Россиянинг Кемерово вилояти губернатори Аман Тулеев истеъфо берди. Вилоят пойтахти Кемерово шаҳридаги «Зимняя вишня» савдо марказида 25 март куни ёнғин чиқиб, 64 одам ҳалок бўлган эди. 1 апрель куни Вилоят маъмурияти Тулеев «ўз хоҳиши» билан Россия президенти Владимир Путинга ариза ёзганини билдирди.
Тулеев ва унинг қўлидагилар фожиага совуққон муносабатда бўлганлари учун кескин танқидга учради. Жумладан, губернатор ва унинг ёрдамчилари ёнғин сабаб юзага келган оммавий резонансни «сиёсий оппортунистлар» иши ўлароқ баҳолагани учун россияликлар ғазабига йўлиқди.
Вилоят администрацияси сайтида эълон қилинган видеода Тулеев истеъфо бериш «ягона тўғри қарор» эканлигини айтганини кўриш мумкин.
- Бундай оғир юк остида губернатор ўлароқ ишлашнинг иложи йўқ. Ахлоқий жиҳатдан бунинг иложи йўқ, - деди Тулеев.
Кремль эса Путин Тулеев аризасини қабул олганини, унинг вазифалари губернатор ўринбосари Сергей Цивилёвга юкланганини билдирди.
73 га чиққан Тулеев 1997 йилдан бери Кемерово вилоятига етакчилик қилиб келаётган эди.
27 март куни минглаб одам Кемерово марказига йиғилиб, вилоят губернатори ва бошқа расмийларнинг истеъфосини талаб қилди. Ўша куни Россиянинг Москва, Петербург ва бошқа шаҳарларида ҳам Кемеровога ҳамдардлик билдирилган намойишлар бўлиб ўтди. Намойишлар «Корруция одамларни ўлдирмоқда», «Ҳақиқатни гапиринг!» каби шиорлар остида ўтди.
Кемеровога борган президент Владимир Путин ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан бўлган учрашувда воқеани юз нафар терговчи ўрганаётганини айтди ва барча айбдорлар жазоланишини ваъда қилди.
Путин билан учрашувда Тулеев намойишга атиги 200 га яқин одам чиққанини айтди. Аслида коррупция ва расмийларнинг бепарволигига қарши минглаб одам намойишга чиққан эди. Тулеев, шунингдек, Путинга «бузғинчилар» ва «мухолифат кучлари» сиёсий мақсадларни кўзлаб тартибсизлик келтириб чиқаришга уринаётганини иддао қилди.
Расмий маълумотларга кўра, 25 март куни содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлган 64 одамнинг 41 нафари болалардир. Ёнғинда тириклайин ёниб кетган болаларнинг энг кичиги 2 ёшда бўлган. Бундан ташқари, ёнғинда 76 нафар одам танжароҳат олган. Уларнинг 25 нафари шифохонага ётқизилган.
Ёнғин қурбонларининг қариндош ва дўстлари ўт ўчириш бўлимлари ҳамда бошқа ходимларнинг лоқайдлиги ёнғинда кўп одам ўлишига сабаб бўлгани ҳақида прокуратурага расмий шикоят юборган.
Терговчилар дастлабки текширув савдо марказида хавфсизлик қоидалари қўпол бузилганини кўрсатишини билдирди. Хусусан, марказда айрим эвакуация эшиклари тўсиқ бўлгани, хавфсизлик тизими ўчиқ бўлгани аниқланган.
Россия полицияси тўрт нафар одам, жумладан, савдо марказини ишлатган ширкат директори ҳамда ёнғин ўчоғи бўлгани тахмин қилинаётган офисдан фойдаланган ширкат етакчисини қўлга олган.
Ёнғин оқибатида марказнинг 1500 квадрат метрдан кўпроқ ҳудуди ёниб кул бўлган. Совет Иттифоқи даврида қурилган бинода 2013 йилда очилган савдо марказининг умумий майдони 23 минг квадрат метрни ташкил қилган.
Россияда ёнғин туфайли жабр кўрганлар сони нисбатан юқори бўлиб, бунинг сабаби бепарволик, харажатларни қисқартиришга уринишлар, коррупция ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликдир.
Ёнғин ва қутқариш хизматлари халқаро бирлашмаси маълумотларига кўра, аҳолиси Россияникидан деярли икки баробор кўп бўлган АҚШда 2014 йил 3 275 одам ёнғин туфайли ҳалок бўлган. Россияда эса айни йилда ёнғинлар 10 068 одам умрига зомин бўлган.