Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:54

Ўзбекистонда 22 йил "исталмаган шахс" бўлган халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева вафот этди(ВИДЕО)


Ҳалима Худойбердиева. 2017 йил, август.
Ҳалима Худойбердиева. 2017 йил, август.

Ўзбекистоннинг таниқли шоираси Ҳалима Худойбердиева 17 август куни 71 ёшида Тошкентда вафот этди.

Ислом Каримов президентлиги даврида барча вазифаларидан олиб ташланган, "исталмаган шахс" бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди президент Мирзиёев қудратга келгунга қадар ОАВда ҳам, телевидениеда ҳам акс этмади.

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг дафн маросими
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:17 0:00
Бевосита линк

Ўтган асрнинг 70 йилларидан ўзбек шеъриятига ўзининг исёнкор овози билан кириб келган шоира ижодида собиқ иттифоқ даврида ҳуқуқлари камситилган, оғир турмуш тарзи ва ҳақсизликдан ўзига ўт қўяётган ўзбек аёлининг аччиқ қисмати гавдаланди.

Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига 60 йилларнинг охирида кириб келди. У 12 йил давомида (1982-1994) Ўзбекистондаги ягона аёллар журнали "Саодат"га бош муҳаррирлик қилди.

1990 йилда шоира Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг раиси этиб сайланди.

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг дафн маросими
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:06 0:00
Бевосита линк

Ҳалима Худойбердиеванинг президент Каримов давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган эри Мавлон Умрзоқов 1994 йил охирида қатор жиноятлар, хусусан, катта миқдорда порахўрлик ва мансабни суистимол қилишда айбдор, деб топилгандан сўнг шоиранинг устида ҳам қора булутлар пайдо бўлди.

​Мавлон Умурзоқовнинг қамалиши ортидан унинг рафиқаси, Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева мамлакат Хотин-қизлар қўмитаси раислигидан ва бошқа лавозимлардан бўшатилган эди.

Мавлон Умрзоқов 6 йилга озодликдан маҳрум этилган, қамоқда 2,5 йил ўтириб, озодликка чиққан эди.​

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг дафн маросими
Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг дафн маросими

Бундан бир йил муқаддам Озодликка интервью берган шоира ўзининг "тутқун"ликда қолганини шундай изоҳлаган эди:

- Қора рўйхатлардан ижодкорларнинг ўчирилганлигини қўллайман, албатта. Ўзим ўша қора рўйхатда эдим. 22 йил исталмаган шахс бўлдим. 22 йил радио ва ТВ дан узоқ тутилдим. 22 йиллик танаффусдан кейин ўтган йилнинг декабридагина ТВ да юзим кўринди¸ деган эди шоира.

18 август куни Ҳалима Худойбердиеванинг таъзиясида қатнашиб турган журналист Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, қарийб 23 йил давомида шоирани тутқунликда ушлаб турилишига сабабчи бўлган амалдорлар кўнгил сўрагани келишган:

- Мен бугун эрта тонгда Ҳалиманинг Дўмбирободдаги ҳовлисига бордим. Борсам, Ҳалиманинг юрагини 23 йил давомида қону-зардоб қилган баланд амалдорлар ўша ерда турибди экан. Улар кўнгил сўрагани келмаган, улар катта келиб қолиши мумкин деган хавотир билан, тонг саҳардан етиб келган. Турган бу одамларнинг каттаси Ҳалимани 23 йил уйда тутқунликда туришига сабаб бўлган, керак бўлса бош режиссёр бўлган. Энди эса улар мотамсаро бўлиб туришибди. Эй сизлар, эй ноинсофлар, эй адабиёт кушандалари, 23 йил давомида қаерда эдиларинг? Ҳалиманинг бошида мусибатлар ёнғоғи чақилганда бирортанг кўринмадингку?, дейди журналист.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:11 0:00
Бевосита линк

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, у Ҳалима Худойбердиева билан уч кун олдин гаплашган:

- Ҳалима Тошкент травматолия институти касалхонасида кичик бир жарроҳлик амалиёти ўтказган эди. Бориб кўриб турардим.Уч кун олдин у билан телефонда гаплашган . Кўргани бораман десам, келманг, агар сиз келсангиз бизнинг дардларимиз бу касалхонанинг деворига сиғмайди, чиқсам гаплашамиз деган эди, дейди Шароф Убайдуллаев.

Ҳалима Худойбердиеванинг дардини яхши билган, исми сир қолишини сўраган адиблардан бирининг Озодликка айтишича, президент Шавкат Мирзиёев шоирани орден билан тақдирлагандан ва у "Дугоналар" журналини ташкил қилганидан сўнг ҳам журналдаги мақолалар қаттиқ цензура қилинган:

"Ҳалима опа билан бир кўришганимда янги фаолиятидан ҳафсаласи пир бўлганини гапирди. Девондаги маслаҳатчи барибир эркин ишлагани қўймаётганини айтди: "Журнал очиб берди, лекин бу журналда бирор бир иш қилгани қўймаяпти. Ҳамма мақолани аввал у кўриб бериши шарт экан. Тўрт қўл-оёғим боғланган. Ҳар бир нарса учун каттанинг олдига чопиб бора олмайманку. Касалхонадан чиқсам, у "Гитлер" билан ўзим яккама-якка курашаман", деган эди. Лекин умр вафо қилмади", дейди ўзбекистонлик ёзувчилардан бири.

Ҳалима Худойбердиеванинг жаноза намози 18 август куни Тошкентнинг Қозиработ жоме масжидида аср намозида кейин ўқилди ва шоира шу қабристонга дафн этилди.

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг дафн маросими
Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг дафн маросими

Ҳалима Худойбердиева билан қуйидаги суҳбат бир йил аввал ёзиб олинган:

Ҳалима Худойбердиева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:17 0:00

Нафақат
Ўтсанг ёзиб,
Куз янглиғ сўлиб, озиб,
Бозиллаган чўғ босиб,
Қўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Олтинми
Ё олмосда,
Тиғда юролсанг, рост-да
Итқитса, оёқ остда,
Тўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Нафақат
Кўтарса халқ,
Кўксингдан итарса халқ,
Пешонанг намакоб, талх,
Шўрдаям хайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!
Нафақат
Зар, зўрларни,
Узсанг, тўсин, тўрларни,
Чайқалтирсанг гўрларни,
Гўрдаям ҳайқиролсанг,
Демакки, Сен шоирсан!

Ҳалима Худойбердиева

XS
SM
MD
LG