Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:26

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

17:56 19.11.2023

«Қон тўкилиш тўхтамаяпти» - фаластинликлар ўз яқинларини Хон Юнисда дафн этмоқда

Исроил шимолни эгаллагандан сўнг Ғазо жанубига ҳужум бошланиши ҳақида огоҳлантирди. Фаластинликлар ўз яқинларини Хон Юнисда дафн этиш учун йиғилди.

Исроилнинг юқори мартабали манбаси ва икки собиқ амалдорнинг сўзларига кўра, Ғазо жанубига юриш шимолдагидан кўра мураккаброқ ва ҳалокатлироқ бўлиши мумкин, чунки ҲАМАС жангарилари ҳам Хон Юнис ҳудудида жойлашган.

«Ҳаммага маълум, вазият тобора оғирлашиб бормоқда, қон тўкилиш тўхтамаяпти, ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро ҳаракатлар бўлмаяпти, одамларни қириб ташлаш учун душманга яшил чироқ ёқилди. Улар болами, аёлми, фуқароми, қуроллими, қуролсизми ҳаммани йўқ қилишга қарор қилгандек ҳаракат қилмоқда», дейди ғазолик Абу Зайд Қадий.

17:53 19.11.2023

Исроил Жабалия қочқинлар лагерига зарба берди. Ҳужум оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди

Исроил кучлари кеча Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумида бир қанча фаластинлик қурбон бўлди. Маҳаллий расмийлар вайроналар остида одамлар борлигини билдирди.

«Бугун эрталабдан бери Жабалия лагерига ракеталар келиб тушмоқда. Жабалия лагери ўртасида жойлашган бутун бир турар-жой мажмуаси нишонга олинди. Кўриб турганингиздек, бомбардимондан кейин улкан чуқур ҳосил бўлди. Бу ерда 15 киши вайроналар оатида қолиб кетган. Уч кишининг жасади чиқариб олинди ва биз қолганларни қидиришда давом этяпмиз», дейди тез тиббий ёрдам ходими.

Техникалар етишмагани боис фуқаро мудофааси кучлари ва тинч аҳоли омон қолганлар ва жасадларни олиб чиқиш учун вайроналарни қўлда ковлашга мажбур бўлмоқда.

«Тирик қолганлар ва жасадларни тортиб олишда жуда қийналяпмиз. Омон қолганларни олиб чиқишга эътибор қаратяпмиз. Кўриб турганингиздек, икки қўл билан ишлашга мажбурмиз. Битта экскаватор бор эди у ҳам ишдан чиқди. Бульдозер ҳам бузилди. Кўплаб тез ёрдам машиналари ёнилғи тугагани сабабли ишламаяпти», дейди тез тиббий ёрдам ходими.

Исроил-Ҳамас можароси 7-ҳафтага кирар экан, Ғазо сектори расмийлари ҳалок бўлганлар 12300 кишига етгани, улардан 5000 нафари болалар эканини маълум қилди.

14:16 18.11.2023

Хон Юнисда бомбардимон оқибатида 26 га яқин фаластинлик ҳалок бўлган

Исроил армияси шанба тонгда Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнис шаҳрини бомбалаши оқибатида 26 га яқин фаластинлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда Рейтер агентлиги Фаластиндаги манбаларига таяниб хабар берди.

Исроил мудофаа кучлари бу хабарларга ҳозирча изоҳ бермаган. Озодлик бу хабарни бошқа манбалардан тасдиқлай олмайди.

Шу ҳафта бошида Исроил ҳарбийлари тунда Хон Юнис ҳудудига варақалар ташлаб, шаҳар аҳолисини уйларини тарк этиб, бошпаналарга боришга чақиргани хабар қилинган эди.

Октябр ойида Хон Юнис аҳолиси Ғазо шимолидан жанубга қочиб кетгани сабабли, Хон Юнис аҳолиси сони 400 мингдан миллиондан ошган.

14:10 18.11.2023

Ғазога чекланган миқдорда ёқилғи етказиш қайта тикланмоқда

Исроил ўзининг бош иттифоқчиси Вашингтоннинг сўровидан сўнг, қамал ичида қолган Ғазога инсонпарварлик мақсадларида кунлик ёқилғи етказиб беришга рози бўлди.

Исроил мудофаа вазирлиги жума куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан ёрдам жўнатишда чекловлар йўқлигини эълон қилди. Бу эса Исроил тинч аҳоли учун уруш шароитида баъзи халқаро босимларга бўйсунаётганидан далолат беради.

Исроил расмийсининг айтишича, ёқилғи етказиб бериш асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёрдам ходимлари эҳтиёжларини қондириш учун бўлади, лекин минимал етказиб бериш канализация ва санитария тизимларига йўналтирилади.

Америка расмийсининг айтишича, ёқилғининг бир қисми генераторларда ишлашга мажбур бўлган уяли телефон тармоқларини қувватлантириш учун ҳам кетади.

7 октабр куни жангарилари 1200 кишини ўлдирган ва 240 нафар гаровга олингани учун Исроил Ғазони назорат қилаётган ҲАМАС жангари гуруҳини йўқ қилишга киришди.

Ўшандан бери Исроил Ғазони ҳам ҳаводан ҳам қуруқликдан ҳужумга тутмоқда. Ғазони қуршовга олди.

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари бўлгада қурбонлар сони 12 000 дан ошган, уларнинг 5 000 нафари болалар. Вайроналар остида ҳам кўплаб одамлар қолиб кетган ва қурбонлар айтилаётганидан кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ушбу рақамларни ишончли деб ҳисоблайди, аммо маълумот тўплаш қийинлиги сабабли улар камдан-кам янгиланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG