Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:34

Кузнецова: Ravonга қарши ëлғон кампанияси кетмоқда


Ravon
Ravon

“GM Uzbekistan ширкатининг Россияга Ravon бренди билан экспорт қилаëтган автомобиллари ҳалигача бирорта харидор қўлига етиб бормади”¸ деган хабарга муносабат билдирган Ravon расмийси Елена Кузнецова уни “бўҳтон” дея атади. Кузнецовага кўра¸ ўтган ҳафта Воронеждаги базага олиб келинган Ravon машиналари калити айни кунларда харидорлар қўлига шартномада белгиланган нархда топширилмоқда.

Май ойининг охирги кунларида Россия¸ қолаверса¸ айрим Ўзбекистон Интернет нашрлари GM Uzbekistan ширкати пулини 100 фоиз олдиндан тўлаган россиялик харидорларига ваъда қилинган машиналарни етказиб бера олмагани ҳақида ëздилар.

Хусусан¸ 31 май куни ҳам айрим нашрлар “Ravon R2 автомобиллари Россия чегарасида ушлаб қолинди”¸ “Ravon R2 харидорлар қўлига етиб бормади” сарлавҳали мақолаларни эълон қилди.

Бу хабарларни Россиядаги Ravon ваколатхонасининг маркетинг бўйича директори Елена Кузнецова “алаҳсираш” деб атади:

- Балки бунақа ëлғон тарқатиш GM Uzbekistan ширкатида бораëтган тергов билан боғлиқдир. Балки буни рақобатчиларимиз қилаëтгандир. Ҳозир Ravon ҳақида ëзилаëтган хабарлардан нари борса 30 фоизи ҳақиқатга тўғри келса¸ қолгани алаҳсирашдан бошқа нарса эмас. Бунақа хабарлар қаердан пайдо бўлаëтганини мен ҳам билмайман¸ деди 31 май куни Озодлик билан суҳбатда Ravon ваколатхонасининг маркетинг бўйича директори.

Кузнецова бундай чиқишлар Ravon автомобилларининг биринчи партияси божхона расмиятчиликларини тугатиб¸ эгаларига топширилаëтган айни кунларда тарқатилаëтганидан жунбушга тушаëтганини яширмади:

- Ўтган шанба-якшанбадан машиналар пулини олдиндан тўлаб¸ буюртма берган харидорларга топширилаяпти. Машиналар салонларга тарқатилаяпти¸ божхонада рисоладагидай ҳужжатлаштирилди¸ ҳеч қандай муаммо бўлмади. Бир партия машинани бир кунда божхонада расмийлаштириб бўлмаслигини ҳамма яхши билади. Бунинг учун бир неча ой ëки ҳафта эмас¸ балки кун керак. Чегарада ушлаб турилгани ва божхонада муаммо туғилгани ҳақидаги гаплар май ойининг бошидаги эски гап. Бугун уларни нега янгилик деб қайтаришаяпти¸ тушунмаяпман¸ дейди Ravon расмийси.

Кузнецовага кўра¸ пули 100 фоиз олдиндан тўлаб¸ буюртма берилган Ravon машиналари 10 апрелдан бошлаб Россиядаги эгаларига етказилиши керак бўлган. Аммо бу жараëн¸ темир йўл тарифлари ошиши ортидан туғилган қийинчиликлар боис¸ кечиккан.

- Транспорт харажатлари ошганига қарамай¸ биз машиналар нархини оширганимиз йўқ ва харидорларимиз бундан хурсанд. Янги буюртма олиш ҳозирда нархлар ошгани муносабати билан ҳозирча сустлашиб турибди. Бизга аниқ прейскурант келиши билан¸ янги буюртмаларни қабул қилишни бошлаймиз¸ дейди Кузнецова.

Айрим Россия нашрларига кўра¸ қарийб икки ойлик кечикиш билан эгаларига топширилаëтган Ravon нархида ўзгариш бўлмаган бўлса-да¸ айрим мижозлар шартномада белгиланган рангдаги машинани ола олмаëтир. “Буюрилган рангдаги машинани олиш учун яна қанча кутиш ҳақидаги саволга жавоб бера оладиган одам йўқлигидан¸ мижозлар берилганини олишга мажбур бўлмоқда¸ деб ëзди Ravon калитини олган мижозлар билан гаплашган Россия нашрлари.

25 май куни Озодликка ўзини “Ўзавтосаноат” ҳолдинги экспорт бўлими бошлиғи Дилшод Тошхўжаев деб таништирган шахс Россияга шахсан ўзи 220 дона Ravon R2 машинасини олиб келганини айтиб¸ йил давомида Россия бозорига олиб келинадиган ўзбек машиналари сони 20 мингагача боришини иддао қилган эди:

- Шахсан мен ўзим Воронежга 220 дона Ravon R2 олиб келдим. Машиналар вагонда келди. Ҳозир предоплата бўлган машиналар келди. Мижозлар Россиядаги салонга пулини рублда тўлаб қўйишган¸ бу пул бизга валютада ўтказилади. 100 фоиз валютада тўланганларни олиб келдик. Шартномамиз катта¸ 10-12 мингтага шартномамиз катта.Бундан кейин тўхталиш бўлмайди. Ravonга талаб катта бўлаяпти. Мўлжалимизда¸ сентябрь ойигача 20 мингтани таъминлаб беришимиз керак¸ деди ўтган ҳафта Озодликка ўзини “Ўзавтосаноат” экспорт бўлими бошлиғи деб таништирган шахс.

Ravon маркетинг директори Кузнецова¸ иқтисодий инқироз боис Россия автомобиль бозорида савдо сусайганини эътироф этган ҳолда¸ ўзбек автомобилларини россиялик харидорларга сотиш жараëни давом этажагини билдирди.

Айтилишича¸ ҳозирда Россия бўйлаб 19 та Ravon автосалони фаолият кўрсатмоқда¸ “Ўзавтосаноат” улар сонини яқин келажакда 30 га етказишни режаламоқда.

2015 йил октябрь ойидан Россияда Ravon бренди билан тақдим этилган GM Uzbekistan машиналари¸ хусусан Ravon R2 Россиядаги энг арзон aвтомобиллар сирасига киради.

Айни кунларда¸ GM Uzbekistan, қолаверса¸ бутун "Ўзавтосаноат" давлат акциядорлик жамиятида турли иқтисодий жиноятлар¸ хусусан¸ ноқонуний валюта операциялари юзасидан кенг кўламли текширув бормоқда.

XS
SM
MD
LG