Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Марсда қадимий органик бирикмалар топилди


NASAнинг (АҚШ Аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий агентлиги) Curiosity марсоходи сайёрада 3 миллиард ёшдаги чўкинди тошларда органик молекулалар топди.

Бу эса Қизил сайёрада яшаш шароити ҳамда ҳаёт изларини сақланиб қолган бўлиши мумкинлигидан дарак беради.

Марс юзаси шароити ўта кескин бўлиб, у ерда органик молекулалар осонликча парчаланиб кетади.

NASAнинг Годдард Фазога учиш маркази ходими Жен Эйгенброуд:

- Марс юзасига фазодан радиация келиб туради ва у ердаги кимёвий моддалар органик моддаларни парчалайди. Шундай экан, юқори беш сантиметр қатламда Марсда ҳаёт бўлиши мумкин бўлган пайтдан қолган қадимий органик молекулалар топилгани чуқурроқ қазийдиган келажак миссиялар ёрдамида Марсдаги органик молекулалар тарихини ўрганишимиз учун яхши янгиликдир, - деди.

Органик бирикмалар ва ҳаёт ўртасида кучли боғлиқлик бор, аммо бу каби бирикмалар биологик бўлмаган жараёнлар натижасида ҳам ҳосил бўла олади.

Эйгенброуднинг айтишича, Curiosity ўзи аниқлаган материаллар Марсдаги қадимий ҳаёт қолдиқлари эканлиги ёки йўқлигини аниқлай олмайди.

Марсоход топган тошлардаги органик молекулаларни ўрганиш учун уларни 500-800 даражагача иситиш керак. Бундай юқори ҳароратларда органик молекулалар буғланиб чиқади. Ерга Марсдан келган метеорлар ҳам айнан шу йўл билан ўрганилади.

Curiosity Марснинг Учқир тоғи этагидаги тўрт ерда чўкинди тошларни тешган.

Марснинг ҳозирги юзаси ҳаёт учун ноқулай бўлса-да, узоқ ўтмишда сайёрада суюқ сув мавжуд бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи далиллар бор.

Curiosity анализлари миллиардлаб йил олдин Марснинг Гейл кратеридаги кўлда кимёвий бирикмалар, энергия манбалари ҳамда суюқ сув каби ҳаёт учун муҳим унсурлар бор бўлганини кўрсатади.

Марс Илмий лабораторияси миссияси олими Майкл Мейер:

Сайёрада қадимий углерод топилгани NASAнинг 2020 йил сайёрага юбориладиган янги марсоходи ҳамда Европа фазо агентлигининг ExoMars марсоходи янада кўпроқ органик модда топиши эҳтимоли юқори эканлигини англатади, - деди.

XS
SM
MD
LG