Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

2018 йилда илм-фан соҳасида эришилган 10 муҳим ютуқ


Американинг Science News журнали 2018 йилда эришилган энг муҳим 10 илмий ютуқ рўйхатини тузди. Журнал рўйхатидан Гренландияда топилган кратердан тортиб, ДНКси ўзгартирилган эгизаклар ўрин олди.

1. Иқлим ўзгариши учун кўрилаётган чоралар

Жорий йилда 2015 йилда иқлим бўйича имзоланган Париж битими иқлим кескин ўзгариши олдини олиш учун етарли бўлмаслиги маълум бўлди. Ўтказилган бир неча тадқиқот айрим табиий офатлар инсон фаолияти туфайли иқлим ўзгариши натижасида юзага келганини кўрсатди. Умуман олганда, бу йил иқлим ўзгариши ҳақида қайғуриш вақти аллақачон келганини билиб олдик.

2. ДНКси ўзгартирилган чақалоқлар

Ноябрь ойида хитойлик олим Хэ Цзянькуй ДНКси ўзгартирилган эгизак қизалоқ туғилганини маълум қилиб, шов-шувга сабаб бўлди. Кўплаб изланувчилар ҳамда этика бўйича мутахассислар эмбрионлар генини ўзгартириш улар соғлиғига таҳдид солишини айтмоқда. Бошқалар эса буюртма асосида тайёрланадиган “супер чақалоқлар” пайдо бўлишидан хавотирда.

3. Генеалогия ёрдамида ечилган жиноятлар

2018 йилда АҚШ терговчилар генетик генеалогиядан фойдалана бошлади. Хусусан, терговчилар гумонланувчиларнинг ва уларнинг қариндош-уруғлари генлари ёрдамида бир неча ўн йил олдин ёки яқинда содир этилган жиноятлар жумбоғини ечди. Аммо ушбу метод генетик дахлсизлик ҳамда полиция амалиётлари ҳақида мунозарага сабаб бўлмоқда.

4. Нейтриноларнинг олис манбаси

Нейтрино деб аталувчи сирли зарралар тинмай Ерга ёғилиб туради. Бу йилга қадар катта энергияли нейтринолар қаердан келишини ҳеч ким билмас эди. Жорий йилда олимлар ниҳоят уларнинг манбасига яхши номзодни аниқлашди: бу блазар деб аталувчи космик маёқлардир. Ушбу кашфиёт ортидан ёруғлик ҳамда нейтронлардан олинган маълумотни таҳлил қилувчи янги астрономия соҳаси юзага келишини кутиш мумкин.

5. Гренландияда топилган кратер

Бир гуруҳ олим Гренландия шимоли-ғарбида бир километр қалинликдаги муз остида топилган кратерни уч йил давомида сир тутди. Ноябрь ойида улар ниҳоят кратерни дунёга тақдим этишди. Бунинг ортидан Сўнгги дриас деб номланувчи қисқа муз даври сабабчиси ҳақидаги мунозаралар авж олди.

6. Чивинлар учун охир замон?

Жорий йилда тарихда илк маротаба олимлар бузғунчи генлар ёрдамида бир тўда чивинни бутунлай йўқ қилишга муваффақ бўлди. Ушбу кашфиёт Ер юзидаги барча чивинларни қириб ташлаш имконини яратади.

7. Ичкиликнинг зиёни

2018 йилда ўтказилган қатор тадқиқотлар алкоголь ҳар қандай миқдорда соғлиқ учун зиён эканлигини кўрсатди. Бунинг ортидан олимлар ичимликдан бутунлай воз кечиш энг яхши йўл эканлигини хулоса қилишди.

8. Марснинг муз қоплаган кўли

Жорий йилда тадқиқотчилар Марснинг жанубий қутбига яқин ҳудудда 1,5 км муз остида яширинган кўлни аниқлашди. Ушбу кўл сайёрада топилган энг йирик суюқлик манбаси бўлиб, у минг йиллаб олдин юзага келгани тахмин қилинмоқда.

9. Паралич билан курашдаги ютуқлар

Бу йил орқа мияни интенсив даволаш ҳамда электрик стимуляция қилиш ёрдамида жиддий жароҳат олган шахслар яна қадам ташлашига эришилди. Ушбу мавзуда чоп этилган уч илмий мақола, шунингдек, орқа мия тикланиши мумкинлиги кўрсатиб берилди.

10. Идрокли одамларнинг келиб чиқиши

Жорий йилдаги археологик топилмалар тош даврида яшаган инсонларнинг топқирлиги ҳақида кўпроқ билиб олишимизга ёрдам берди. Хусусан, homo одамлар биз ўйлагандан анча топқир бўлгани аниқланди.

XS
SM
MD
LG