Францияда 200 мингга яқин киши антисемитизмга қарши намойишга чиқди
Францияда икки юз мингга яқин киши антисемитизмга қарши намойишларда иштирок этди. Le Parisien нашрининг полицияга таяниб хабар беришича, Париждаги акцияда юз мингдан кўпроқ киши қатнашган.
Антисемитизмга қарши марш ўтказиш ташаббусини Сенат спикери Жерар Ларше ва Миллий ассамблея раиси Яэль Браун-Пиве кўтарган.
Париждаги намойишда бош вазир Элизабет Борн ва собиқ президентлар Франсуа Олланд ҳамда Николя Саркози иштирок этди.
Le Parisien антисемитизмга қарши маршда радикал сўлчи мухолифатдан ташқари барча сиёсий партиялар, жумладан, ўта ўнгчилар ҳам қатнашганига эътибор қаратган.
Бундан аввал Европа комиссияси Европада антисемитизм ҳолатлари кўпайганидан ташвиш билдирган эди.
Расман маълум қилинишича, Франциянинг ўзидагина бир ой ичида яҳудийларга қарши 1200 жиноят содир этилгани қайд этилган. Октябрда Франция ҳукумати “жамоат хавфсизлигига таҳдид туғилмаслиги” учун фаластинликларни қўлловчи митинглар ўтказишни тақиқлаган эди. Лекин қатор шаҳарларда тақиққа қарамасдан намойишлар ўтказилмоқда.
Нетаняҳу Ғазо назорати Фаластин маъмуриятига берилишига қарши чиқди
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ғарб лидерлари Ғазода ўт отишни тўхтатиш тарафдорларининг босимига қаршилик кўрсатиши зарурлигини, Исроил ҲАМАС устидан ғалаба қилиши шартлигини билдирди. ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот қаторида тан олинган.
Нетаняҳунинг бу баёноти Франция президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига жавоб тариқасида айтилди. Макрон Исроилни Ғазода ўт отишни тўхтатишга чақириб: “Бу болалар, бу аёллар, бу қарияларни бомбардимон қилинмоқда ҳамда ўлдирилмоқда. Бунинг ҳеч қандай сабаблари ва легитимлиги йўқ. Шунинг учун биз Исроилни тўхташга чақирамиз”, - деб айтган эди.
Нетаняҳу ўз баёнотида Исроил “зарурат туғилса бутун жаҳонга қаршилик кўрсата олиши”ни, ҳеч қандай халқаро босим, “давлат ёки ҳарбийларга нисбатан билдирилаётган сохта айбловлар” мамлакатни ўз қатъиятидан қайтара олмаслигини таъкидлади.
Нетаняҳу ҲАМАС Ғазонинг шимолий қисми назоратини қўлдан бой берганини айтди. Унга кўра, Ғазо Исроилга қарши терактларни амалга оширишда фойдаланиладиган ҳудудга айланмаслиги учун ЦАХАЛ “қанча зарур бўлса шунча муддат” бўлгада қолади.
“ҲАМАС қуролсизлантирилади. Исроилга бундан буён Ғазо бўлгасидан таҳдидлар бўлмайди. Буни кафолатлаш учун эса ЦАХАЛ қанча талаб қилинса шунча муддат Ғазо хавфсизлигини назорат қилади”,- деди Нетаняҳу.
Исроил бош вазири Ғазо назоратини Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Маҳмуд Аббос раҳбарлик қилаётган Фаластин миллий маъмуриятига топширилишига қарши эканини таъкидлади.
БМТ ёнилғи берилмаса Ғазодаги фаолияти тўхтатилиши мумкинлигини билдирди
БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги ёнилғи етишмовчилиги оқибатида Ғазодаги фаолияти тўхтаб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Ғазога ёнилғи олиб киришга рухсат берилмаса, гуманитар операциялар 48 соат ичида тўхтаб қолиши мумкин”, - деб ёзди агентликнинг Ғазодаги ваколатхонаси раҳбари Томас Уйат Х (аввалги Твиттер) ижтимоий тармоғида.
АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деп тан олинган ҲАМАСга қарши уруш доирасида қамал қилинган Ғазода гуманитар вазият оғирлашиб бормоқда.
Ғазодаги касалхоналарда биринчи галда зарур бўладиган дори-дармонлар тугаб бормоқда. Касалхоналарда электр энергияси таъминоти узилиб қолганда генераторлар ишлатилаётган эди. Ҳозирда ёнилғи йўқлиги ортидан генераторлардан фойдаланиш имконияти ҳам бўлмай қолди.
Фаластинлик қочқинлар бўйича БМТ агентлиги раҳбари Филипп Лаззарининг айтишича, Исроил ҳарбийлари ёнилғи етказиб бериш масаласидаги сўровга ҳозирча жавоб бермаган.
Исроил ҳукумати ҲАМАС ёнилғини ҳарбий ҳаракатлар учун ишлатаётганини, Ғазода ёнилғи заҳираси муҳим эҳтиёжлар учун етарли эканини айтмоқда.
БМТ агентлиги Ўзбекистон ҳукуматига гуманитар ёрдам учун миннатдорчилик билдирди
БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги гуманитар миссиясига ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. Агентликнинг 13 ноябрда маълум қилишича, Ўзбекистон бу маблағни 2 ноябрда тақдим этган.
«Ғазода 7 октябрда бошланган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида шу кунгача 11 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлди, улардан 70 фоизи аёллар, болалар ва кексалардир. Ўрта ҳисобда ҳар ўн дақиқада бир бола ҳалок бўлмоқда, икки бола яраланмоқда. Деярли 1, 5 миллион киши Ғазонинг турли ҳудудларига чиқиб кетди ва уларнинг деярли ярми Фаластинлик қочқинлар бўйича агентликнинг 154 объектида жон сақламоқда. Рафақ чегара назорат пункти орқали Ғазога 980 та юк машинасида гуманитар ёрдам олиб кирилди. Бу Ғазо бўлгасида тузоққа тушиб қолган икки миллиондан кўпроқ кишининг эҳтиёжлари олдида денгиздан бир томчи», - дейилади агентлик баёнотида.
31 октябрь куни ўтган ҳукумат мажлисида Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқига ва унинг мустақилликка бўлган ҳуқуқига “кучли хайрихоҳ” эканини ва БМТнинг ҳудуддаги гуманитар миссиясига ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратилишини билдирганди.
У Ҳамас ва Исроил ўртасида уруш бошлангандан буён “бегуноҳ ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлаётгани”ни таъкидлаганди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган.