Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Мирзиёев: 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш бошланади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни тўлиқ қайта кўриб чиқиш, ўрганишларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаданмарказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги таъкидланган.

Тиббий хизмат кўрсатишда республика, вилоят, туман ва қишлоқ бўғинлари ўртасида боғлиқликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Касалликларни даволаш ишлари қониқарли эмас

Юқумли бўлмаган касалликларни профилактика қилиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаганини қайд этган президент қатор ихтисослаштирилган марказларнинг бу борадаги фаолияти танқид қилган.

Унга кўра, айрим ҳудудларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ишлари ҳам қониқарли эмас. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида гепатит, ўпка сили билан касалланиш сони республика бўйича 20 фоизгача камайган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида камаймаган.

Шу боис республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидаги моддий-техник база ва даволаш ҳолатини ўрганиб, мавжуд камчиликларни ҳал этиш, ОИТСнинг олдини олиш, хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган шахсларни мажбурий тест текширувидан ўтказишнинг қонуний механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон хорижликлар учун ҳам жозиб “тиббиёт хаби”га айлансин

Йиғилишда хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилган. Хусусий тиббиётнинг барча тармоқларини ривожлантириш, йирик шаҳарларда нафақат ўзбекистонликлар, балки қўшни давлат ватандошларига ҳам тиббий хизмат кўрсатиш бўйича катта имкониятлар мавжуд.

Шунинг учун мутасаддиларга хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини кенгайтириш, Тошкент, Самарқанд, Андижон каби йирик шаҳарларда “тиббиёт хаб”ларини барпо этиш бўйича вазифалар топширилган.

2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизимига ўтилади

Ш.Мирзиёев раислик қилган видеоселектор йиғилишида "2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳам мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Жанубий Корея, Сингапур, Германия каби давлатлардан халқаро консультантларни жалб қилиш зарурлиги" таъкидланган.

Мажбурий тиббий суғурта тизими жорий этиш орқали ривожланган давлатларда бюджет харажатларини камайтириш, тиббий хизмат сифатини оширишга эришилгани қайд этилган.

“Имкониятлар яратилганига қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти”

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги икки йилда Ш.Мирзиёевнинг тиббиёт соҳасига оид 50 та фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд қарор ва фармойишлари қабул қилинган. 6 та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, уларнинг сони 16 тага етган. Туман ва шаҳар шифохоналарида 306 та янги ихтисослашган бўлимлар, 1 минг 200 та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилган.

Жорий йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилгани урғуланган йиғилишда келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилгани қайд этилган.

“Фармон ва қарорлар чиқарилиб, соҳага шунча имкониятлар яратилди, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти. Айниқса, туманлар, чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезаётгани йўқ”, деган Шавкат Мирзиёев 2025 йилгача Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берган.

Президент Мирзиёев Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги камчиликларни илк бор танқид қилаётгани йўқ. Соҳага оид оқсоқликлар ўтган йил декабрида ўтказилган йиғилишда ҳам атрофлича муҳокама этилган. 2018 йил октябрида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб ўтказган селектор йиғилишида ҳам Ш. Мирзиёев тиббиёт ходимларини малакасизлик ва масъулиятсизликда айблаган. Февраль ойидаги йиғилишда эса президент тиббиёт соҳасидаги порахўрлик, хусусан, туғруқхоналардаги аҳвол танқид қилганди.

XS
SM
MD
LG