Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:17

“Шаршара” колбасаси можароси: гўштнинг эшакники экани ҳозирча “номаълум”


"Шаршара" бренди остидаги гўшт маҳсулотлари 90-йиллар ўрталаридан бери истеъмол бозорида харидоргир бўлиб келган.
"Шаршара" бренди остидаги гўшт маҳсулотлари 90-йиллар ўрталаридан бери истеъмол бозорида харидоргир бўлиб келган.

Тошкентдаги “Шаршара” колбаса цехига Хоразмдан "мунтазам равишда эшак гўшти келтирилгани" ҳақидаги ариза юзасидан рейд ўтказган прокуратура департаменти¸ ҳозирча намуна олинган гўштнинг қайси ҳайвонники эканига оид экспертиза хулосаси чиқмаганини билдирди. Айни пайтда¸ “Шаршара”га яқин тадбиркор¸ цехдаги гўштнинг қорамолники бўлгани¸ аммо рейд “қасддан уюштирилгани” боис¸ унинг хулосаси ҳам сохталаштирилиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Рейд тафсилотлари - "Шаршара"га мунтазам эшак гўшти етказиб берган фуқаронинг ўзи аризачи бўлди!

8 ноябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан Олмазор тумани Шимолий Олмазор кўчаси 25-уйда жойлашган Gold Premium Product МЧЖга қарашли колбаса ишлаб чиқариш цехида тезкор амалиëт ўтказилди.

“Шаршара” колбасаси можароси: гўштнинг эшакники экани ҳозирча “номаълум”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:22 0:00
Бевосита линк

Бу тезкор тадбир¸ Озодликка нусхаси тақдим этилган “Ҳодиса жойини кўздан кечириш тўғрисидаги Баëннома”да ëзилишича¸ СВОЖЖДЛҚК департаментининг Хоразм вилоят бошқармасига фуқаро Ш.Ш.Ражабов томонидан берилган ариза асосида ўтказилган.

Расмий баëнноманинг Озодликка юборилган 1-саҳифаси.
Расмий баëнноманинг Озодликка юборилган 1-саҳифаси.

Ариза муаллифи “”Шаршара” колбасалари ишлаб чиқариш ходимларига мунтазам равишда эшак гўштини ҳар бир кило гўштни 13 минг сўмдан топшириб келаëтгани” ҳақида кўрсатма берган.

Расмий баëнноманинг 2-саҳифаси
Расмий баëнноманинг 2-саҳифаси

Тадбир давомида цехдан “эшак гўшти эканлигига аниқлик киритиш мақсадида” 11 қопда жами 275 килограм гўшт маҳсулотлари Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси изоляторига юборилгани қайд этилган.

Олинган гўштнинг эшак ëки эшак эмаслиги ҳақида ким хулоса беради?

24 ноябрь куни Кун.уз сайти Ўзбекистон Республикаси Санитар эпидемиология назорат маркази ахборот хизматига таяниб¸ “олиб қўйилган 275 кг. гўшт ҳақиқатан истеъмолга яроқсиз экани экспертиза хулосаси орқали тасдиқлангани” ҳақида хабар қилди.

Аммо 28 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария эпидемиология назорати бош бошқармаси ва Тошкент санитария эпидемиология назорати мутахассислари¸ Gold Premium Product ширкати маҳсулотидан текшириш учун олинган намунанинг шаҳар ветеринария лабороториясига юборилганини¸ марказнинг бу текширувга алоқаси йўқлигини билдирди.

Республика ветеринария бошқармаси масъуллари текширишга олинган гўштни ўз мутахассислари текширгани ҳолда¸ расмий хулосани сан-эпидназорат беришини билдирди.

Кейинги бир неча кун давомида санитария-эпидемиология ва ветеринария бошқармаси масъуллари билан қайта-қайта боғланган Озодлик мухбири “Шаршара” цехидаги гўшт маҳсулотларининг айнан эшак гўшти бўлган-бўлмаганини аниқлаштириши кутилаëтган экспертиза хулосасига ойдинлик кирита олмади.

Gold Premium Product МЧЖга қарашли колбаса ишлаб чиқариш цехида 8 ноябрь куни тезкор тадбир ўтказган СВОЖЖДЛҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси расмийси ¸ 29 ноябрь куни бундай хулосанинг ҳозирча йўқлигини билдирди.

“Ҳали экспертиза хулосаси номаълум. Махсус комиссия тузилган¸ спецэкспертиза бўлади, ишлашаяпти. Хулоса чиқса¸ жамоатчиликка¸ албатта¸ эълон қилинади. Экспертиза хулосаси кейинги ҳафта тайëр бўлади”¸ деди ўзини таништирмаган бошқарма расмийси.

“Шаршара” цехидаги воқеа тафсилотлари ҳақида Озодликка шахси сир тутилиши шарти билан маълумот берган тадбиркор эса¸ намунага олинган гўштнинг қорамол гўшти экани¸ ветеринария лабораторияси ҳам ўз хулосасини бериб бўлганини иддао қилди.

«Маълумот учун, Ўзбекистондаги ҳеч қайси бир лаборатория суякдан ажратилган гўштни қайси ҳайвондан олинганлигини ажрата олмас экан. Намунага лаҳм гўшт ва қийма олинган. Бу гўштни текшириш ветеринария хизматига берилган. Лекин ветеринария Прокуратура талабини бажармай, борини ёзиб берган. Лекин бу хулосани Департамент ходимлари кўрсатишмайди»¸ дейди «Шаршара» цехидаги рейд ва ундан кейинги жараëнлар ҳақида Озодликка маълумот берган тадбиркор.

Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг қайси ҳайвонники экани қандай аниқланади?

Мавзуни ўрганиш жараëнида Озодлик суҳбатлашган мутахассислардан бири¸ гўштнинг айнан қайси ҳайвонники эканини аниқлашнинг Ўзбекистон лабораторияларида мавжуд бирдан-бир йўли¸ унинг суягини анализ қилиш экани¸ агар олинган гўшт лаҳм ëки қийма ҳолатида бўлса¸ бунинг иложи йўқлигини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган сан-эпидназорат ва ветеринария тизими мутасадди-мутахассислари шунингдек¸ Ўзбекистонда тайëр гўшт маҳсулотлари¸ хусусан¸колбасага қандай гўшт солинганини аниқловчи лаборатория йўқлигини таъкидлашди.

“Колбасанинг стандарти бор. Унда оқсил¸ ëғ¸ туз¸ натрий нитрати консервант¸ крахмал нормаланади. Госстандарт ана шу стандарт бўйича текширади – оқсили қанча¸ ëғи қанча¸ ва ҳоказо. Унинг ичида қанча гўшт¸ айнан қанақа гўшт ишлатилганини ҳеч ким текшириб бера олмайди. Бунақа лаборатория борлигини Ўзбекистонда шунча йил ишлаб эшитмаганман”¸ деди Озодлик гаплашган ана шундай расмий текширув жараëнларига масъул мутасаддилардан бири.

Айни пайтда¸ қўшни Қозоғистон ва ривожланган давлатларда нафақат гўшт¸ балки колбаса каби гўшт маҳсулотлари таркибини ДНК анализи орқали аниқлаштириши мумкин махсус лабораториялар борлиги айтилмоқда.

Шикоят

8 ноябрь куни «Шаршара» колбаса цехида ўтказилган тадбир тафсилотларидан бевосита хабардор тадбиркор¸ бу рейднинг Gold Premium Product МЧЖ эгаси Лутфулла Убаевга қарши махсус уюштирилган провокация эканини иддао қилди.

Бу суҳбатдошга кўра¸ рейд пайтида лаборатория текшируви учун 275 килограм гўшт маҳсулоти намунаси қонунчиликда кўзда тутилган элементар шартлар бузилган ҳолда олинган ва оғзи ëпилган целлофан қопчаларда антисанитария ҳолатида 21 соат сақланганидан сўнггина ветеринария изоляторига етказилган.

Gold Premium Product МЧЖ директори бундай қонун бузилиши устидан шикоят аризаси билан 13 ноябрь куни Ўзбекистон республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига расмий шикоят аризаси йўллаган.

Gold Premium Product ширкати бошқарувчиси томонидан ëзилган расмий шикоят аризасининг 1-саҳифаси.
Gold Premium Product ширкати бошқарувчиси томонидан ëзилган расмий шикоят аризасининг 1-саҳифаси.

Шикоят аризасининг Озодликка юборилган нусхаси. 2-саҳифа.
Шикоят аризасининг Озодликка юборилган нусхаси. 2-саҳифа.

Ҳозирча бундай шикоят юзасидан қандай чора кўрилгани Озодликка маълум эмас.

Хоразмдан Тошкентга фақат 69 кило эшак гўшти олиб келинганми?

«Шаршара» колбаса цехида ўтказилган рейднинг маҳаллий матбуотда бир томонлама – уюштирувчилар манфаати нуқтаи назаридан ëритилганини таъкидлаган бу ширкатга яқин тадбиркор¸ бундай хабарга шубҳа билан ëндашиш лозимлигини айтади.

«Эътибор беринг. Гўë Хоразмдан Тошкентга «Шаршара»га топшириш учун 69¸6 кило эшак гўшти олиб келинган эмиш. Ким 1000 километрдан бор-йўқ 69 кило гўшт топшириш учун овора бўлади. Бундан иккита хулоса чиқади. Ëки хоразмликларни мажбурлашиб¸ шундай кўрсатмага қўл қўйдиришган. Ë бўлмаса¸ Хоразмдан чиндан ҳам эшак гўшти олиб келинган бўлса¸ у «Шаршара»дан бошқа цехларга ҳам тарқатилган. Лекин рейднинг фақат «Шаршара» цехида ўтказилгани¸ биринчи тахминни қўллайди»¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

Ўзбекистонда айрим сомсахона ëки шашликхоналарда эшак гўшти солинган сомса ва кабоб сотилгани¸ колбасаларга ҳам эшак гўшти қўшилгани ҳақидаги хавотирли хабарлар халқ орасида тарқаб турса-да¸ мутасадди давлат тизимларининг бундай хавотирларга ойдинлик киритгани кузатилмайди.

Хусусан¸ жорий йилнинг май ойида Самарқандда эшаклар қабристони топилганидан сўнг сўйилган эшаклар гўштининг колбасага топширилгани ҳақида ваҳима-хавотир тарқаган¸ бироқ бу хавотирларга бирор расмий идора узил-кесил жавоб бермаган эди.

XS
SM
MD
LG