Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:27

2018 йил қайд этилган тарихдаги тўртинчи энг иссиқ йил бўлди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

АҚШдаги Berkeley Earth тадқиқот гуруҳи эълон қилган илмий ҳисоботда эътироф этилишича, сўнгги тўрт йил глобал ўртача ҳарорат қайд этила бошланганидан бери кузатилган энг иссиқ давр бўлган. 2018 йил эса қайд этилган йиллар ичида тўртинчи энг иссиқ йилдир.

2018 йилги ҳарорат XIX асрнинг иккинчи ярми, яъни 1850-1900 йиллар ўртача ҳароратидан 1,16 даражага юқори бўлган. Саноатлаштириш бошланишидан олдинги ушбу йиллар одатда глобал ҳароратни ўлчашда асос қилиб олинади.

“2018 йилдаги глобал ўртача ҳарорат 2015, 2016 ҳамда 2017 йиллардагидан пастроқ, аммо 2015 йилгача кузатилган энг иссиқ йил бўлган”, дейилади ҳисоботда.

“Шундай экан, 2016 йил тарихий кузатиш бошланганидан бери қайд этилган энг иссиқ йил бўлиб қолмоқда. 2018 йилда ҳарорат озгина пастлагани қисқа муддатли табиий ўзгариш билан боғлиқдир. Умумий тенденция узоқ муддатли глобал исишга мос келади”.

АҚШ ҳукумати ҳам ҳар йили шунга ўхшаш анализ ўтказади. Аммо ҳукумат фаолияти қисман тўхтатиб қўйилгани учун бу йилги анализ ҳали ўтказилгани йўқ.

Европа Иттифоқи молиялаштирадиган Copernicus Climate Change Service дастури 7 январь куни эълон қилган илмий ҳисоботда ҳам 2015-2018 йиллар қайд этилган тарихдаги энг иссиқ йиллар бўлгани таъкидланган эди.

XS
SM
MD
LG