ҲАМАС ҳужумида Қодиров масжиди шикастланди
ҲАМАСнинг ракета ҳужумида Исроилнинг Абу-Ғош шаҳарчасидаги Аҳмат Қодиров номидаги масжид шикастланган.
Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди:
“ҲАМАС террорчиларининг ракетаси Қуддус яқинидаги Аҳмат Қодиров масжидига келиб тушди”.
Абу-Ғош шаҳарчасида асосан араблар яшайди. 2014 йилда Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Абу-Ғошда отаси Аҳмат Қодиров номидаги масжидни очган эди.
Эрон президенти Исроилга босқинни мақтади
Эрон президенти Иброҳим Раисий “Ислом жиҳоди” етакчиси Зиёд ан-Наҳал билан телефонда сўзлашиб, “Фаластин қаршилик ҳаракатининг ажойиб ва ёрқин ғалабаси”ни олқишлади. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim агентлиги хабар бермоқда.
“Босиб олинган ҳудудларда ҳамда мустабид сионистик режим билан жангда юз берган воқеалар сўнгги 70 йилнинг улкан ноёб воқеалари бўлди, ушбу янгича ва ғолибона амалиётингиз билан ислом оламини чинакам хушвақт қилдингиз”, деган президент Раисий.
Айни пайтда Фаластин жангарилари босқини натижасида 700 дан ортиқ киши ўлгани, 2500 дан зиёд киши яралангани ва 100 дан ортиқ одам асир олиниб, Ғазо бўлгасига олиб кетилгани маълум.
Ушбу воқеаларда жабрланганлар орасида Непал, Тайланд, АҚШ, Буюк Британия, Украина, Россия, Германия ва бошқа мамлакатлар фуқаролари бор.
Ғазода ҳалок бўлганлар сони эса, Фаластин ССВ маълумотига кўра, 550 дан ортиқ кишини ташкил қилади, яна 2900 киши жароҳатлангани айтилмоқда.
ЕИ Фаластинга ёрдам дастурини “музлатди”
Европа Иттифоқининг қўшничилик ва кенгайиш масалалари бўйича комиссари Оливер Вархели ЕИ Фаластинга ёрдам дастурини "музлатганини" маълум қилди.
“Фаластинликларнинг энг йирик донори бўлмиш Европа комиссияси жами 691 миллион евролик бутун тараққиёт лойиҳаларини муҳокамага қўяди. Барча тўловлар дарҳол тўхтатиб қўйилди. Барча лойиҳалар қайтадан кўриб чиқилади. Бюджет бўйича, жумладан 2023 йил бюджетига доир барча таклифлар қолдирилди. Бутун ривожланиш портфелини ҳар томонлама баҳолаш ишлари олиб борилмоқда”, деб ёзди “Твиттер”да Оливер Вархели.
Бир оз аввал Австрия ва Германия Фаластинга ёрдам беришни тўхтатгани маълум қилинган эди.
Саакашвили Исроилни қўллашини билдирди
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Исроил-ҲАМАС урушида Исроил томонини қўллашини билдирди.
Саакашвили масофавий ўтаётган суд йиғилишида камерага Исроил байроғини кўрсатиб, Исроил билан биргалигини айтди.
Бу ҳолат Грузиянинг Mtavari телеканали репортажи пайти намойиш қилинди.
2021 йил октябрида Саакашвили Грузия чегарасидан яширинча ўтганликда гумонланиб Тбилисида қўлга олинган эди. Шундан сўнг у президентлик даврида ваколатларини суиистеъмол қилганлик айблови билан олти йилга қамалди. Грузияда унга қарши яна бир нечта иш қўзғатилган. Улар орасида чегарадан ноқонуний ўтганлик айблови ҳам бор. Май ойида соғлиғи ёмонлашган собиқ президент клиникага кўчирилганди.