Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:20

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

19:46 9.11.2023

БМТ: Ғазо касалхоналарида беморлардан ташқари 117000 тинч аҳоли бошпана топган

Исроил эвакуация қилишни буюрган Ғазо секторидаги энг йирик тиббиёт маркази бўлмиш Аш-Шифа касалхонасида минглаб фаластинлик бошпана топган.

Ум Ҳайтам Ҳижала уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган ва касалхона ҳудудидаги чодирлардан биридан қўним топган. Ҳижалага кўра, тинч аҳолининг бошқа борар жойи йўқ:

“Кучли ҳаво ҳужумлари туфайли уйимизни ташлаб кетдик, бу ерда аҳвол жуда ёмон. Кундан-кунга ёмонлашмоқда. Кеча яқинларимиз, 15 киши ҳужумга учради, уйимизни ташлаб келишга мажбур бўлдик. Озиқ-овқат, сув йўқ. Ўғлим бир литр сув олишга борса, 3-4 соат навбатда туради. Нонвойхоналар ҳам вайрон бўлган, егани нон йўқ”.

27 октябрь куни Исроил ҳарбийлари ҲАМАС радикал гуруҳини Ғазонинг бош касалхонасини туннеллар ва операция марказлари учун ниқоб қилганликда айблади.

ҲАМАС матбуот котиби Иззат Эр-Решиқ Телеграмда: “Душман армияси сўзчиси айтганлари ҳақиқат эмас”, деди ва Исроилни “одамларни яна қирғин қилишни бошлаш” учун ёлғон тарқатишда айблади.

Соғлиқни сақлаш расмийлари айтишича, айни дамда касалхонада 50 мингга яқин фаластинлик жойлашган.

Аш-Шифа ва Ал-Қудс касалхоналари тиббиёт ходимлари айтишича, касалхона бинолари яқинида ҳаво ҳужумлари бўлган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссарининг гуманитар идораси шимолдаги касалхоналарда минглаб беморлар ва шифокорлар билан бирга 117 минг тинч аҳоли бошпана топганини айтди.

19:37 9.11.2023

Исроил Хон Юнисни бомбаламоқда

Минглаб фаластинликлар бомбардимондан қочиб, шимолдан жанубдаги Хон Юнисга кўчиб ўтган. Лекин Исроил кучлари Хон Юнисни ҳам бомбаламоқда.

Исроилнинг Хон Юнисдаги иккита бинога зарба бериши оқибатида бир неча тинч аҳоли ҳалок бўлган. Хабарларга кўра, қурбонлар орасида ёш болалар ҳам бор.

Ярадорлар тез ёрдам машиналарида касалхонага етказилган. Омон қолганларни қидириш давом этмоқда.

Исроил қўшинлари ҳужумга аниқ муносабат билдирмади, бироқ расмийларга кўра, ҲАМАС радикал гуруҳининг ҳарбий ва бошқарув қобилиятини йўқ қилиш кампанияси доирасида Хон Юнисга зарба берилган.

19:33 9.11.2023

Исроил Ғазо марказига кирганини эълон қилди

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС радикал гуруҳининг асосий базалари жойлашган Ғазо шаҳри марказига кирганини маълум қилди. ҲАМАС эса Исроил катта йўқотишларга учраганини билдирди.

Кеча ҲАМАС қуролли қаноти Ғазо шаҳридаги шиддатли кўча жанглари акс этган видеони эълон қилди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҲАМАС ва «Исломий жиҳод» жангари гуруҳи манбаларига кўра, Исроил танклари ер ости туннелларида ҲАМАС жангчиларининг пистирмаларига ва қаттиқ қаршиликларига дуч келган.

Озодлик уруш шароитида томонлар тақдим қилаётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.

19:25 9.11.2023

Ғазода оташкесим бўйича музокара бўлган

ҲАМАС радикал гуруҳи томонидан гаровга олинган ўн чоғли кишини озод этиш эвазига Ғазо секторида уч кунлик гуманитар оташкесимга эришиш бўйича музокаралар олиб борилгани маълум бўлди.

Бу нозик дипломатик музокара ҳақида исмини ошкор этмаслик шарти билан БМТ расмийси ва бир Ғарб дипломати гапирган.

Келишувга эришилса, қамалда қолган 2,3 миллион фаластинлик учун қўшимча ёрдам, жумладан, чекланган миқдорда ёқилғи етказиш имкони пайдо бўларди.

Расмийлар ва дипломатнинг айтишича, музокарага Қатар, Миср ва АҚШ воситачилик қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG