Исроил маркази ва жануби Ғазо тарафидан шиддатли равишда ўққа тутилди
Исроил маркази Ғазо сектори томонидан ракета зарбасига тутилиши натижасида Тель-Авивда беш киши жароҳатланган. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар қилди.
Исроил тез тиббий ёрдам хизматига кўра, 24 октябрь куни Тель-Авивнинг Ғазо тарафидан ўққа тутилиши 7 октябрдан буён энг шиддатлиси бўлган. Ўшанда Фаластиндаги ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” радикал гуруҳларининг Исроил жанубига қилган ҳужумларига жавобан Исроил армияси “Темир қиличлар” деб номланган ҳарбий амалиётни бошлаган эди.
Кеча ҳаво тревогаси сигнали Исроил жанубида ҳам янграган. Маълумотларга кўра, “Темир қубба” аксилракета мудофаа тизими ишга туширилган. Тураржой биноларига ракета тушиши оқибатида бир неча киши яраланган, қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Исроил ўзининг шимолий ҳудудлари ҳам муҳтамалан Ливан ва Сурия томонидан ўққа тутилганини маълум қилган.
Ғазо секторини ўз назоратида ушлаб турган ҲАМАС гуруҳи Исроил шаҳарлари кучли ракета зарбасига тутилгани ҳақида маълумот тарқатган.
Макрон “Ислом давлати”га қарши кураш коалициясини кенгайтириб, уни ҲАМАСга қарши қўллашни таклиф қилмоқда
Франция президенти Эммануэль Макрон Ироқ ва Сурияда “Ислом давлати” террор гуруҳига қарши кураш олиб бораётган халқаро коалицияни кенгайтириб, уни Ғазо секторидаги ҲАМАС жангариларига қарши курашга йўналтиришни таклиф қилди.
Қуддус шаҳрида 24 октябрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан биргаликда чиқиш қилган Макрон Франция ва Исроил террорчиликни “умумий душман” деб билишларини урғулаган.
Макрон минтақадаги зиддият хатарларидан ҳам огоҳлантириб, ҲАМАСга қарши кураш “аёвсиз бўлиши лозим”лиги, бироқ “тартиб-қоидасиз бўлмаслиги керак”лигини таъкидлаган.
Айни пайтда Франция президенти ўнлаб мамлакатни ўз ичига олган АҚШ етакчилигидаги коалициядан ҲАМАС жангариларига қарши курашда қандай фойдаланиш мумкинлигига тўхталмаган.
ҲАМАС исроиллик икки нафар ёши катта аёлни гаровдан озод қилди
Исроил бош вазири девонхонаси 23 октябрь оқшоимида ҲАМАС жангарилари гаровда бўлган икки исроиллик аёл – 85 ёшли Йохевед Лифшиц ва 79 ёшли Нурит Куперни озод қилишганини тасдиқлади. Улар Рафаҳ чегара пункти орқали Ғазодан Мисрга олиб чиқиб кетилган ва исроиллик ҳарбийларга топширилган.
ҲАМАС гаровдаги аёллар “асосли гуманитар сабаблар”га кўра ҳамда Миср ва Қатар воситачилигида озод қилинганини билдирган.
Иккала аёл эрлари билан ҲАМАС 7 октябрь куни Исроилнинг жанубий ҳудудларига ҳужум қилган пайтда Ғазо чегараси яқинида жойлашган Нир-Оз қишлоғидаги уйларидан ўғирлаб кетилган. Уларнинг эрлари ҳалигача гаровда тутиб турилибди.
85 ёшли Йохевед Лифшицнинг невараси Даниэль Лифшиц Reuters агентлигига бувиси тинчлик ҳаракати фаоли бўлганини айтган. Даниэлга кўра, бувиси ва бобоси узоқ йиллардан бери Ғазодаги фаластинликларнинг Исроил касалхоналарида муолажа олишларида кўмаклашиб келишган.
Айни пайтда Йохевед Лифшиц ҳам, Нурит Купер ҳам Тель-Авивдаги Ихилов касалхонасида кўрикдан ўтишмоқда.
Исроил расмийлари 23 октябрь куни тарқатган маълумотга кўра, ҳозирда ҲАМАС жангарилари 222 нафар кишини гаровда тутиб туришибди. 21 октябрь куни ҲАМАС америкалик икки аёл - Жудит Раана ва унинг қизи Наталини озод қилган эди.
Жон Кирби: “Ғазода АҚШ фуқароси бўлган бир неча юз нафар киши бор”
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти тинч аҳоли вакиллари, айниқса АҚШ фуқароларининг Ғазодан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашга уринмоқда.
“Биз ҳали-ҳамон тинч аҳоли вакиллари, айниқса, бизга маълум бўлишича, Ғазода юрган ва уни тарк этмоқчи бўлган америкалик бир неча юз фуқаронинг сектордан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашни истаймиз”, деган Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби. Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.
Кирби йўлланишда давом этаётган гуманитар ёрдам ва унинг минтақага етказилишини “ўта муҳим” эканини таъкидлаган. Мулозимга кўра, ёрдам юки Ғазога “имкон қадар тезроқ, максимал ҳажмда ва Исроил қуруқликдаги амалиётини ўтказиш-ўтказмаслигига қарамай” етиб бориши лозим.
АҚШ маъмурияти гуманитар ёрдамнинг бир қисми ҲАМАС тузилмаларига йўналтирилиши мумкинлигига оид хавотирларга қўшилади. Бироқ, Кирбига кўра, ҲАМАС гуманитар ёрдамни бемалол олиш имкониятига эгалигига далил йўқ.