Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:22

Инсон мияси сигналларини тўғридан-тўғри нутққа ўгириш йўли ўйлаб топилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Олимлар инсон миясидаги сигналларни англаш мумкин бўлган нутққа ўгиришга муваффақ бўлди.

Янги тизимнинг асосида сунъий идрок алгоритми бўлиб, у киши нутқ тинглаётганида миясида содир бўладиган электрик сигналларга таянади. Хусусан, янги тизим мияда қайд этилган электрик ўзгаришларни тингловчи англаши мумкин бўлган нутққа айлантиради.

Бундан аввал ўтказилган тадқиқотлардан маълумки, инсон сўзлаётганида (ёки сўзлаётганини тасаввур қилганида) миянинг нерв тармоқларида ўзига хос ўзгаришлар кузатилади. Янги ишлаб чиқилган тизим ҳақиқий фикрларни эмас, балки миянинг эшитилган товушларга бўлган реакциясини нутққа айлантиради. Аммо келажакда фикрларни ҳам англаб бўлиш мумкин бўлган нутққа айлантириш йўли ўйлаб топилиши мумкин.

Илмий гуруҳнинг Колумбия университетида фаолият юритувчи ходими Нимага Месгарани:

- Овозимиз дўстларимиз, оила аъзоларимиз ҳамда атрофимиздагилар билан алоқа ўрнатишга кўмаклашади. Шу сабабдан ҳам жароҳат ёки касаллик туфайли овоз кучини йўқотиш даҳшатли ҳолатдир. Тадқиқотимиз туфайли ушбу қобилиятни тиклашнинг потенциал йўлига эга бўлдик. Керакли технологиялар билан бундай одамларнинг фикрларини ҳар қандай тингловчи англайдиган қилиб расшифровка қилиш мумкин, - деди.

Ишлаб чиқилган алгоритмнинг номи вокодер бўлиб, Siri ва Amazon Alexa хизматлари шунга ўхшаш алгоритмдан фойдаланади. Бундай тизимлар инсонлар нутқини ўрганиб, мустақил гап тузади.

Янги ишлаб чиқилган вокодернинг бир ўзгачалиги у инсон нутқини тинглаб эмас, балки нутқ тинглаётган кишининг бош мия қобиғидаги ўзгаришларни ўрганиб чиққан. Хусусан, беморларга 0 дан 9 гача саналган пайтда уларнинг миясидаги сигналлар ёзиб олиниб, кейин вокодер ёрдамида улар қайта эшитиб кўрилган. Натижада робот беморларга айтиб эшиттирилган сўзларни англаш мумкин бўлган даражада такрорлаши кузатилган.

- Сезгир вокодер ҳамда кучли нерв тармоқлари беморлар эшитган товушларни ҳайратланарли даражада аниқ такрорлади, - деди Месгарани.

Янги технологияни мукаммаллаштириш учун ҳали қилиниши керак бўлган иш жуда кўп. Шундай бўлса-да, ушбу технология келажакда катта муваффақиятларга олиб келиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳозирча кишининг мустақил фикрларини нутққа айлантиришга эришилгани йўқ.

Ушбу мисли кўрилмаган тадқиқот натижалари Scientific Reports журналида чоп этилди.

XS
SM
MD
LG