Исроил Ғазо жанубида ва Ғарбий соҳилда ҳарбий амалиётни давом эттирмоқда
Ахборот агентликларининг 5 декабрда хабар беришича, Исроил армияси Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнус шаҳрига интенсив зарбалар бермоқда. Фаластиннинг WAFA агентлиги ЦАХАЛ Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрига ҳам ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Фаластин манбаларининг билдиришича, ЦАХАЛ шимолдаги Шхема туманида, Асқар қочқинлар лагерига, Жалузун, Даэйшэ, Қаландия ва Байт Коҳил шаҳарчаларида ҳам амалиёт ўтказган. Бундан ташқари 5 декабрга ўтар кечаси Исроил армияси Қуддусдаги Шуафат қочқинлар лагерига кириб келган.
ЦАХАЛ ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади. Бироқ армия Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳужумига жавобан ҳарбий самолётлар билан гуруҳ манзилларига зарба берганини маълум қилди. “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва қисман ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
ЦАХАЛнинг хабар беришича, “Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг Ливан билан чегарадош Зарит шаҳрига бомба отган. Бунга жавобан Исроил армияси Ливаннинг “бир қатор ҳудудларини артилерия билан бомбардимон қилган”.
Ғазода мобил алоқа ва интернет ўчиб қолди
Ғазо бўлгасидаги асосий телекоммуникация ширкати бўлган PalTel мобил алоқа ва интернет ўчиб қолгани тўғрисида маълум қилди.
"Ғазо бўлгасидаги барча телекоммуникация хизматлари Исроил томонидан асосий тизимлар узиб қўйилгани оқибатида ўчиб қолганини авфсус билан билдирамиз", - дейилади ширкат билдирувида.
Шу билан бир қаторда, АҚШ оташкесим якунланганидан сўнг Исроилдан ёқилғи ташувчи автомашиналарни Ғазога кўпроқ ўтказишни талаб қилмоқда.
“Биз ёқилғи етказиб бериш жараёни қайта тикланиши шартлиги тўғрисида аниқ мужда бердик. Ёқилғи оташкесим пайтида етказиб берилган ҳажмлардан кўпроқ бўлиши лозим”,- деб баёнот берди АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроил армиясига 4 декабрда 24 соат ичида Ғазодаги иккита дори-дармон омборини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берилганини танқид қилди. Ташкилот раҳбари Тедрос Аднан Гебрейесус ЦАХАЛни буйруқни бекор қилишга ва "тинч аҳоли, фуқаролик инфраструктуралари, жумладан, касалхоналар ва гуманитар объектлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиш"га чақирди.
Исроил ўз навбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу баёноти асоссиз эканини ва БМТ тегишли органларига Ғазодан дори-дармон омборларини эвакуация қилишга буйруқ берилмагани тўғрисида расмий ахборот тақдим этилганини билдирди.
Исроил ўз фуқароларига Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига бормасликни тавсия қилмоқда
Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгаши (МХК) ўз фуқароларига Африка ва Марказий Осиёнинг қатор давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга боришни тавсия этмаслигини билдирди.
Ғарбий Европа, Жанубий Америка, шунингдек, Австралия ва Россиянинг баъзи минтақаларида исроилликларга эҳтиёт чораларини кучайтириш тавсия этилди. Департамент маълумотларига кўра, бу мамлакатларда антисемитизм кайфияти ошган, яҳудийларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар қилиниши эҳтимоли мавжуд.
Агентлик Буюк Британия, Германия, Франция, Бразилия, Аргентина, Австралия ва Россиядаги Исроил фуқаролари хавфини иккинчи даражага кўтарди. Исроил фуқароларига ушбу мамлакатларга ташриф буюришда эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.
Марказий Осиё давлатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон) ва Африка (Жанубий Африка ва Эритрея) учинчи даражали огоҳлантириш тоифасига киритилди. МХК ушбу мамлакатларга зарур бўлмаган саёҳатлардан воз кечишни тавсия қилди.
АҚШ Исроилни Ғазода тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишига йўл қўмасликка чақирди
Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётида тинч аҳоли ҳалок бўлишда давом этмоқда. АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Ғазода тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш талаби билан Исроилга босим кўрсатмоқда, деб хабар берди Reuters.
Хабарда айтилишича, Вашингтон босим кўрсатиш воситаси сифатида Исроилга ҳарбий ёрдам камайтирилиши мумкинлигини айтмоқда.
Вице-президент Камала Харрис ва давлат котиби Энтони Блинкен ўз чиқишларида Исроил тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун “жарроҳ каби аниқ амалиёт ўтказиши” шартлигини таъкидлади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 5 декабрда ўтган матбуот анжуманида АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши уруш якунланганидан сўнг Ғазо ЦАХАЛ назорати остида қолиши лозимлигини таъкидлади.
“Бу урушни якунлашнинг ва тез якунлашнинг ягона йўли ҲАМАСга нисбатан қақшатқич куч ишлатишдир. Қақшатқич куч билан уни йўқ қилишдир”, — деди Исроил бош вазири.
Исроил армияси вакили Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида ҲАМАС қўмондонлик пункти йўқ қилинганини билдирди. Шунингдек, Ғазода ҲАМАСнинг 500 та ер ости йўли ҳам вайрон қилинган.