Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:29

Талабаларни галстуксиз келгани учун урган ўқитувчи ишдан бўшатилди (ВИДЕО)


Бухоро муҳандислик технология институти ўқитувчиси Рамазон Муҳиддинов талабаларни галстук тақмагани учун урмоқда.
Бухоро муҳандислик технология институти ўқитувчиси Рамазон Муҳиддинов талабаларни галстук тақмагани учун урмоқда.

13 ноябрь куни Бухоро муҳандислик технология институти ўқитувчиси ишдан бўшатилди.

Институт масъулларига кўра, 59 яшар Рамазон Муҳиддиновнинг ишдан бўшатилишига унинг талабаларни калтаклаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиши сабаб бўлган.

Икки кундирки, бухоролик талабаларнинг калтакланиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

27 секундлик видеода катта ёшлардаги бир эркак ўндан зиёд йигитни синф хонасида доска олдига қатор қилиб қўйиб, уларни бирма-бир ураётгани акс этган. Эркак биринчи йигитнинг қорнига мушт туширади, бошқа йигитларнинг юзига муштлайди. Эркак ҳар бир йигитга аввал мушт туширади, кейин уни “Козёл” дея ҳақоратлайди. Баъзи йигитлар иккитадан мушт ейди.

Озодлик ушбу воқеа жорий йилнинг 6 март куни Бухоро муҳандислик технология институтида содир бўлгани ва видеода калтак еган йигитлар олийгоҳнинг биринчи курс талабалари эканини аниқлади.

Институт талабаларидан бирига кўра, калтаклаш воқеаси ўша курсдаги талабалардан бири томонидан мобил телефонига тасвирга олинган ва орадан 8 ой ўтиб, 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Исмини очиқлашдан хавфсираган талаба йигит талабаларнинг калтакланиши сабабини айтди:

“Ўша куни 1-курс талабалари институтга галстук тақиб келмагани учун калтакланган”.

Институт ректори ёрдамчиси Асрорбек Ашуровнинг Озодликка айтишича, олийгоҳ талабаларининг калтакланиши воқеаси ижтимоий тармоқларда тарқалгач, институтда ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа тафсилотлари ўрганилган.

Ишчи гуруҳ видеода талабаларни калтаклаётган эркак - Электроника ва ишлаб чиқариш ахборот-коммуникация технологиялари факультетининг Олий математика кафедраси доценти Рамазон Муҳиддинов эканини аниқлаган ва у ишдан бўшатилган.

Асрорбек Ашуровга кўра, олийгоҳда узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган 59 яшар Рамазон Муҳиддинов калтаклаш воқеаси ошкор бўлгач, ўз хоҳишига кўра, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.

“Видео тармоқларда тарқалганининг эртасига, яъни бугун - 13 ноябрь куни Муҳиддинов ўзи хоҳишига кўра, ишдан бўшаб кетди”, деди Ашуров.

Озодлик Рамазон Муҳиддинов билан боғлана олмади.

Ректор ёрдамчиси Асрорбек Ашуровнинг айтишича, олийгоҳ талабалари томонидан шу пайтгача ўқитувчилар зўравонлиги ҳақида бирорта ҳам шикоят тушмаган.

“Бизнинг институтдаги таълим бериш жараёни худди шу видеодаги каби деган таассурот бўлмаслиги керак. Аслида институтимизда бу илк ҳолат. Муҳиддинов ўша куни асабий ҳолда бўлган бўлса керак, шу воқеа содир бўлган. Бу яхши эмас албатта. Бу воқеа институт номига доғ туширди. Институт профессор-ўқитувчиларига нисбатан, таълим жараёнига нисбатан салбий таъсир кўрсатди. Бироқ биз бу каби воқеа бошқа такрорланмаслигини кафолатлаймиз”, деди Асрорбек Ашуров.

Институт ўқитувчиларидан олинган маълумотга кўра, калтаклаш воқеасидан сўнг олийгоҳдаги ўқитувчилар орасида тушунтириш ишлари ўтказилиб, талабаларга зўравонлик қилиш ҳолатларига чек қўйиш борасида гапирилган.

Ўзбекистонда таълим жараёнидаги муштумзўр ўқитувчилар устидан шикоятлар учраб туради.

Икки ҳафта аввал ўз ўқувчиларини қаторасига териб, ҳақоратли сўзлар билан бирма-бир дўппослаган Наманган Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи​ ​ўқитувчиси Фарҳод Каримов ишдан бўшатилди.

Ўтган ой Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани милицияси пойтахтдаги 164-сонли мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини калтаклагани юзасидан тергов бошлаганди.

Сентябрь ойида Хоразм вилоят, Боғот туман прокуратураси Олимпиада миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 36 яшар мураббийси шу мактабнинг 5- синф ўқувчисини дарс пайтида калтаклагани воқеасини ўрганишни бошлади. Боланинг яқинлари Озодликка 5- синф ўқувчиси 20 сентябрь куни калтаклангани ортидан комага тушганини айтишганди.

XS
SM
MD
LG