Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:22

Мусиқашунос профессор: «Лазги» урушдаги жангчилар рақси


OzodMaktub рукнида таниқли санъатшунос олим¸ ҳозирда Туркиядаги Ардахан университетининг Нафис санъатлар факультети профессори¸ мусиқашунос Ботир Матëқубов мулоҳазалари тақдим этилади.

Профессор «Хоразм Лазги рақси»нинг ЮНЕСКО Инсоният номоддий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритилишига муносабат билдирди.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган қуйидаги матн таҳрирсиз, муаллиф имлоси ва стилистикасини сақлаган ҳолда берилмоқда.

****************************

"Лазги"нинг ЮНЕСКО ташкилоти томонидан жаҳон номоддий маданий мероси муҳофазасига олинганлиги тўғрисидаги хабарни Туркияда туриб эшитдим ва барчани чин қалбдан муборакбод этаман.

Бу умрибоқий асар тўғрисида билганларимни Сиз Озодликдаги азизлар билан ўртоқлашишга жазм этдим.

«Лазги» калимаси луғавий маъноси (мен билган барча сўзлик ва энциклопедияларда йўқ) аниқланмади. Ардахан (Туркия) университети профессорлари Эрдўғон Олтинқайноқ¸ Зухриддин Мамадли¸ Фаррух Эрдўғон каби олимлар бу борада тадқиқот ўтказиб «Лазги» калимасининг аниқ келиб чиқиш тарихини аниқлай олишмади. Аммо бу олимлар «Лазги»нинг қадимий Лазгистон диëри эркакларнинг жанговор рақси эканлигини аниқлашди. Бу олимлар қўлида 6/8 тактли жанг рақси эканлига оид далиллар бор.

Бу рақсни эслатадиган ритуал ва ўйинлар Кавказ халқларида мавжуд.

Хоразмлик марҳум мусиқашунос София Собированинг “Ёшлик” журналида 1983 йили чоп қилинган “Лазги” мақоласида “Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг аскарлари Кавказ юришларидан бирида меҳтарлар (мусиқа ротаси -тахр) ижросида "Лазги" жанговар рақси чалиб жангчилар ўйинга тушганлиги” ҳақида маълумотлар бор.

Хоразм хони ва улуғ тарихчи Абулғози Баходирхоннинг (1644-1663 ) «Шажараий Турк» китобида мана жумла бор

Мен туғилмасимдан юз йил олдин Орол ва Хазор (Каспий) денгизлари бирлашган бöлиб, Хоразм ва Ширвон мамлакатлари орасида сув йўли орқали борди-келди ривожланган эркан”.

Бу далилга таянадиган бўлсак¸ хоразмча “Ганжи Қорабоғ”, “Оразибон”, “Лазги” каби куй ва рақслар, тор, cоз (гармон), сантур, буламон, занг, даф каби чолғулар ҳамда жой номлари келиб чиқишининг туб сабабларидан бири сифатида Хоразм ва Кавказ халқларининг тарихий узоқ ва маданий яқин алоқаларини тасаввур қилишимиз мумкин.

Мусиқий ўлчов ва усулларда 6/8 ўлчови барча халқларда рақсбоп ва жўшқин бўлиб, бу усулга “Гул уфори”, Хоразмда халқ тилида “Тандира касак”, Бухорода “Чиллиги ёки Чиллаки”, Тошкент-Фарғонада “Умбалақидон-Лаққалақидон” каби иборалар билан юритилади.

"Лазги"ни (айниқса "Сурнай лазгиси"ни) мусиқий мотивлари ҳижжалаб таҳлил қилинса жуда қадимий Хусравоний яни қадимги мусиқашунос Барбад давридаги рақс куйлари “Мавригий”ларнинг баъзи қисмларига менгзайди.

Хоразмда "Лазги"нинг турли хиллари мавжуд бўлиб¸ энг қадимгилари "Сурнай лазги", "Дутор лазги", "Қайроқ лазги"ларидир. Улардан кейингилари "Чангак лазги", "Гармон лазги"¸ "Бодя (товоқ) лазги" ва бошқаларидир.

Эскидан лазгилар асосан чолғуларда чалинадиган рақс куйлари бўлиб¸ уларга сўз солиб ўқилмаган. Аммо ХХ асрнинг 30-йилларига келиб¸ халқ шеърларига солиб куйланганлиги кузатилади.

Манғитли Турсун бахшининг ахборот беришича¸ Отақ дақа-дақ деган доирачи ўз даврида тўй ва зиёфатларда олдин “Лазги афсонаси”ни сўзлаб кейин “Жон тана гир” радифли шеЪр билан куйлаб юрган.

Ундан кейин 1950 йилларгача гармончи Хўжа Отажонов-Хўжа кўр (Ортиқ Отажоновнинг доирачиси Қадам Хўжанинг отаси) “Шоббоз қовун тўрлама, Гурлан йўлин йўллама, уйингизга бир галдик, ука бизни хўрлама” радифли шеър билан куйлаб юрган.

Шу даврдан бошлаб Комилжон Отаниёзов Комил Хоразмийнинг “Кимни севар ёрисан” мухаммасига солиб куйлаган "Лазги"си бутун Ўрта Осиёда шинавандалар қалбидан чуқур жой олди.

"Лазги"нинг ушбу ўлмас намунасидан сўнгра кўпчилик ижодкорлар бу асарнинг янги намуналарини яратишга бел боғладилар.

Булар: Композитор Абдушариф Отажонов томонидан яратилган ва Матёқуб Раҳимов бетакрор ижро қилган “Дилбарни кўринг қомати зебосига лойиқ” радифли лазги, Отажон Худойшукуров яратган “Паранг рўмол бошинда¸ ўзи ўн беш ëшинда” шеърига айтиладиган лазги. Олмахон Ҳайитова яратган “Ўйноли” лазги, Хивали Бекжон Жуманиёзов лазгиси, Ортиқ Отажонов томонидан ижод қилинган “Хоразмнинг лазгисига”, Бобомурод Ҳамдамов лазгиси, Раҳматжон Қурбонов томонидан лазгилар асосида ижод қилинган “Хиваки” лазгиси, шунингдек Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва шаҳарларида хонандалар томонидан ҳам лазгилар яртилган. Камолиддин Раҳимовнинг “Наманган лазгиси” Ғуломжон Ёқубов лазгиси, Илҳом Фармонов лазгиси шулар жумласидандир.

«Лазги» номли жўшқин рақсбоп асарига ҳали жуда кўп хонанда ва созандалар қўл уражак. Ушбу сарчашмадан илҳомланиб янги ижод намуналари яратилажак!

Ардахан (Туркия) Университети¸

Нафис санъатлар факультети профессори Ботир Матëқубов.

XS
SM
MD
LG