Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:31

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

15:50 25.11.2023

Ҳамас гаровга олган исроилликларнинг навбатдаги гуруҳи озод этилиши кутиляпти

Исроил расмийларининг айтишича, бугун Ҳамас билан сулҳнинг иккинчи куни гаровга олинган 14 нафар исроиллик 42 фаластинлик асир эвазига озод қилинади.

Рейтер агентлиги Миср шанба куни озод қилинадиган Ҳамас гаровидаги 14 кишининг рўйхатини олганини хабар қилди.

Кеча тўрт кунлик сулҳ доирасида 13 нафар исроиллик, 10 нафар тайландлик ва бир филиппинлик озод этилди. 39 фаластинлик Исроил қамоқхоналаридан озод этилди.

Вақтинчалик оташкесим шартларига кўра, жума куни эрталабдан бошланган жанговар ҳаракатлардаги тўрт кунлик пауза давомида жами 50 нафар исроиллик гаровдан озод этилиши керак.

Ҳамаснинг билдиришича, келишувга кўра, 150 нафар фаластинлик аёл ва ўсмир Исроил қамоқхоналаридан озод қилинади ва инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёқилғи ортилган юзлаб юк машиналари Ғазо секторига киритилади.

Исроилга ҳужум пайтида 240 га яқин киши гаровга олинган. Кеча АҚШ президенти Жо Байден ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилишини истисно этмади. Бундай ҳолда, кўпроқ гаровга олинганларни озод қилиш мумкин бўлади.

14:31 25.11.2023

Ғазода оташкесим амалди, бўлгага инсонпарварлик ёрдамлари кирмоқда

Оташкесим кучга кирганидан бери Рафаҳ чегара пункти орқали Ғазога гуманитар ёрдамлар кирмоқда.

Қатар ва Миср воситачилигида Хамас ва Исроил чоршанба куни жума кунидан бошлаб тўрт кунлик гуманитар оташкесим тўғрисида келишувга эришдилар.

Келишувга кўра, сулҳ пайтида ҳар куни Ғазога 130 минг литр дизел ёқилғиси, инсонпарварлик ёрдамлари ортилган 200та юк машинаси киради.

Ўт очишни тўхтатиш бошланишидан олдин баъзи давлат расмийлари чегара пунктига бориб, вазиятни кузатди:

“Умид қиламанки, сулҳ кўпроқ ёрдам юк машиналари, гуманитар ва тиббий ёрдамлар етказилишига имкон беради”, деди Саудия Арабистони Қироллик маҳкамаси маслаҳатчиси Шайх Абдуллоҳ Ал Рабиа.

Айни пайтда Исроил ва Ҳамас келишуви доирасида гаровдаги 13 исроиллик жума куни озод этилди. Бу ўзаро алмашишнинг биринчи босқичи якунланди. Ҳамаснинг ҳарбий қаноти бўлмиш Ал-Қассам бригадалари 13 нафар исроилликдан ташқари 10 нафар Таиланд фуқароси ва бир нафар филиппинликни озод қилди.

Кечқурун 39 нафар фаластинлик маҳбусни олиб кетаётган автобуслар Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳ шаҳри яқинида жойлашган Исроилнинг Офер қамоқхонасидан жўнаб кетди.

Келишувга кўра, Хамас Исроилда сақланаётган 150 га яқин фаластинлик маҳбуслар эвазига Ғазодан камида 50 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилади.

Бундан ташқари, сулҳ ярадорлар ва беморларни даволаниш учун ҳудуддан ташқарига кўчиришга ҳам рухсат берди.

Пайшанба куни Хамас матбуот бўлимининг маълум қилишича, 7 октабр куни бошланган можародан бери Ғазо секторида 14 854 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 6 150 бола ва 4 000 дан ортиқ аёл бор, 36 000 дан ортиқ киши жароҳат олган.

13:18 25.11.2023

13 нафар исроиллик Хамас гаровидан озод этилди

Гаровдан озод этилган 13 нафар исроиллик вертолётда мамлакат жанубидаги Ҳицерим ҳаво базасидан шифохоналарга олиб кетилди.

Тел-Авив яқинидаги Петак-Тиква шаҳридаги Шнайдер болалар тиббиёт марказига иккита вертолёт қўнди.

Хамас томонидан озод этилган 13 исроиллик гаровга олинганлар орасида тўрт нафар бола бор: уч қиз ва бир ўғил.

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили журналистларга Шнайдер марказига саккиз нафар гаровдан озод этилган исроиллик келтирилганини айтди.

13 исроилликдан ташқари Хамас алоҳида келишув асосида 10 таиландлик ва бир филиппинликни озод қилди.

Шнайдер маркази директори доктор Эфрат Барон Хар-Левнинг журналистларга айтишича, собиқ гаровга олинган саккиз кишининг ҳаммасининг жисмоний ҳолати яхши, улар ҳозирда тиббий-психологик текширувдан ўтмоқда.

12:38 24.11.2023

Ғазода вақтинчалик оташкесим кучга кирди

Ғазо бўлгасида Исроил ва ҲАМАС ўртасида вақтинчалик оташкесим 24 ноябрдан кучга кирди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

The Times of Israel газетасининг билдиришича, оташкесим тўғрисидаги сўзлашувлар ҲАМАС билан Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигида ўтказилган эди.

22 ноябрда Исроил Ғазода вақтинча ўт очишни тўхтатиш тўғрисида ҲАМАС билан эришилган келишувни тасдиқлаган эди. Келишувга кўра, Ғазода камида тўрт кунлик оташкесим эълон қилинади. Бу даврда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилог сифатида тан олинган ҲАМАС 7 октябрда Исроилга қилган ҳужумида гаровга олган 200 дан кўпроқ кишининг 50 нафарини озод қилиш мажбуриятини олади.

Оташкесимнинг бугунги кунида ҲАМАС гаровга олинган 13 кишини озод қилиши керак. Таҳминан бу иш маҳаллий вақт билан соат 16 да амалга оширилиши кутилмоқда.
Бунга жавобан Исроил жума куни қамоқларда сақланаётган 39 фаластинлик аёл ва ўсмирни бўшатади.

Гаровдан бўшатилган исролликлар Мисрга, қамоқлардан бўшатилган фаластинликлар эса Ғарбий соҳилга ўтказилади.

Оташкесим пайтида Ғазо бўлгасига ҳар куни гуманитар ёрдам, 130 минг литрдан дизел ёнилғиси ва 200 тадан юк автомашинасида гуманитар ёрдам етказилади.

ҲАМАС-Исроил уруши оқибатида Исроилда 1200 киши ҳалок бўлган ва 240 киши гаровга олинган. ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрдан бери бўлгада 14 минг киши ҳалок бўлганини, уларнинг асосий қисми аёллар ва болалар эканини айтмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG