Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:35

Элчининг қизи ресторанида безорилик қилган шахслар қасддан жиноят содир этишда айбланмоқда


Марғилон шаҳри. Айбланувчиларнинг икки нафари марғилонлик экани айтилади.
Марғилон шаҳри. Айбланувчиларнинг икки нафари марғилонлик экани айтилади.

Фарғона шаҳридаги “Сеул” ресторанида безорилик қилган уч шахс қасддан жиноят содир этишда айбланмоқда.

Озодликка келган хабарга кўра, марғилонлик Фарҳод Ғофуров, Давлатбек Орифжонов ва Қўштепа туманида яшовчи Отабек Худойбердиев 19 февраль куни кечаси ресторанга кирмоқчи бўлганларида, уларни қоровул киритмаган.

Ўртада чиққан жанжал оқибатида гумонланувчилар ресторан ойна ва эшикларига тош отиб синдирган ва воқеа жойидан яширинган.

Гумонланувчилар қочаётган пайтда машина билан бир пиёдани ҳам туртиб кетгани айтилади.

Айбланувчиларнинг яқинлари уларга оғир айблов қўйилганидан шикоят қилди.

“Сеул” ресторани эгаси Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Фен Виталийнинг қизи Елена Фен эканлиги айтилмоқда.

Фарғона вилояти прокуратурасининг исми очиқланмаслик шарти билан гапирган мулозимининг Озодликка айтишича, “Сеул” ресторанида бўлиб ўтган жанжалда иштирок этган гумонланувчилар қўлга олинган:

Кейин гумонланувчи шахслар тош отиб, ресторан эшик ва ойналарини синдирган.


“Жанжал 19 февраль куни кечаси соат 11лардан ўтганда “Сеул” ресторанида содир бўлган. Уч киши, марғилонлик Фарҳод Ғофуров, Давлатбек Орифжонов ва Қўштепа туманида яшовчи Отабек Худойбердиевлар ресторанга кирмоқчи бўлган. Лекин уларни қоровул киритмаган. Ўртада жанжал чиққан. Ресторан қоровули, официантлари билан бу уч йигит уришган. Кейин гумонланувчи шахслар тош отиб, ресторан эшик ва ойналарини синдирган. Рестораннинг икки ходимини уриб, тан жароҳати етказган”.

Мулозимнинг айтишича, улар машиналарига ўтириб кетаётган пайтда яна бир йўловчини туртиб юборган ва воқеа жойидан яширинган:

“Уларнинг машина номери ёзиб олингани учун ўша кечанинг ўзида топишди. Ҳозир учови ҳам қамоққа олинган”.

Мулозим "Сеул" ресторанининг эгаси Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Феннинг қизи Елена Фен эканлигини тасдиқлади:

"Елена Фен ҳам жабрланувчилар рўйхатида бор"

Озодлик суҳбатлашган айбланувчилардан бирининг отаси, унинг фарзандига оғир айблов қўйилаётганидан шикоят қилди:

Адвокатнинг айтишича, одам ўлмаган бўлса ҳам уларга оғир айблов қўйиляпти.


“Булар ресторанга кирамиз деса, киргизишмабди. Жанжал шундан келиб чиққан. Тўғри, безорилик қилишган, лекин буларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг жуда оғир моддаларини қўйиб айблашяпти. 25(жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 97(қасддан одам ўлдириш) моддаларини қўллашяпти. Адвокатнинг айтишича, одам ўлмаган бўлса ҳам уларга оғир айблов қўйиляпти. Чунки, бу рестораннинг эгаси Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчисининг қизи экан”.

Унинг айтишича, 28 февраль куни айбланувчиларнинг ота-оналари вилоят прокуратурасига бориб, норозилик билдирган:

“Бизга ҳеч қандай аниқ жавоб беришмади, тергов бўляпти, дейишди, холос”.

Озодлик “Сеул” ресторани эгаси Елена Фен билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо, Фарғона шаҳар маълумот хизмати уларнинг рўйхатида бу ресторан йўқлигини айтди.

XS
SM
MD
LG