Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:23

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

09:57 8.11.2023

Қирғизистон Мусулмонлар идораси Фаластинга жиҳодга бориш чақириқлари шариатга мувофиқ эмаслигини билдирди

Қирғизистон Мусулмонлар идораси уламолар кенгаши Ғазо секторидаги воқеалар муносабати билан ижтимоий тармоқларда ёйинланаётган турли чақириқлар юзасидан баёнот тарқатди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қайд этилишича, мазкур чақириқлар олимлар томонидан ўрганиб чиқилган.

“Натижада биз диндош биродарларимиз ва опа-сингилларимизга берадиган ёрдамимиз маънавий ва моддий бўлиши керак, деган хулосага келдик. Шунинг учун биз руҳий туғёнга берилиб, якка тартибда ёки уюшган гуруҳлар билан жиҳод мақсадида Фаластинга бориш шариатга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ҚМИ баёнотида.

Шу билан бирга, Қирғизистон Мусулмонлар идораси Исроилнинг Ғазодаги хатти-ҳаракатини қоралаб чиққан.

Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш муносабати билан провокацион баёнотлар берилаётгани юзасидан огоҳлантириш тарқатган эди. Махсус хизмат хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этганлик ёки террористик тайёргарликдан ўтганлик учун мамлакат қонунчилигида жиноий жавобгарлик кўзда тутилганини эслатган.

Жорий йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС радикал гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштиргани оқибатида 1400 дан зиёд исроиллик ҳалок бўлган. Исроил ҲАМАСни буткул йўқ қилиш мақсадида уруш бошлаганини эълон қилган. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган бир ой ичида секторда 10 минг нафардан зиёд фаластинлик ҳаётдан кўз юмган.

09:54 8.11.2023

Миср “Рафаҳ” пунктини Ғазодан чекланган эвакуация учун қайта очди

Миср Чегара хизмати Ғазо сектори билан чегарадаги “Рафаҳ” назорат-ўтказиш пунктини қайта очишини эълон қилди. Бу ердан Миср, аввалда бўлгани каби, мамлакатга фақат бошқа давлатлар фуқаролигига эга бўлган фаластинликларни ҳамда олдин тузилган рўйхатга киритилганларнигина ўтказмоқчи. Шунингдек, Миср расмийлари оғир ярадор бўлганларни ҳам қабул қилишга тайёр эканларини билдиришган.

Исроил армияси якшанба оқшомида Ғазо шаҳри тўлалигича ўраб олинганини маълум қилган. ЦАХАЛ бу ерда блокпост ўрнатган, у орқали шаҳардаги тинч аҳоли вакиллари сектор жанубига чиқиб кетишлари мумкинлиги айтилган. Интернет тармоғида Ғазода яшовчилар бу йўлак орқали жанубга йўл олганлари акс этган видеолар тарқалмоқда.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги душанба куни тўқнашув бошланган 7 октябрдан буён исроилликлар ўқига учганлар сони 10 мингдан ошиб кетгани, уларнинг тўрт минг нафардан кўпроғи болалар экани ҳақида баёнот тарқатди. Бу рақамларни мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони йўқ. БМТ яна бир бор ҳар иккала томонни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган.

11:27 6.11.2023

Еврокомиссия Европада антисемитизм кучайганини билдирди

Европада сўнгги кунларда антисемитизм билан боғлиқ инцидентлар мисли кўрилмаган даражада кўпайди. Бу ҳолат “тарихнинг энг мудҳиш давридаги” айрим воқеаларни эсга солмоқда. Бу ҳақда Европа комиссияси баёнотида билдирилди.

“Ёнилғи қуйилган бутилкалар Германиядаги синагогага ирғитилди, Франциядаги тураржой биноларига Довуд юлдузлари чизиб кетилди, Австрияда яҳудий қабристони таҳқир қилинди, Испанияда яҳудий дўконлари ва синагогаларига ҳужумлар бўлди, намойишчилар яҳудийларга нисбатан нафрат билдирилган шиорларни айтмоқда”, дейилади баёнотда.

Еврокомиссиянинг билдиришича, бугунги кунда Европада яҳудийлар яна қўрқув остида яшамоқда. Еврокомиссия антисемитизм ҳаракатларини қоралади ва ЕИдаги яҳудийлар жамоатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Баёнотда миллати ёки динидан келиб чиққан ҳолда ҳеч ким қўрқувда ва нафрат остида яшамаслиги лозимлиги қайд этилади.

11:02 6.11.2023

Исроил армияси Ғазо тўлиқ қамал қилинганини билдирди

Исроил армияси якшанба куни кечқурун Ғазо шаҳри тўлиқ қамал қилинганини билдирди. Армия расмий вакили Даниэль Хагари Ғазонинг қамал қилинишини ҲАМАСга ҳужумларни кучайтириш учун зарур бўлган “жуда муҳим қадам” деб атади. Унга кўра, қамал ортидан Ғазо бўлгаси шимолий ва жанубий ҳудудларга ажралиб қолди. Хагари Ғазо шаҳри аҳолисини яна бир бора бўлганинг жанубига чиқиб кетишга чақирди.

Якшанба куни Исроил тинч аҳоли Ғазонинг жанубидан шимолига ўтиши учун бир неча соатга йўлак очиб берган эди.

The New York Times газетасининг ёзишича, Исроил қатор давлатлар билан уруш пайтида Ғазодан бир неча юз минг фаластинликни Мисрга олиб чиқиб кетиш бўйича ҳозирча сир сақланаётган музокараларни олиб бормоқда. Нашр манбаларига кўра, кўп давлатлар, жумладан, АҚШ ва Британия урушдан сўнг фаластинликлар Ғазога қайтмаслиги ва Мисрдаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигини назарда тутган ҳолда, бу таклифни рад этган.

Октбярда Миср Ғазо қочқинларини қабул қилишдан бош тортган эди. Миср нуқтаи назарича, Ғазоликларнинг оммавий равишда қўшни давлатга қочиб ўтиши Фаластин давлатини ташкил этишга ҳалақит қилиши мумкин. Ҳозир Миср Рафах чегара пункти орқали фақат чет элликларни ва яраланган фаластинликларни ўтказмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG