Олимлар илк маротаба инсон тухумҳужайраларини лабораторияда тўлиқ етиштиришга муваффақ бўлди.
Molecular Human Reproduction журналида чоп этилган илмий мақолада ёзилишича, Нью-Йорк ҳамда Эдинбурглик бир гуруҳ олимлар тухумдон тўқимасидан олинган ҳужайраларни лаборатория шароитида ўстириш имконини берувчи янги методни ишлаб чиққан.
Мақолага кўра, ҳужайралар лабораторияда уруғлана оладиган даражага етказилган.
Аввалроқ бу тажриба сичқон тухумҳужайралари устида муваффақиятли амалга оширилган эди. Инсон тухумҳужайраларини тўлиқ етиштириш эса, ривожланишнинг анча кейинги босқичига етган ҳужайралардагина амалга оширилган эди.
Эдинбург университети эълон қилган билдирувда инсон тухумҳужайраси илк маротаба ривожланишнинг дастлабки босқичидан якуний босқичигача етиштирилгани айтилади.
Изланишда иштирок этмаган мутахассислар ушбу ютуқни олқишлади, аммо уни амалда қўллаш учун йиллар керак бўлишини айтди.
Ушбу метод кимёвий терапия каби бепушт қилиш амалиётидан ўтишга мажбур бўлган аёлларга умид бағишлайди. Хусусан, бундай йўл билан амалиётдан аввал беморнинг тўлиқ ривожланмаган тухумҳужайраларини сақлаб қолиб, уларни кейинроқ лабораторияда уруғлантириш мумкин.
Изланиш муаллифларидан бирига кўра, эндиликдаги вазифа лабораторияда етиштирилган тухумҳужайралар қанчалик соғлом эканлиги ўрганишдир.