмишган. Товон пулини тўлашмаган.

БОРИС

“БАРС”да жанг қилган Борис исмли бошқа бир кўнгилли ҳалок бўлган кўнгиллиларнинг оилаларидан айримлари товон пули олишганини, айрим оилаларга эса бир чақа ҳам тўланмаганини айтади:

– Эшитдим, яқинда Татаристонга “БАРС” жангчиларидан яна бирининг жасадини олиб келишаркан. Унинг қариндошлари 7 млн рубль товон пули олиш учун ҳужжатларни топширишибди, бошқа бир ҳалок бўлган жангчининг оиласи эса ҳеч вақо ололмади. Бир нарсага ақлим етмаяпти: гап мулозимлардами ёки тартиб-қоида чалкашми.

Кейинроқ у “Idel.Реалии” билан суҳбатда Татаристонда “БАРС” кўнгилли аскарининг ўлими учун 7 млн рубль товон пули тўланаётганини, айни чоғда шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбий ўлими учун товон пули икки карра кўп – 14 млн рубль эканини айтди. Бироқ вазият ҳудудга ҳам боғлиқ: бу тартиб қаердадир ишлаяпти, қаердадир – йўқ.

Бориснинг сўзларига кўра, “шартномада иккинчи томон номи кўрсатилмаган”. Мудофаа вазирлигидан ҳеч қачон пул олмадим, дейди у.

– Ҳужжатларни имзолаганимизда шартнома “шапка”си бўш эди, яъни ким билан имзолаётганимиз кўрсатилмаганди, кейин улар истаганини ёзиб қўйган бўлиши мумкин. Расво бўлди, кимнинг ёқасидан олишни ҳам билмайсан. Ҳар бир жанг қилган кунимиз учун тўлов беришмагани ёмон алам қилади, – арз қилади Борис.

“Idel.Реалии” ўхшаш мазмундаги ҳикояларни яна бир қанча кишидан эшитди – амин бўлдикки, “ҳақиқий ҳарбий хизматчи”га оид имтиёз ва тўловлардан қуруқ қолганидан норози бўлиб юрган кўнгиллилар оз эмас экан.

Таҳририят суҳбатдошлардан бирон шартнома нусхасини олишга муваффақ бўлмади – уларнинг қўлида ҳужжат йўқ экан. Россия Мудофаа вазирлиги эса “Idel.Реалии” саволларига жавоб берганича йўқ.

ҲАРБИЙ КОМИССАРИАТ

8 июль куни Татаристонда кўнгилли бўлиб Украинага жўнаётган шартнома асосида хизмат қилувчи аскарлар Қозондаги Танкчилар билим юртига тўпланишди. “Алга” (“Олға”) батальонига олинган бу жангчилар урушдан олдин “махсус таълим олиш учун” Оренбургдаги полигонга юборилди.

Ўша куни тасвирга олинган фото ва видеоларда уларга яп-янги уст-бош, зирҳли нимча, шлем, снаряд парчаларидан сақловчи кўзойнак ва бошқа анжом-аслаҳа улашилганини кўриш мумкин.

ОАВлар хабарига кўра, ўша куни тантанали митинг бўлган ва олти оқ автобус ҳарбий маршлар садоси остида йўлга чиққан.

***

“БАРС” кўнгиллилари урушга бунақа иззат-икром билан кузатилмаганди. Нега бундай бўлганини тушуниш учун “Алга”, “Тимер” каби батальонларнинг “БАРС” батальонларидан фарқини ўрганиш керак бўлади.

10 июнь куни Татаристон давлат ОАВларининг расмий пабликларида “Қозон ҳарбий комиссариати муқаддам армияда хизмат қилган 49 ёшгача эркакларни хизматга таклиф қилаётгани” ҳақида маълумот пайдо бўлди. Эълонда кўнгиллиларга “ихтисослигига қараб 205 дан 270 минг рублгача барқарор иш ҳақи” ва турли бонуслар ваъда қилинган, “Ёз давомида бир миллион рублгача пул ишлаб олишингиз мумкин!” дейилганди.

Бу Татаристонда кўнгиллилар батальонларига аскарликка олиш бошлангани ҳақидаги илк хабар эди. Тахминан бир пайтда бошқа ҳудудларда ҳам батальон тузиш бошланди.

Батальонларга киришга талабгор татаристонликларга (дарвоқе, “Алга” аллақачон шаклланиб бўлган ва фронтга жўнаш олдидан машғулотларга йўлланган) 260 минг рублгача ойлик, шунингдек кунига 53 доллардан “кафолатли” тўлов, фаол жанг ҳаракатларининг ҳар бир кунига 8000 рублдан махсус ҳақ, “бекам-кўст уст-бош ва аслаҳа”, “каттагина нафақа ва суғурта, қариндошлар учун моддий ёрдам, умрбодлик имтиёзлар” ваъда қилишмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Жанговар ютуқлар” учун алоҳида мукофот бор. Масалан, “душман”нинг йўқ қилинган ҳар бир учоғи учун 300, вертолёти учун 200, дрони учун 50 минг, танки учун 300 минг рубль мукофот берилади.

“БАРС” сафида жанг қилиб қайтган бир неча кўнгилли ҳозирда Татаристон ҳарбий комиссариатлари “БАРС”га эмас, айнан “Алга” ва “Тимер” (“Темир”) батальонларига ёзилишни таклиф қилишаётганини айтди. “Idel.Реалии” мухбири ушбу маълумотни текшириш мақсадида Татаристон Ҳарбий комиссарлигига сим қоқиб, ўзини фронтга жўнашга талабгор ўлароқ танитди.

Маълум бўлишича, бунгача республика бюджетидан биратўла тўлаш ваъда қилинган 260 минг пировардида янги схема бўйича – тўрт ҳафта, ҳар жума 15 минг рублдан, қолган 200 минг эса батальон Украина ҳудудига кириши биланоқ тўлаб бериладиган бўлибди. Татаристон ҳукумат идоралари ҳам айни мазмунда жавоб беришди.

– Чегарадан ўтганингиздан сўнг Мудофаа вазирлиги сизга барча ҳарбий хизматчилари қаторида ойлик тўлайди. Кондиционер ўрнатилган замонавий чодирларда яшайсиз. Шарт-шароит ёмон эмас. Уст-бош ва анжомлар республика ғазнасидан. Янги ҳарбий техника, ҳар хил дронлар, уст-бош – ҳаммаси сифатли, чет элники, – деди комиссариат ходими “Idel.Реалии” мухбирига. Ва ортидан қўшимча қилади: “Батальонга судланмаган, гиҳёванд бўлмаганлар олинади. Энг асосийси – тиббий комиссиядан ўтиш. Ҳаммаси жойида бўлса, сизни қабул қиламиз: “Алга”га олинсангиз – Оренбург вилоятига, “Тимер”га тушсангиз Нижегородскка машқ қилгани жўнайсиз”.

Ходим мухбирнинг “номли батальонларга кирган маъқулми ёки оддий кўнгилли бўлиб кетишми?” деган саволига қатъий қилиб, батальонларга кириш энг маъқули эканини айтди.

– “Алга” ёки “Тимер” сафига қўшилсангиз, сиз кўнгилли эмас, штатдаги ҳарбий хизматчи саналасиз. Хизмат даврингизга яраша устамалар, суғурта пули оласиз... Вазифа бир хил. Кўнгиллилар, билишимча, тиббий комиссиядан ўтказилмайди. Улар ариза ёзиб беришади, давлат батальонлар жангчиларига берадиган ижтимоий ёрдамни кўнгиллиларга бермайди. Боз устига, батальонларга Татаристондан гуманитар ёрдам бориб туради. Давлат уларга зарур ҳамма нарсани, ҳатто жанговар дронларгача сотиб олиб беряпти. Таъминот аъло даражада, – дейди у ишонч билан.

– Биз урушда олдинги маррада бўламизми? – сўрайди мухбир.

– Ҳа, албатта. Фронт орқасидаги юмушларни бажариб юраман деб ўйламанг. Бу батальонлар нақ олдинги сафда жанг қилишга юбориляпти.

Татаристон батальонлари Украинага жўнатилганича йўқ. Шу боис ваъда қилинган пуллар тўланадими, йўқми; улар фронтда айнан нима қилишади – буларни аниқлаш имкони бўлмади. Аммо “БАРС” батальонлари кўнгиллиларига “сизлар фронт ортида хўжалик-таъминот ишларини бажарасизлар, лекин ҳақиқий ҳарбий мақомида бўласиз”, деб ваъда беришган экан. Лекин Украинага жўнаш олдидан, ҳарбий қисмда ҳамма нарса ўзгарибди.

***

Татаристоннинг Мензели тумани ҳарбий комиссари Сергей Владимиров тўрт турғунни “Алга” батальонига кузатар экан, “сизларнинг суратларингиз ҳурмат тахтасида туриши керак, бу адолатли иш бўлади”, дейди, шунингдек, “1941 йил, тахминан шу кунларда мензелилик 30 кишидан иборат илк отряд худди шу алфозда фронтга жўнаган”ини эсга олади.

– Бу сафар ҳам ғалаба бизники бўлади, – қўшиб қўяди у.

Видеодаги кадрларда тўрт кўнгиллининг юзлари шуваб ташланган – шахсини сир тутиш учун. Аммо интернетда юзлар шувалмаган фотосуратларни топса бўлади. Умуман, кўнгиллилар ва ёлланма аскарлар кўпинча юзларини ниқоб билан тўсишади. “Idel.Реалии” суҳбатдошларига кўра, аскарлар Украинада жанг қилганларини биров билишини хоҳламас эканлар.

“ЧАҚИРСАЛАР, ЯНА БОРАМАН”

“Idel.Реалии” суҳбатдошлари орасида хизматдан, у ердаги шарт-шароитдан мамнун бўлганлар ҳам бор экан, улардан бири ҳатто исмини яширишга уринмади. Нижекамсклик 56 яшар Фергат Багаутдинов фронтга “ғоя учун борган”и, “сира руҳини туширмаган”и, “чақирсалар, яна бориши”, “ғалаба яқин”лиги ва “қора кучларни мағлуб қилиш керак”лигидан баҳс этди. Бошқа кўнгиллилардан бунақа гаплар чиқмаган эди.

Маълум бўлишича, Багаутдинов батальонларга қўшилмасдан оддий кўнгилли бўлиб кетган, аммо жанг қилмаган – ошпаз бўлган экан.

У расмийлар ваъда қилган ойлик ва таъминотни ололмаган собиқ кўнгиллиларнинг барча шикоятларини “Украинада тинчлик йўқ”лиги билан изоҳлади:

– Тинчлик, осойишталик йўқ. Биз шунинг учун бордик – аҳолига ёрдам берамиз, тинчликка қарши бўлган ёмонларнинг жазосини берамиз деб. Худо хоҳласа, ҳаммаси изига тушади тез орада.

Бироқ у “Россия бостириб киргунича Украина нотинч эдими?” деган саволга жавоб беришга қийналди.

Борис эса Багаутдиновга шунчаки омад кулиб боққанини айтади. “Ёши катта экан, жанговар тажрибаси бор-йўқлиги ҳам номаълум. Бунақаларни олдинги маррага жўнатишмайди, хўжалик ишларида ишлатишади”, дейди у.

ҚОНУНДАН УМИДВОРЛИК

“Idel.Реалии” суҳбатдошларидан бири – Виктор яна Украинага кетмоқчи: бу гал “Алга” батальони сафида.

– Ҳозир янги полклар тузиляпти... Афтидан, биз каби кўнгиллилар керак эмас уларга. Шу боис Рамзан Қодировга ўхшаб, ўзлари батальон тузиб, кийинтириб-қуроллантириб, урушга йўллашяпти. Мен яна кетмоқчиман, “Алга” батальонига киришни маслаҳат беришяпти. Ҳадемай тиббий комиссиядан ўтаман, бу батальон аскарларини бизга ўхшаб уч кун эмас, бир ой тайёрлашаркан, урушда ҳам уч ойдан ортиқ бўлишмас экан. Кўпчилик пул учун эмас, ватан учун боряпти. Муносабат ҳам шунга яраша бўлиши керак... Аҳвол ўзгарса керак. Ҳарбийларни айбламайман. Ҳамма чарчаган. Бу Чеченистон ёки Афғонистон эмас, анча жиддий уруш... – дейди Виктор.

Виктор, бошқалардан фарқли ўлароқ, бу англашилмовчиликлар қандайдир бир тарзда барҳам топишидан умидвор эди.

– Олдинги маррада суткалаб қолиб кетдик, артиллерия ўт-оловига ўзимизни тутиб бердик, шунга қарамай кўнгиллиларга ёлчитиб ҳақ тўлашмади. Бошида бизга фронт орти ишларини бажаришимизни айтишганди, аммо Украинага борганимизда “таъминот бўлинмаларига ўтишни хаёлингизга ҳам келтирманг”, дейишди. Военкоматларнинг ўзи ҳам билмаган бундай бўлишини. Умид қиламанки, ветеранларга доир қонунни ўзгартиришади ва унда “кўнгилли” деган тушунча пайдо бўлади, – дея сўзини тугатади Виктор.

Форум

XS
SM
MD
LG