Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Россиядаги "Фарғона"нинг ёши 20 га тўлди


 “Фарғона.ру” ахборот агентлигининг янги логотипи
“Фарғона.ру” ахборот агентлигининг янги логотипи

Ўтган шанба куни Москвада “Фарғона.ру” ахборот агентлиги иш бошлаган куннинг 20 йиллиги нишонланди. Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаётига оид хабар ва мақолалари билан танилган агентлик юбилейи муносабати билан Москвадаги “Фарғона Уйи”да қабул бўлиб ўтди.

“Фарғона”ни қутлагани унинг "Фарғона Уйи"га келган нашр мухлислари, журналистлар ва эксперт-мутахассислар олдида чиқиш қилган унинг асосчиси ва бош муҳаррири Даниил Кислов агентлик ўз логотипини янгилагани ва янги сайт иш бошлаганини эълон қилди.

Даниил яна бир янгиликни эълон қилиб, “Фарғона.ру” агентлиги бош муҳаррири вазифасини ўзининг бош ёрдамчиси Мария Яновская-Дубновага топширганини айтди.

- Бугунга келиб “Фарғона.ру”да 18 мухбир ишламоқда. Бизни кунига минглаб одамлар кузатиб, ўқиб боради. Янгиланиш вақти етиб келди – янги давр талабларига мослашишга интилаяпмиз. Биз янги сайтни ишга туширдик. Мен барибир Ўзбекистон ва минтақада бўлаётган воқеаларни кузатиб бораман. Ахир мен бусиз яшай олмайман - менинг қалбим у ерда қолган. Агарда менда бирор фикр-мулоҳаза пайдо бўлса, албатта мухлисларимизга ҳавола этаман,- деди Даниил Кислов.

Даниил Кисловнинг ўзи “Фарғона.ру” МЧЖ Бош директори лавозимини сақлаб қолиши ва нашрнинг молиявий-хўжалик ишларини бошқаришини айтди.

"Фарғона Уйи" меҳмонлари
"Фарғона Уйи" меҳмонлари

Ёзувчи ва журналист, филология фанлари номзоди Мария Яновская-Дубнова нашрда 2008 йилдан буён фаолият юритиб келади.

Мария Марказий Осиё масалалари бўйича таниқли эксперт, журналист ва сиёсатшунос Аркадий Дубновнинг рафиқасидир.

Озодлик билан суҳбатда у “Фарғона.ру”нинг келгуси сиёсати ва стратегияси борасида сўз юритиб, деди:

- Биз Марказий Осиё минтақаси билан шуғулланаётган, у ҳақда ёзаётган, уни севувчи ва минтақада содир бўлаётган ҳар бир ҳодисани синчиклаб ўрганувчи оммавий ахборот воситасидирмиз. Биз баланд туриб эмас, ичкаридан туриб уни ёритишни давом этамиз. Биз “Фарғона” олиб борган ишни давом эттирамиз. Энди унинг техник имкониятларини кенгайтириш ниятидамиз.

“Фарғона.ру” агентлиги бош муҳаррири Мария Дубнова-Яновская
“Фарғона.ру” агентлиги бош муҳаррири Мария Дубнова-Яновская

​Нашрнинг бош муҳаррири Ўзбекистоннинг Мирзиёев бошқараётган ҳукумати янгиланишга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, рухсат берилса, агентлик Ўзбекистон пойтахтида ўз ваколатхонасини очишга тайёр эканини ҳам маълум қилди.

“Фарғона.ру”нинг 20 йиллик юбилейига келган меҳмонлар нашрга ўз тилак-истакларини Озодлик орқали билдиришди.

Интернет нашрининг ашаддий мухлисларидан бири, асли қозоғистонлик дизайнер Аэлита Жумаева “фарғоначиларга” ўз ишларини ҳеч қандай қийинчиликларга қарамасдан давом эттиришни сўраб, деди:

- “Фарғона” ўтган 20 йил ичида жуда улкан ишни бажарди. Мен унга шу тарзда давом эттиришини тилаб қолардим. Таслим бўлманг, бошқалар таъсирига тушманг ва ўзлигингизни сақлаб қолинг!

“Фарғона.ру” Халқаро ахборот агентлиги 1998 йилда “Фарғона ҳамкорлиги” Интернет форуми негизида шоир ва муҳаррир Даниил Кислов томонидан яратилган. 53 ёшли асли фарғоналик Даниил Кислов 2001 йилда ўз нашрига оммавий ахборот воситаси сифатида Россияда давлат лицензиясини олган.

Бугунга келиб “Фарғона.ру” АА Марказий Осиё минтақаси ҳаётига бағишланган ўткир ва объектив маълумотларни рус, ўзбек ва инглиз тилларида тарқатишга ўринаётган саноқли Интернет порталлардан биридир.

Ўз фаолиятини 1999 йилги воқеаларни ёритишдан бошлаган оддий Интернет форуми, бугунга келиб Россиянинг энг йирик ва нуфузли ахборот узатувчи воситалари қаторидан ўрин олган.

XS
SM
MD
LG