Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Самарқандда мактаб директори болта билан чопиб ўлдирилди


Самарқанд вилояти Ургут тумани 15-умумтаълим мактабининг директори 30 октябрь куни болта билан чопиб ўлдирилди.

Маҳалла расмийларининг айтишича, ҳам мактаб директори, ҳам фермер бўлган Анвар Юнусовнинг ён қўшниси ер масаласида у билан жанжаллашиб, қотилликка қўл урганликда гумонланмоқда.

Ургут тумани ички ишлар бўлими мулозими қотилликда гумонланган шахс қамоққа олинганини билдирди.

Ургут туманининг Бешёғоч маҳалласида жойлашган 15 – умумтаълим мактабининг директори 32 яшар Анвар Юнусовнинг 30 октябрь куни кечқурун болта билан чопиб ўлдирилганини туман ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими тасдиқлади:

“Қотилликда гумонланиб унинг қўшниси қамоққа олинган. Ҳозир суриштирув ишлари олиб бориляпти. Бошқа тафсилотларни очиқлай олмайман”, - деди ички ишлар мулозими.

Туман халқ таълими бўлими мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жавлон Зоитовнинг айтишича, директорнинг ўлими унинг касбий фаолиятига боғлиқ эмас:

“Директор қўшниси билан ер масаласида жанжаллашиб қолган. Мактабдаги ишига боғлиқ эмас, бу ҳодиса”, - деди Жавлон Зоитов.

Бешёғоч маҳалла фуқаролар йиғини раиси Носир Холиқов Озодликка бўлиб ўтган воқеа ҳақида шундай деди:

- Марҳум директор билан қўшни яшаган 44 яшар Миркомил Шербоевнинг уйини орқасида тут плантацияси бор эди. У директорликдан ташқари фермерлик қиладиган Анвар Юнусовга пилла боқиб, меҳнати эвазига шу тут тагидаги 10-15 сўтих жойга экин экиб тирикчилик қиларди. Анвар бу ердан бошқа фойдаланмайсан, мен буғдой экаман деган экан. Жанжал ана шундан келиб чиққан. 30 октябрь куни кечқурун соат 9ларда Миркомилнинг катта ўғли укаси билан бориб, Анварни уйидан чақириб чиққан, яна шу масалада жанжал бўлган. Жанжал оқибатида ака-укадан биттаси болта билан директорни чопиб ташлаган. Аввал директорни Миркомилни ўзи чопиб ташлаган деган гап чиқди, лекин айни пайтда унинг кичик ўғли бу ишда гумонланмоқда экан”, деди Носир Холиқов.

Маҳалла оқсоқолининг айтишича, Анвар Юнусовнинг уч нафар фарзанди бўлган, хотини тўртинчи болага ҳомиладор бўлган.

Ўзбекистонда ер устида талашиб, жиноят содир этиш ҳолатлари кўп учрайди.

Жорий йилнинг август ойида Самарқандда уй устида талашиб акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган 46 ёшли Бахтиёр Шукуров қотиллик рўй берганидан беш ой ўтиб 22 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2018 йилнинг апрель ойида эса Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилган 56 яшар отани ўз фарзанди уй-жой талашиб кетмон билан чопиб ўлдирган эди.

XS
SM
MD
LG