Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:30

2010 садоси: Ботировнинг яқинлари маҳаллий расмийлар адолатсизлигидан шикоят қилмоқда


Бакиевлар эга чиқаётган уй.
Бакиевлар эга чиқаётган уй.

Қирғизистон суди жалолободлик ўзбек лидерларидан бири Қодиржон Ботировнинг уйини собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг қариндошларига ўтказиб бериш ҳақида қарор чиқарди. Айни пайтда Ботировнинг яқинлари Бакиевларга ундириб берилган уй Қодиржон Ботировники эмаслиги, уй ҳужжатлари қалбакилаштирилганини иддао қилмоқдалар.

Ботировларнинг Сузоқ тумани Дмитриевка қишлоғи Пахта кўчасида жойлашган уйи ўтган ҳафта охирида туман суд ижрочилари томонидан Санжар Бакиевга ўтказиб берилди. Қишлоқ ҳукумати раҳбари Абдуваҳоб Бобоназаровга кўра, Санжар Бакиев уй унга ўтказиб берилгани тўғрисида суд қарорини кўрсатганидан сўнг суд ижрочилари, орган одамлари билан бирга уйга кирилган.

- “Санжарбек Бакиевга уй ўтказиб берилсин”, деган қарор бор экан. Қишлоқ ҳукуматидан келган масъул котиб, участка нозири ва бошқа орган одамлари билан уйдаги мол-мулки олиниб, протокол ёзилиб, протокол билан қонун доирасида - ўша ерда акаси ўғлининг бўш турган уйи бор - ўша ерга олиб чиқиб қўйдик, - дейди Абдуваҳоб Бобоназаров.

Қирғизистон собиқ президентининг яқинлари 2010 йил май ойида Сузоқ тумани Тейит қишлоғидаги Бакиевлар уйи Қодиржон Ботиров тарафдорлари томониданёндириб юборилганини иддао қилиб келадилар.

Қодиржон Ботиров ўша пайтдаги Қирғизистон муваққат ҳукумати тарафдори бўлган ва муваққат ҳукуматга Бакиевга қарши курашида ёрдам берган.

Бу воқеадан сўнг Бакиевнинг яқинлари келтирилган зарарни ундириш мақсадида Ботиров устидан судга ариза берган.

2011 йил апрелида Жалолобод шаҳар суди Қодиржон Ботиров устидан берилган 7,4 миллион сўмлик даъво аризасини кўриб чиқиб, келтирилган зарарни ундириб бериш тўғрисида қарор чиқарди. Сўнгра мазкур ҳукмни вилоят суди ҳам ўз кучида қолдирган.

- Суд қарори бизга келиб тушгач, Қодиржон Ботировга тегишли мулк текширилган. Натижада Сузоқ туман давлат қайдга олиш бошқармаси берган хулосага асосан Қодиржон Ботировга тегишли Сузоқ тумани Дмитриевка қишлоғи Пахта кўчасидаги134-уй рўйхатга олингани аниқланди. Уй суд орқали ҳибс қилиниб, суд қарори ва даъвони қондириш мақсадида иш олиб борилган. Мустақил экспертлар томонидан уй 7 миллион 451 минг сўмга баҳоланиб, сотувга қўйилган.Уй нархи арзонлатилиб, иккинчи марта сотувга қўйилганидан кейин ҳам харидор чиқмагач, вилоят суди 2016 йилапрельойида уйни Санжар Бакиевга ўтказиб бериш ҳақида қарор чиқарди, - дейди Сузоқ тумани суди ижрочи бўлими раҳбари Динислам Қўжўакматов.

Айни пайтда Қодиржон Ботиров қариндошлари давлат томонидан унинг мулкларигина эмас, яқинларининг мулклари ҳам тортиб олинаётганини айтмоқдалар. Уларга кўра, суд қарори билан Санжар Бакиевга ўтказиб берилган уй ҳам Қодиржон Ботировнинг уйи бўлмаган.

Бу уйда вақтинча яшаб келган Қодиржон Ботировнинг жияни Гулчеҳра Алимовага кўра, амакиси отасидан қолган бу уйни 1998 йили мерос сифатида ўғли Ботиржон номига ўтказиб берган.

- У уй Ботиров Ботиржон Қодиржон ўғлининг номида, 1992 йилда туғилган ўғлининг номида. Уй масаласидан шунча суд бўлди. Бўлаётган судларнинг ҳеч қайсинисида биз, жавобгар томонининг вакили йўқ бўляпти. Суд ижрочилари: “Извешение келиши керак эмас, нега келади?” дейди. “Қандай қилиб сизлар огоҳлантиришсиз суд қиласизлар?” десак, “Биз буни ўзимиз биламиз”, деб жавоб беришади. Бу уйда бешта бола бор, улар ўқишни тамомлаг анда келадиган уйи шу, ҳатто шу уйини ҳам олиб қўйишаяпти энди, - дейди Гулчеҳра Алимова.

Қодиржон Ботиров ўғлининг уйига эга чиқаётган Санжар Бакиев 2010 йили ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Жусуп Бакиевнинг ўғлидир. У 2010 йил май ойида Жалолободда тартибсизлик уюштиргани, ҳукумат вакилларига қарши қурол қўллаганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Бироқ кейинчалик Олий суд қуйи инстанция судининг бу ҳукмини бекор қилган ва Санжар Бакиев беш йилга қамалган.

Санжар 2014 йил ноябрида жазо муддати тугаганидан сўнг озодликка чиққан. Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида у Қодиржон Ботировга тегишли бўлган бошқа мулкларни ҳам олмоқчилигини айтган.

- 2010 йил май ойида мен турган уйни, акамнинг ва бобомнинг уйини Ботиров бошчилигидаги сепаратистлар ёндириб кетган. Ўша пайтларда халқаро ва парламент депутатларидан иборат комиссия ҳам келиб, хулоса чиқарган. Яқинларим ўша пайтларда Ботиров устидан судга мурожаат қилиб, келтирилган зарарни ундириб беришларини сўраган. Шаҳар суди бизнинг фойдамизга қарор чиқариб, унинг мулкини олишни тавсия қилди. Мен рози бўлдим. Ҳозир Давлат қайдга олиш хизмати орқали уйга ҳужжат тайёрланаяпти. Бизга келтирилган зарар шу билангина қопланмади. Яқин кунларда Ботировга тегишли ер участкасини олиш учун ҳам судга мурожаат қилмоқчиман, - деди Санжар Бакиев.

2010 йил июнь воқеаси бўйича айбланиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қодиржон Ботировнинг мулки 2011 йилда суд ҳукми билан давлат тасарруфига ўтказилган. Ҳужжатларга асосан ўшанда Қодиржон Ботиров ва унинг турмуш ўртоғи Каромат Ботировага тегишли 28 объект ҳибс этилган.

2011 йилдан сўнг Қодиржон Ботировнинг ўғли Ботиржон Ботиров ва Каромат Ботированинг ишончли вакили сифатида улар номидан судларда иштирок этган, ҳозирда хорижда бўлган Жасурбек Тўхтасиновнинг айтишича, 1998 йили Қодиржон Ботиров ва Каромат Ботирова расман ажрашган ва бирга яшашмаган. Лекин 2010 йил воқеаларидан сўнг Жалолобод прокуратураси уларнинг ажрашгани тўғрисидаги ҳужжатлар қалбакилаштирилгани иддаоси билан Каромат Ботирова номидаги объектларни ҳам давлат ҳисобига мусодара қилган.

Жасурбек Тўхтасиновга кўра, шу рўйхат ичида ҳам ҳозирда талаш бўлаётган уй ва бир болалар боғчаси, спорт зали каби объектлар бўлмаган. Бу объектлар бошқа одамларнинг мулки бўлган. Бироқ ҳозирда улар ҳам тортиб олинаяпти.

XS
SM
MD
LG