Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

18:01 19.11.2023

Нетаняху: “Исроил уруш қонунларига амал қилади”

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Тел-Авивдаги Исроил мудофаа штаб-квартирасида шанба куни (18-ноябр) ўтказилган брифингда “Исроил уруш қонунларига амал қилади” деди.

“Исроил уруш қонунларига амал қилади. Дунёдаги энг ахлоқли армия - бизнинг армиямиз шундай ишлайди. Халқаро ёрдамни қўллаш учун инсонпарварлик ёрдами ҳам жуда муҳимдир. Гуманитар ёрдам бўлмаса, ҳатто энг яхши дўстларимиз ҳам вақт ўтиши билан бизни қўллаб-қувватлашга қийналади ва урушни охиригача давом эттириш биз учун жуда қийин бўлади”.

Шанба куни Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги турар-жой ҳудудларига уюштирган ҳужумларида камида 47 киши ҳалок бўлди. Айни пайтда БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги қочқинларга бошпана берган шимолдаги мактабда яна ўнлаб киши ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақида хабар қилди.

18:02 19.11.2023

Байден: Биз Путин ва ҲАМАС олдида чекинмаймиз

АҚШ президенти Жо Байден The Washington Post газетасида эълон қилинган мақоласида Россия президенти Владимир Путин билан Фаластиннинг АҚШ ва Европа иттифоқида террорчи ташкилот деб топилган ҲАМАС гуруҳи хатти-ҳаракатларини таққослар экан, уларнинг Украина ва Исроилга қарши кураш услублари ва мақсадлари ўхшашлигини урғулади.

Байден ҲАМАСнинг “топ-тоза ёвузликлари”ни ва Путиннинг Украинага қарши “тажовуз”ини қайд этаркан, жаҳон ҳамжамияти уларни тўхтата оладими ёки йўқ, дея савол қўяди.

“Путин ҳам, ҲАМАС ҳам қўшни демократик давлатларни дунё харитасидан ўчириб ташлашга интилишмоқда. Путин ҳам, ҲАМАС ҳам минтақавий барқарорлик ва интеграция инқирозига умид қилишяпти, хаос тарқатиш ҳисобига устунликка эришишмоқчи”, деб ёзади Байден ва Америка “бундай бўлишига изн бера олмайди, изн бермайди ҳам”, дея таъкидлайди.

Айни чоғда, Оқ уй раҳбарига кўра, дунё олдиндаги бир неча ўн йиллик истиқболни белгиловчи танлов қаршисида турибди.

Байденнинг фикрича, Путин ва ҲАМАСнинг уруш чорловини қабул қилиш ва уларнинг ўз режаларини амалга оширишига йўл қўймаслик лозим.

12:26 21.11.2023

Боррель: Фаластин давлатининг ташкил этилиши Исроил хавфсизлигини таъминлайди

Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Фаластин давлатининг ташкил этилишини Исроил хавфсизлиги таъминланишининг энг асосий омилларидан бири деб ҳисоблайди.

Боррель бу ҳақда 20 ноябрь куни ЕИга аъзо 27 давлат ташқи ишлар вазирлари билан ўтган видеоучрашувда гапирди. У вазирларга ҲАМАС-Исроил уруши юзасидан музокаралар ўтказиш учун Яқин Шарққа қилган сафари юзасидан ҳисобот берди. ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Боррелга кўра, у Яқин Шарқда ўтказган музокаралар натижасида “фундаментал сиёсий хулоса”га келган.

“Мен ўйлайманки, Исроил хавфсизлигининг энг яхши кафолати Фаластин давлатининг ташкил этилишидир”, - деди у.

Боррель Исроил Ғазони оккпуация қилмаслиги ва бўлгани Фаластин мухторияти назоратига ўтказиб бериши шарт, деб ҳисоблайди.

Бундан олдинроқ Қўшма Штатлар президенти Жо Байден The Washington Post газетасига ёзган мақоласида ҳам бу мавзуни кўтарган эди.

Байден мақоласида Фаластин халқи ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади ва Ғазода тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлганидан чуқур қайғуда эканини билдирди. У ҲАМАСни тинч аҳолини тирик қалқон сифатида қўллаганликда айблади.

АҚШ президентига кўра, ҲАМАСнинг йўқ қилиниши ва мустақил Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишнинг асосий шартидир.

09:51 22.11.2023

Исроил ва ҲАМАС вақтинчалик оташкесимга келишди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 22 ноябрнинг эрта тонгида Ғазода камида тўрт кунлик оташкесим бўлишини эълон қилди. Бу даврда АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилогт сифатида тан олинган ҲАМАС 7 октябрда Исроилга қилган ҳужумида гаровга олган 200 дан кўпроқ кишининг 50 нафарини озод қилиш мажбуриятини олди.

WhatsUp мессенжерида тарқатилган расмий хабарда Исроил ҳукумати ҲАМАС гаровга олганларнинг барчасининг озод этилишига эришиш ниятида қатъий экани билдирилган.

«Ҳукумат бу мақсадга эришиш режасининг биринчи босқичини маъқуллади. Ўғирланганлардан камида 50 нафари – аёллар ва болалар – тўрт кун ичида озод этилади. Бу вақт мобайнида ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилади», - дейилади расмий хабарда.

Иккинчи босқичда эса бир кунлик оташкесим эълон қилинади ва 10 киши гаровдан озод этилади.

ҲАМАС ва музокарада воситачи бўлган Қатар вакиллари Исроил ҳукуматининг бу баёнотига ҳозирча муносабат билдирмади.

Оташкесим 23 ноябрдан кучга кириши мумкин. Чунки Исроил суд органлари мазкур қарорнинг қонунийлигини тасдиқлаши шарт.

New York Times газетасининг Исроил ҳукуматидаги манбаларга таяниб ёзишича, ҲАМАС 50 нафар кишини озод қилиши эвазига Исроил қамоқлардан 150 нафар фаластинликни чиқаради.

Оташкесим пайтида Исроил ҳарбийлари Ғазода эгаллаган позицияларида қолади, Ғазо шимолини тарк этганлар уйларига қайтиш имкониятига эга бўлмайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG