Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:26

Тошкентдаги намойиш халқ фаоллашаётганини кўрсатадими?


Аёвсиз калтакланиши оқибатида ҳалок бўлган коллеж талабаси ҳимоясига Тошкентдаги “Дўстлик” боғида 400 кишининг тўпланиши 2005 йил Андижонда юз берган номойишлардан кейин кузатилаётган энг йирик акциядир.

4 июнь куни бўлиб ўтган намойиш иштирокчилари 17 яшар талаба Жасур Иброҳимовни калтакалаганларни жазога тортиш талаби билан имзо тўплаганлар.

Бу намойишни, унда иштирок этганларга кўра, куч ишлатар тузилмаларининг 30 нафарга яқин ходими кузатган ва жиноятга алоқадорларнинг барчасини жазога тортишга ваъда берган.

Ички ишлар ходимлари йиғилган имзоларни "ҳисобот учун зарурлиги боис” олиб қолган.

Намойишчиларнинг таъкидлашича, ички ишлар ходимлари иштирокчиларга нисбатан куч қўлламаган, хушмуомала бўлган.

2016 йил декабрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилганди.

“Дўстлик” боғида бўлиб ўтган намойиш Ўзбекистонда халқ ва ҳокимият ўртасида мулоқот юз бераётганига далолатми?

Тошкентда уриб ўлдирилган ўқувчи ҳимоясига акция ўтказилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00
Бевосита линк

“Шафқатсиз”

Тошкентдан фотограф Умида Аҳмедованинг айтишича, шаҳарда 25 йил ичида илк бор юзлаб одамнинг тинч намойишга тўпланишига Жасур Иброҳимовнинг “шафқатсиз” калтакланиб, ўлдирилиши сабаб бўлган.

- Шу кунда бутун шаҳар, кимга қарамасанг, шу воқеани гапираяпти. Биринчидан, бу одамларнинг жонига тегди. Бунақа воқеалар жуда кўп бўлган. Бости-бости қилиб юборишган. Лекин, бир одам айтдики, шу даражада шафқатсиз, аёвсиз уриб, ўлдиришгача олиб боргани бу сигнал. Иккинчидан, ҳамма нарсани пул билан ҳал қилиши, одамларнинг жонига тегди. Қаерга борсанг, пул билан ҳал қилиш мумкин, деган нарсадан одамлар чарчади, - дейди Умида Аҳмедова.

Умида Аҳмедованинг фикрини дастаклаган мустақил журналист Сид Янишев юзлаб одамларни намойиш ўтказишга ўз фарзандлари хавфсизлиги ундаганини айтади:

- Кеча мен намойишга чиққанлар билан гаплашдим. Улар Жасурбек Иброҳимовнинг ота-онасини яхши таниганлар, қўни-қўшнилари эди. Улар Жасурбекнинг бошига тушганлар ўз фарзандларида ҳам юз бериши мумкинлигини ҳис қилиб кўрганлар деб ўйлайман. Улар ўз фарзандлари ҳам коллеж ёки лицейга ўқишга кетиб, қайтиб келмаслигини тасаввур қилишган ва бунга жим қараб тура олмасликларини тушуниб етганлар, деб ўйлайман – дейди Сид Янишев.

“халқ тинчлиги”

Таҳлилчи Анвар Назировнинг ишонишича, аҳоли фаоллигининг ортишига ҳокимиятнинг халқни гапиришга ундаётгани сабаб бўлмоқда.

- Умид бериб қўйилди одамларга. Гапиринглар, фикрланглар, халқ билан мулоқот йили ва ҳоказо. Бу фаоллик авваламбор ижтимоий тармоқларда кучайиб бораяпти. Биласиз, ҳозирги пайтда, аҳоли фикрининг шаклланишида ижтимоий тармоқлар ўйнайди ўзининг ролини, - дейди Анвар Назиров.

У Жасур Иброҳимов ўлими замирида “кўп йиллардан буён” кўплаб ижтимоий муаммолар тўпланиб ётганини қўшимча қилади.

- Норозилик ўзи кўп йиллардан бери кўпайиб, сақланиб келган одамлар қалбида. Асли Жасур Иброҳимовнинг масаласиям жуда жиддий. Маънавий муҳитнинг чириб кетгани, коррупция. Бой оилалар болалари истаган нарсасини қилиши мумкин, хоҳласа бошқа боланиям ўлдириб қўйиши мумкин. Бу нарсалар, аслида ижтимоий норозиликларнинг кўрсаткичи бўлиб, бир сабаб бўлиб, чақмоқдай ёрилиб кетди, - дейди таҳлилчи Анвар Назиров.

Тошкентдан психолог Маҳмуд Йўлдошевнинг ишонишича, “Дўстлик” боғида ўтказилган норозилик петициялари халқни катта ижтимоий норозиликларга етакламайди.

- Биз 25 йил эвазига жуда катта ўзгаришларни ўзимизнинг руҳимизга сингдириб олдик. Бу – мамлакатнинг тинчлиги, халқнинг тинчлиги катта бир бойлик эканлигини халқ билади ва бир киши “ҳўй” деса, кўтариб кетадиган халқ эмас, - дейди Маҳмуд Йўлдошев.

Аммо, Сид Янишев назарида, ўхшаш намойишларнинг қайталаниши “Дўстлик” паркидаги намойишда қатнашганларга нисбатан қандай чора кўрилишига боғлиқ бўлади.

- Агар тўсатдан кечаги акция иштирокчиларига қарши ҳақиқатан маъмурий иш қўзғатилгани аниқлашса, бундай намойишлар такрорланмаслиги аниқ. Бошқа ҳеч ким кўчага чиқмайди. Аммо, агар акция иштирокчилари жазоланмаса, у ҳолда сўнгги акция келгуси чиқишларга яхшигина мисол бўла олиши мумкин, - дейди Сид Янишев.

XS
SM
MD
LG