Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:21

Шеробод ҳокими: Президент маслаҳатчиси мени ишдан бўшатгани йўқ!


Қимматга сотиб олган дўконлари бузилиб¸ бугунда ëймачига айланганини таъкидлаган шерободлик савдогарлар¸ туман ҳокимининг ўз олдиларида ишдан олинганига гувоҳлик бердилар.
Қимматга сотиб олган дўконлари бузилиб¸ бугунда ëймачига айланганини таъкидлаган шерободлик савдогарлар¸ туман ҳокимининг ўз олдиларида ишдан олинганига гувоҳлик бердилар.

Сурхондарë вилоят, Шеробод туман ҳокими Абдулҳаким Эшмуродов 15 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда ўзининг ишдан олингани ҳақидаги хабарни инкор этди. Бундан олдин Озодликка мурожаат қилган шерободлик тадбиркорлар¸ 14 сентябрь куни президент маслаҳатчиси ўз олдиларида Эшмуродовни ҳокимликдан бўшатганини “миннатдорлик” билан хабар қилган эди.

15 сентябрь куни Озодликка мурожаат қилган шерободлик тадбиркорлар ушбу туманга бориб¸ президент порталига мурожаат қилганлар билан сайëр учрашувлар ўтказган президент давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергановни алқаб¸ дуо қилдилар.

“Кеча тушдан кейин бизларни ҳокимиятга фамилия билан чақириб олишди. 15 тача бўлдик. У ерга президент аппаратидан давлат маслаҳатчиси келган экан. У киши бизларни эшитди¸ олдимизда ҳоким Абдулҳаким Эшмуродов (лақаби "Ақлли") тик ҳолда турди. Бизлар порталга чиққанимиз сабаби деҳқон бозорида кўчмас мулкимиз - дўконимиз ҳеч нарсасиз зўровонлик билан бузиб ташланиб¸ бизга пул ҳам¸ бозордан ер ҳам беришмаганлигини ва бошқа бузилмаган дўконларни худди бизнинг аҳволимизга туширишмоқчи эканлигини¸"мен портал¸ мен суд¸ кимга борсанг бор"¸ деганини айтдик.Тошкентдан келган давлат маслаҳатчиси ҳокимга қараб “бу нима бедодлик” деганди¸ ҳоким бидир- бидир қилиб гапидан тона бошлади. Кейин биз ҳокимнинг барча гапларини махсус йул билан исботлаб бердик. Тошкентдан келган давлат маслаҳатчиси ҳоким Абдулҳаким Эшмуродовга қараб: “Биз сизга ишонгандик¸ расво ишларингизни ҳеч қўймабсиз¸ халқни шунча ҳам эзадими? Хайф сизга¸ оддий мардикордан фарқингиз қолмабдию¸ бугундан ҳокимликдан бўшсиз. Сизга бундан ортиқ иснод-жазо йўқ”¸деб ишдан озод қилди. Бизларни: “Сизлар бораверинглар¸ насиб бўлса ҳаммаси яхши бўлади”¸ деб кузатворди. Барака топсин¸ яхши одам экан. Шундай одамлар кўпайсин”¸ деб ëзди 15 сентябрь куни Озодликка шерободлик тадбиркорлар вакили.

Айтилишича¸ Шеробод ҳокими июнь ойида туман марказидаги шинам бозорни буздириб¸ бу ерда савдо қилиб келган 167 нафардан ортиқ тадбиркорга на товон пули ва на янги дўкон ажратган. Уч йил бурун бу бозордан катта пул тўлаб, дўкон сотиб олган савдогарлар касод бўлиб¸ президент порталига қайта-қайта мурожаат қилган. Тадбиркорларга кўра¸ муаммони ҳал қилиш ўрнига ҳоким Эшмуродов¸ шикоят қилганларга нисбатан босим ва таҳдидни кучайтирган¸ холос.

Озодлик 15 сентябрь куни Шеробод туман ҳокимлигига боғланиб¸ шикоятчи тадбиркорлар билан бундай учрашув бўлган-бўлмагани ва унда ҳокимнинг ишдан олинганига оид хабарга ойдинлик киритишни сўради.

Маҳаллий вақт билан кечки соат 6 ларда Озодлик суҳбатлашган ҳоким ëрдамчиси жорий ҳафта давомида Шеробод туманига Ўзбекистон президентининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов сафар қилгани¸ уч кун давомида тадбиркор ва оддий аҳоли вакиллари билан учрашиб¸ 14 сентябрь куни Тошкентга қайтганини тасдиқлади.

(Давлат маслаҳатчи Турсунхон Худойберганов вилоятлардан бирида шикоятчилар билан учрашув ўтказмоқда. Сурат Twitter тармоғидан олинди.)

Бироқ ҳоким ëрдамчиси Абдулҳаким Эшмуродовнинг ишдан олинганидан хабари йўқлигини билдирди:

- Ҳоким бугун ҳам ишдалар. Тўртта раҳбарга тайинланган тўртта сектор бор. (Гап туман ҳудудининг 4 секторга бўлингани устида бормоқда - таҳр.) У киши ҳозир ўз секторида юрипти¸ мен кабинетдаман. Ишдан олинган бўлсалар¸ мен билишим керакку! Менинг бундан хабарим йўқ¸ деди Шеробод туман ҳокими ëрдамчиси.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Озодлик мухбири 14 сентябрь кунги сайëр гуруҳ билан учрашувда бевосита қатнашган тадбиркорлардан бири билан қайта боғланди.

Шахси сир қолишини сўраган бу тадбиркор¸ Эшмуродов тадбиркорларга қилган “кимга борсанг бор¸ барибир ўзимга келади”¸ деган мазмундаги таҳдидидан тонганидан сўнг¸ давлат маслаҳатчисига унинг айни дағдағаси ëзиб олинган аудиоëзув тақдим этилгани ва шундан сўнг “оқсоч¸ кўзойнакли маслаҳатчи” (Худойберганов) президент номидан гапираëтгани ва бундай бедодлик учун унинг ишдан олинганини айтганини таъкидлади.

“Бугун бутун Шеробод аҳли шу ҳақда гапираяпти. Бу одам олдин Сурхондарë вилоятига ҳоким бўлган¸ ундан олган облпрокурор бўлган. Унга гап топиб бериш қийин. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди – хоҳласам¸ дўконингни¸ хоҳласам¸ уйингни ер билан текислаб ташлайман” деб дўқ қилгани-қилган. Лекин давлат маслаҳатчиси маладес одам экан¸ томири чуқур бу ҳокимни ишдан олди бизнинг олдимизда”¸ деди 14 сентябрь кунги мажлисда бевосита қатнашган тадбиркорлардан бири.

Шеробод ҳокими ишдан олиндими-олинмадими¸ деган саволга сўнгги аниқликни киритиш мақсадида Озодлик мухбири бевосита Абдулҳаким Эшмуродовнинг қўл телефонига қўнғироқ қилди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Эшмуродов “ўзининг ишдан олинганидан бехабарлиги"ни айта туриб¸ Ўзбекистон қонунчилигига кўра давлат маслаҳатчисининг ҳокимларни ишдан олишга ҳаққи йўқлигига шама қилди:

- Ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Мени тепадан сўраб¸ қанча жавоб керак бўлса¸ ўшаттан олишлариз мумкин. Ҳоким қандай тартибда қўйилади¸ қандай тартибда олинади¸ ундан хабарлариз бор. Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунида аниқ ëзиб қўйилган – уни эълон берилади¸ ҳаммаси ҳал қилинади¸ Халқ депутатлари кенгаши ўтказилади. Ҳамма саволларингизга тегишли тартибда юқори идораларимиздан жавоб олишингиз мумкин. Саломат бўлинг¸ дея суҳбатни тугатди Абдулҳаким Эшмуродов.

Шеробод ҳокими президент маслаҳатчиси ўзини ишдан олганини инкор қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк

14 сентябрь куни Kun.uz сайтида «Ўзпахтасаноат» раҳбари туман ҳокимига ўринбосар бўлди” деган хабар эълон қилинди.

Унга кўра¸ «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти бош директори Яшин Соҳибович Хидиров лавозимдан олиниб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

15 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда Шеробод туман ҳокими ëрдамчиси бу янгиликни интернетда кўргани¸ ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай расмий қоғоз кўрмагани¸ ҳозирча Хидировнинг туманга келмаганини билдирди.

Хидировнинг ҳоким ўринбосарлигига тайинланиши Эшмуродовнинг ишдан олиниш-олинмаслигига алоқадорми-йўқми¸ Озодлик ихтиëрида ҳозирча бунга аниқлик киритувчи маълумот йўқ.

Сурхондарë вилоят ҳокими қабулхонаси телефон гўшагини кўтарган ходим Озодлик радиоси деган сўзни эшитиши билан¸ гўшакни илиб қўйди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Шеробод туман ҳокимининг ишдан олингани ҳақида ўзида маълумот йўқлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG