Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Собиқ FIFA расмийси 9 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди


Коррупция жанжали ортидан ФИФАнинг узоқ йиллик президенти Блаттер 2015 йили истеъфога кетишга мажбур бўлган эди.
Коррупция жанжали ортидан ФИФАнинг узоқ йиллик президенти Блаттер 2015 йили истеъфога кетишга мажбур бўлган эди.

АҚШ суди Жанубий Америка футбол конфедерациясининг собиқ раҳбари Хуан Анхел Напоутни пора олганликда айбдор деб топиб, 9 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

60 яшар Напоут устидан чиқарилган ҳукмни ўқиган федерал судья Памела Чен шунингдек Напоутни пора сифатида олинган 3 миллион долларни қайтариб бериш ва 1 миллион доллар жаримага ҳам ҳукм қилган. Бу ҳақда федерал прокурор Ричард Донохью эълон қилган билдирувда:

- Напоутга чиқарилган ҳукм ҳамда бошқа юқори лавозимли футбол расмийлари муваффақиятли равишда жавобгарликка тортилгани футболдаги коррупцияга зарба бўлди. Мазкур ҳолат спортдаги фирибгарлик ҳамда порахўрликни назорат қилишни давом эттириш лозимлигини кўрсатади, - дейилади.

Напоутнинг адвокати электрон почта орқали:

- Табиийки, 9 йиллик қамоқ ҳукмидан ҳафсаламиз пир бўлди. Ҳакамлар ҳайъати вердиктини ҳам, суд ҳукмини ҳам аппеляция қиламиз, - деб ёзди.

Напоут 2007–2014 йилларда ватани Парагвай миллий футбол федерациясига етакчилик қилган¸ 2014 йилда эса Жанубий Америка футбол федерацияси бўлмиш CONMEBOL етакчиси этиб тайинланган. 2015 йилнинг мартида FIFA вице-президенти лавозимини эгаллаган Напоут 2015 йилнинг декабрига келиб ташкилотдаги коррупция можароси доирасида қўлга олиниши ортидан бу лавозимни тарк этди.

Ўтган декабрда ҳакамлар ҳайъати уни рэкет билан шуғулланиш ҳамда банк орқали пул юборишда фирибгарликка қўл уриш учун тил бириктиришда айбдор деб топган эди.

Напоут Бразилия футбол федерациясининг собиқ етакчиси Жузе Мария Марин билан бирга судланди. Ўтган ҳафтада Марин 4 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Учинчи айбланувчи – перулик собиқ футбол расмийси Мануэль Бурга эса айбсиз деб топилди.

2015 йилдан бери АҚШ прокурорлари FIFAдаги порахўрлик можароси бўйича терговга 40 дан ошиқ шахс ва ташкилотни жалб қилди. Бугунга қадар улар орасидан Напоут, Марин ва Бурга судланди холос. Айблов эълон қилинган камида 24 шахс айбига иқрор бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, FIFA расмийлари футбол ўйинларини эфирга узатиш ва улар давомида реклама кўрсатиш билан боғлиқ ҳийла-найранглар ёрдамида 200 миллион доллардан ошиқ пора олган.

2017 йилда матбуотга сиздирилган Paradise Papers деб номланган ҳужжатлар туфайли Напоут қўлга киритган пораларни яшириш учун Багама оролларида ширкат очгани маълум бўлган эди. Сўнгра у рафиқаси номига очилган банк ҳисоби орқали маблағларни аввал Швейцарияга, сўнгра Парагвайга юборган.

Прокурорларнинг айтишича, Марин ҳам, Напоут ҳам шахсан ўзи миллионлаб доллар қийматга эга пора олган.

XS
SM
MD
LG