Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:38

Фашистларнинг Ленинград қамалини кўрганлар Россиянинг Украинадаги урушига қарши чиқди


Мариуполдаги Россия армияси бомбалаган турар-жой биноси. Украина ҳукумати биргина Мариупол шаҳрининг ўзида камида 2300 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Мариуполдаги Россия армияси бомбалаган турар-жой биноси. Украина ҳукумати биргина Мариупол шаҳрининг ўзида камида 2300 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

90 ёшли Анна Клементева уруш нима эканлигини яхши билади. У Ленинградда – ҳозирги Санкт-Петербургда туғилган. 1941 йил ёзида немис қўшинлари Совет Иттифоқига бостириб кирганидан сўнг, у мактабдошлари билан Ярославлга эвакуация қилинган. Бироқ у қаттиқ бетоб бўлиб қолгач, сентябрь ойида ўз она шаҳрига жўнатилган.

“1941 йил 8 сентябрь куни поездимизга икки фашист бомбардимончиси ҳужум қилди, – деб эслайди у Испаниядаги уйидан туриб ёзган мактубида. – Бизнинг поездимиз Ленинградга кирган охирги поезд бўлди. Йўл ёпилиб, қамал бошланган эди”.

“Мен урушда етим қолганман”, деб ёзади Клементева.

"Оила аъзоларимнинг ҳаммаси урушда ўлган. Аммо мен тирикман. Урушга қарши чиқишга ҳаммадан кўра мен ҳақлиман ва бу улар олдидаги менинг бурчим".

Анна Клементева: “Менинг урушга қарши чиқишга ҳаққим бор ва бу улар олдидаги бурчим.”
Анна Клементева: “Менинг урушга қарши чиқишга ҳаққим бор ва бу улар олдидаги бурчим.”

Клементева 900 мингга яқин тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган 900 кунлик Ленинград қамалидан омон қолган. Россия кучлари 24 февралда кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Украина шаҳарларини қамал қилиб, тинч аҳоли яшаш манзилларини, мактаблар, тeaтрлар, кўп қаватли уйлар ва савдо мажмуаларини бомбалади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1000 га яқин тинч аҳолининг ўлимини қайд этган бўлса-да, аслида ҳақиқий қурбонлар сони бундан анча юқорилигини истисно қилмаяпти.

Украина ҳукумати қамалдаги Мариупол порт шаҳрининг ўзида камида 2300 киши ҳалок бўлганини, ўн минглаб одамлар сув, озиқ-овқат ва ёқилғи каби асосий эҳтиёжлардан узилиб қолганини айтди.

“Россия фуқаролари, сизнинг Мариупол қамали Иккинчи жаҳон урушидаги Ленинград қамалидан нимаси билан фарқ қилади?” Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский 17 март куни қилган баёнотида гапирди. “Босқинчилар томонидан ҳаёти тортиб олинган ҳеч кимни унутмаймиз”, дея таъкидлади у.

Ленинград қамалидан омон қолган 87 ёшли Маргарита Морозова сўнгги олтмиш йил давомида Украина шимоли-шарқидаги, иккинчи йирик шаҳар Харковда яшаган.

“Мен қариган чоғимда янги уруш бошланишини тасаввур ҳам қила олмасдим, – дейди у 20 март куни “Reuters” агентлигига берган интервьюсида. – Ҳатто энг даҳшатли тушимда ҳам бундай қирғинлар такрорланишини тасаввур қилмаган бўлардим”.

Людмила Василева
Людмила Василева

1941 йил апрелида Ленинградда туғилган Людмила Василева қамал бошланганда тахминан 5 ойлик эди. Орадан 80 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, у уруш бошланганидан бери уч марта, биринчи марта 25 февралда норозилик билдиргани учун полиция томонидан ҳибсга олинган.

“Улар мени ҳибсга олишганида, паспортимни сўрашди, мен: “Қаерда ва қачон туғилганимга қаранг”, дедим. Улар паспортга қарашди ва бироз хавотирланишди. Кейин мени ўз машиналарида уйимга олиб бориб қўйишди. Эртаси куни улар мени илгари ҳибсга олинмаганимни айтиб, гўёки ҳеч нарса бўлмагандек шунчаки уйга кетишни таклиф қилишди."

Василева 6 март куни учинчи марта ҳибсга олинган, бироқ полиция зобитлари билан суҳбатдан сўнг уни маҳкамага олиб кетмасдан қўйиб юборишган ва у уйига метрода йўл олган.

“Мен уларга доим жиноий буйруқларни бажарманглар, бу сизни жавобгарликдан озод қилмайди деб айтаман”, дейди Василева.

Полиция ундан ҳибсга олинганлиги тўғрисидаги далолатномага имзо чекишни сўраганида, у рад этган.

83 ёшли Вера Сомина бутун умрини Санкт-Петербургда ўтказди.

“Болалигимда уруш ва қамалдан омон қолганман ва бундан кейин бу такрорланмаслигига ишончим комил эди”, дейди Озодлик билан суҳбатда у. “Менинг давримдаги авлод буни бошидан кечиришга тўғри келди, лекин энди менинг болаларим ва невараларимнинг авлодлари учун бундай даҳшат такрорланаётганга ўхшайди”.

Испанияда яшаса-да, Клементева Россиядаги воқеаларни яқиндан кузатиб боради ва Россия давлат телевидениесини томоша қилади.

“Телевизордаги барча нафратга тўла чеҳраларни кўрганимда ва “Биз буни яна қила оламиз” шиорини эшитганимда, (Кремл шиорига ишора қилиб) мен фашизм вируси ҳали ҳам тирик эканлигини англайман. Биз фашизмни мағлуб этдик, лекин ўзимизга ҳам уни юқтирдик.”

“Ҳа, улар яна шундай қилишмоқда, – деди у. – Уруш бошланди, уни бошлаганларни лаънатлайман. Уруш қандай тугашини биламан. Ҳозир 9 ёшда бўлган қайсидир қиз 90 ёшга кирганда менинг ушбу сўзларимни такрорлайди: лаънат сизларга! Йўқ, сиз аллақачон лаънатлангансиз.”

XS
SM
MD
LG