Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:16

Камбағалнинг боласи ва ўз ҳудудида уч йил ишлашга розилар коллежда бепул ўқитилади


2019-2020 ўқув йилидан бошлаб пуллик тизимга ўтадиган Ўзбекистон коллежларида ўқиш нархининг қанча бўлиши икки ой ичида маълум қилинади¸ деди Озодлик гаплашган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси. Мутасаддига кўра¸ кам таъминланган оилалар фарзандлари¸шунингдек белгиланган жойда 3 йил ишлаб бериш шартига рози бўлганлар коллежларда бепул ўқиши мумкин бўлади.

Коллежда ўқиш пуллик бўлади

Жорий йил 3 февралидан кучга кирган янги қонунга кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, касб-ҳунар коллежларида таълимнинг контракт-тўлов тизими жорий этилади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинган маълумотга кўра, коллежларда ўқиш учун контракт-тўлов миқдори икки ой ичида маълум қилинади.

“Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Касб-ҳунар таълими маркази очилиб, тизим қайта ташкил қилинади. Асосий янгилик - коллежлар эндиликда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланмайди ва коллежларда ўқиш пуллик бўлади. Ҳозирча ўқиш нархининг қанча бўлиши ҳақида бирор маълумот бера олмайман. Сабаби ҳозирда мутасадди идоралар билан биргаликда коллежда ўқиш нархининг қиймати қанча бўлиши ўрганилмоқда. Қарорга кўра, контаркт-тўлов қиймати миқдорини эълон қилишга икки ой вақтимиз бор. Шу муддат ичида бу масала аниқ ҳал бўлади”, деди исмини очиқламасликни сўраган вазирлик ходими.

Коллежда бепул ўқиш имкони ҳам бор

Янги қарорга кўра, бепул ўқиш имкони айрим ҳолларда сақлаб қолинган. Жумладан, қарорда ёзилишича, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини коллежларда бепул ўқитиш тартиби жорий қилинади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинган маълумотга кўра, кам таъминланган оилалар фарзандларини бепул ўқитиш учун маҳалла йиғинлари томонидан тақдим қилинган маълумотномалар асос қилиб олинади.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида бепул ўқиш имкони ҳам бўлади.

Озодлик суҳбатлашган вазирлик ходимига кўра, давлат гранти асосида ўқиш учун коллеж ўқувчиси билан махсус шартнома имзоланади.

“Ушбу шартномага мувофиқ касб-ҳунар коллежларида давлат гранти асосида таълим олган битирувчилар, ўзлари эгаллаган касби бўйича минтақаларда камида уч йил ишлаб бериши лозим бўлади”, деди вазирлик ходими.

Қарорга кўра, шунингдек, 2017/2018 ўқув йилида қабул қилинган ўқувчилар (ҳозир улар биринчи курсда таҳсил олмоқдалар) ўқишни тўлиқ тугатгунига қадар коллеж харажатлари давлат бюджети ҳисобидан таъминланади.

Коллежларга 9-синф битирувчилари қабул қилинмайди

Ўтган йили Мирзиёев таълим тизимининг "ўзбек модели", яъни умумий таълим мактабида 9 йил + 3 йиллик профессионал таълим формуласидан воз вечиб, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этилишини маълум қилганди.

Янги ўзгаришларга кўра, ушбу тартиб 2018/2019 ўқув йилидан бошланиб, умумтаълим мактабларида, шунингдек, академик лицейларда ўқиш узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан амалга оширилади ва коллежлар 9-синф битирувчиларини қабул қилмайди.

“Энди коллежлар таълим муассасалари сифатида каттароқ ёшдагиларни ўқитиш билан шуғулланишни бошлайди. Коллежлар битирувчилари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарда ишлаш имконига эга бўлади”, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходими.

6 ой ўқиб коллеж дипломини олиш мумкин

Президент қарорида белгиланган янги тартибга кўра, коллежларда ўқиш энди мажбурий бўлмайди, мактабларнинг 11-синфларини битирганлар ихтиёрий асосда қабул қилинади.

Шунингдек, коллежларда бирор касбга эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатда ўқиш лозим бўлади, ўқувчи қанча ўқишни ўзи танлаши мумкин.

Мактаб-интернатларда ўқиш 172 минг 240 сўм бўлади

Янги қарорга мувофиқ, санъат, маданият ва олимпия заҳиралари касб-ҳунар коллежларини ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларига айлантирилади.

2016-2017 ўқув йилида бутун Ўзбекистон бўйлаб 144 академик лицей, 1411 касб-ҳунар коллежи бор эди ва уларда жами 1 миллион 500 мингга яқин ўқувчи таҳсил олган.

Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали 5 февраль куни маълум қилишича, мамлакат бўйича жами 39та коллеж ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига айланади.

Янги тартибга кўра, ихтисослаштирилган мактаб-интернетлар ўқувчиларга яшаш ва овқатланишни таъминлаган ҳолда 5-синфдан бошлаб қабул қилади. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактаб-интернатларда болалар таъминоти учун ҳар бир бола учун ойига энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида ота-оналар тўлови ундирилади.

2017 йилнинг 1 декабридан Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақи миқдори 172240 сўм қилиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG