Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:28

Сиёсий маҳкумларнинг “Ҳуқуқий таянч” ташкилоти рўйхатга олинди, Mercy Corps Ўзбекистонга қайтди


"Ҳуқуқий таянч" ташкилоти муассислари Адлия вазирлиги биноси олдида, Тошкент, 2020 йил 11 марти (сурат А.Фармонов томонидан тақдим этилди).
"Ҳуқуқий таянч" ташкилоти муассислари Адлия вазирлиги биноси олдида, Тошкент, 2020 йил 11 марти (сурат А.Фармонов томонидан тақдим этилди).

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Ҳуқуқий таянч” жамоатчилик ташкилоти рўйхатга олинди. Гувоҳнома шу йилнинг 11 март куни вазирлик вакиллари томонидан ташкилот раиси Аъзам Фармоновга топширилди. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг ўзи маълум қилди.

“Очиғи, кутмагандим. Жуда шошиб қолдим. Ахир биз рўйхатдан ўтиш учун икки йилдан ортиқ юрдик. Саккиз марта мурожаат қилганмиз. Ҳатто ташкилотнинг номи аввал “Адолатни қарор топтириш” эди. Сўнг уч ой аввал “Ҳуқуқий таянч”га ўзгартириб, қайта топширдик.

Гувоҳномани олганимдан жуда шокдаман. Гувоҳнома 9 март санаси билан расмийлаштирилган, бизнинг қўлимизга 11 март куни тегди”, деди Аъзам Фармонов Озодликка.

"Ҳуқуқий таянч" Ўзбекистонда 2003 йилдан бери рўйхатга олинган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича илк мустақил ташкилот бўлиб ҳисобланади.

Фуқаролик жамиятинининг юксалиши ва инсон ҳуқуқлари таъминланишига кўмаклашиш мақсади билан иш бошлаган ташкилотнинг таъсисчилари собиқ сиёсий маҳкумлар Аъзам Фармонов, журналист Дилмурод Саййид, Саид Камол ва Аббос Фармоновлардир.

Адлия вазирлиги томонидан 933-сон билан “Ҳуқуқий таянч”га берилган гувоҳномада ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, СТИР рақами ва ташкилий-ҳудудий кодлари акс этган.

Аъзам Фармоновнинг таъкидлашича, жамият таъсисчилари 9 киши, унинг аъзолари сони эса 100 га яқиндир. Ташкилот бир неча кун ичида жамоатчилик учун брифинг ташкил қилиб, ўз фаолияти ва стратегиясини маълум қилмоқчи.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур қадамини олқишламоқдалар.

Хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов “Ҳуқуқий таянч” ташкилотининг рўйхатга олинишини катта мамнуният билан қарши олганини айтади.

“Бизнинг ташкилотимиз 2003 йилда Адлия вазирлигида рўйхатга олинган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти эди. Ҳар ҳолда, бу эътироф қатор халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпусларники. Жамиятимиз ўша пайтда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Лор Крейнер ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Ян Кубишнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан бу натижага эришган. “Ҳуқуқий таянч” эса Мирзиёев даврида рўйхатга олинган илк мустақил ташкилот бўлди”, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳамкасбларига келажак фаолиятларида омад тилаган А. Ташанов фуқаролик жамияти вакиллари ва улар асос солган ташкилотларнинг рўйхатга олиниши жуда муҳим ҳодиса эканини урғулайди.

“Яқинда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича янги стратегияси лойиҳасини тақдим қилди. Ўша анжуманда Парламент қуйи палатасининг вице-спикери Акмал Саидов фуқаролик жамияти ташкилотларининг рўйхатга олиниши масаласида халқаро ташкилотларнинг ҳақли эътирози бўлаётгани, нодавлат ташкилотларини рўйхатга олишда Адлия вазирлиги томонидан сунъий барьерлар яратилаётганини таъкидлади. Умид қиламизки, бундан буён бу борада вазият тубдан ўзгаради”, дейди “Эзгулик” раиси.

Ташановнинг қайд этишича, расман эътироф этилиш, рўйхатдан ўтиш, албатта, фуқаролик жамияти вакиллари учун қатор афзалликлар беради. Ҳуқуқ фаоллари расман мурожаат қилиш, анжуман ва мулоқотларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Кун сайин сафи торайиб бораётган мустақил ҳуқуқ фаолларига издошлар пайдо бўлади. Шу каби жиҳатлардан расман рўйхатдан ўтиш муҳим.

“Умуман, ўзини ҳурмат қилган, халқаро ҳуқуқий мезонлар ва демократияга содиқ ҳукуматлар учун инсон ҳуқуқлари масаласи муҳим ва устувор омилдир. Модомики, Ўзбекистон ана шу жиҳатларни муҳим санаб, инсон ҳуқуқлари, шаффофлик ва плюрализм иддао қилаётган экан, бунинг исботи фуқаролик жамияти вакилларига муносабатида кўринади”, дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолларининг олқишига сабаб бўлган яна бир қадам Mercy Corps халқаро ташкилоти филиалининг рўйхатга олинишидир.

Шу йил 9 март куни Адлия вазирлиги қароргоҳи АҚШда жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти “Меҳрибонлик корпуси” (Mercy Corps)нинг Ўзбекистондаги филиалини рўйхатдан ўтказган.

Mercy Corps логоси.
Mercy Corps логоси.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, филиал уставига мувофиқ, унинг асосий мақсадларидан бири қишлоқ ва шаҳарлардаги оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида хусусий, давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш ва янада мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасаларининг ўқитиш, мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилаш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда таълим сифатини оширишдир.

Филиал келажак 5 йил ичида АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда таълим ва болалар овқатланиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари” лойиҳасини амалга оширишни режаламоқда. Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилашга мўлжалланган.

Филиалнинг фаолияти асосан қишлоқларда ва имконияти чекланган ҳудудлардаги 410 та мактабгача таълим муассасаларига йўналтирилган бўлиб, ушбу муассасаларда таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилади, шунингдек, улар сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.

Лойиҳа ва уставда назарда тутилган фаолиятининг бошқа йўналишлари доирасида филиал мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими ҳамда соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирган.

Mercy Corps Ўзбекистонда аввал ҳам қарийб 11 йил давомида (1995 йилдан 2006 йилгача) фаолият кўрсатган. 2005 йили ташкилот ваколатхонаси солиқ идораларидан 685 миллион сўм даромадни яширганликда айбланган. 2006 йили судда ютиб чиққанига қарамай, ташкилотнинг Ўзбекистондаги филиали ёпилган.

XS
SM
MD
LG