13 нафар исроиллик Хамас гаровидан озод этилди
Гаровдан озод этилган 13 нафар исроиллик вертолётда мамлакат жанубидаги Ҳицерим ҳаво базасидан шифохоналарга олиб кетилди.
Тел-Авив яқинидаги Петак-Тиква шаҳридаги Шнайдер болалар тиббиёт марказига иккита вертолёт қўнди.
Хамас томонидан озод этилган 13 исроиллик гаровга олинганлар орасида тўрт нафар бола бор: уч қиз ва бир ўғил.
Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили журналистларга Шнайдер марказига саккиз нафар гаровдан озод этилган исроиллик келтирилганини айтди.
13 исроилликдан ташқари Хамас алоҳида келишув асосида 10 таиландлик ва бир филиппинликни озод қилди.
Шнайдер маркази директори доктор Эфрат Барон Хар-Левнинг журналистларга айтишича, собиқ гаровга олинган саккиз кишининг ҳаммасининг жисмоний ҳолати яхши, улар ҳозирда тиббий-психологик текширувдан ўтмоқда.
Ғазода оташкесим амалди, бўлгага инсонпарварлик ёрдамлари кирмоқда
Оташкесим кучга кирганидан бери Рафаҳ чегара пункти орқали Ғазога гуманитар ёрдамлар кирмоқда.
Қатар ва Миср воситачилигида Хамас ва Исроил чоршанба куни жума кунидан бошлаб тўрт кунлик гуманитар оташкесим тўғрисида келишувга эришдилар.
Келишувга кўра, сулҳ пайтида ҳар куни Ғазога 130 минг литр дизел ёқилғиси, инсонпарварлик ёрдамлари ортилган 200та юк машинаси киради.
Ўт очишни тўхтатиш бошланишидан олдин баъзи давлат расмийлари чегара пунктига бориб, вазиятни кузатди:
“Умид қиламанки, сулҳ кўпроқ ёрдам юк машиналари, гуманитар ва тиббий ёрдамлар етказилишига имкон беради”, деди Саудия Арабистони Қироллик маҳкамаси маслаҳатчиси Шайх Абдуллоҳ Ал Рабиа.
Айни пайтда Исроил ва Ҳамас келишуви доирасида гаровдаги 13 исроиллик жума куни озод этилди. Бу ўзаро алмашишнинг биринчи босқичи якунланди. Ҳамаснинг ҳарбий қаноти бўлмиш Ал-Қассам бригадалари 13 нафар исроилликдан ташқари 10 нафар Таиланд фуқароси ва бир нафар филиппинликни озод қилди.
Кечқурун 39 нафар фаластинлик маҳбусни олиб кетаётган автобуслар Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳ шаҳри яқинида жойлашган Исроилнинг Офер қамоқхонасидан жўнаб кетди.
Келишувга кўра, Хамас Исроилда сақланаётган 150 га яқин фаластинлик маҳбуслар эвазига Ғазодан камида 50 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилади.
Бундан ташқари, сулҳ ярадорлар ва беморларни даволаниш учун ҳудуддан ташқарига кўчиришга ҳам рухсат берди.
Пайшанба куни Хамас матбуот бўлимининг маълум қилишича, 7 октабр куни бошланган можародан бери Ғазо секторида 14 854 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 6 150 бола ва 4 000 дан ортиқ аёл бор, 36 000 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Ҳамас гаровга олган исроилликларнинг навбатдаги гуруҳи озод этилиши кутиляпти
Исроил расмийларининг айтишича, бугун Ҳамас билан сулҳнинг иккинчи куни гаровга олинган 14 нафар исроиллик 42 фаластинлик асир эвазига озод қилинади.
Рейтер агентлиги Миср шанба куни озод қилинадиган Ҳамас гаровидаги 14 кишининг рўйхатини олганини хабар қилди.
Кеча тўрт кунлик сулҳ доирасида 13 нафар исроиллик, 10 нафар тайландлик ва бир филиппинлик озод этилди. 39 фаластинлик Исроил қамоқхоналаридан озод этилди.
Вақтинчалик оташкесим шартларига кўра, жума куни эрталабдан бошланган жанговар ҳаракатлардаги тўрт кунлик пауза давомида жами 50 нафар исроиллик гаровдан озод этилиши керак.
Ҳамаснинг билдиришича, келишувга кўра, 150 нафар фаластинлик аёл ва ўсмир Исроил қамоқхоналаридан озод қилинади ва инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёқилғи ортилган юзлаб юк машиналари Ғазо секторига киритилади.
Исроилга ҳужум пайтида 240 га яқин киши гаровга олинган. Кеча АҚШ президенти Жо Байден ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилишини истисно этмади. Бундай ҳолда, кўпроқ гаровга олинганларни озод қилиш мумкин бўлади.
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги оташкесим 1-2 кунга узайтирилиши мумкин
Миср расмийлари шанба куни Исроилнинг Ҳамас билан сулҳ муддатини бир ёки икки кунга узайтириши мумкинлиги ҳақида икки томондан ижобий сигналлар олганини маълум қилди.
Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар қилди.
Миср Давлат Ахборот Хизмати раҳбари Диаа Рашван ўз баёнотида мамлакат барча томонлар билан тўрт кунлик сулҳни узайтириш бўйича келишувга эришиш учун фаол музокаралар олиб бораётганини билдирди.
Бу эса Равшанга кўра, “Ғазодаги кўпроқ маҳбуслар ва Исроил қамоқхонасидаги фаластинлик маҳбусларнинг озод этилишини англатади”.