Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:16

Ўлим савдогари. Уруш ҳукмдори. Қурол савдосидаги McDonald’s: Виктор Бут ким?


Россиялик қурол сотувчи Виктор Бут 2009 йилда Бангкокдаги Таиланд судида. Бир йил ўтиб у АҚШга экстрадиция қилинган.
Россиялик қурол сотувчи Виктор Бут 2009 йилда Бангкокдаги Таиланд судида. Бир йил ўтиб у АҚШга экстрадиция қилинган.

Россия суди АҚШлик баскетбол юлдузи Бриттни Гринерни ёнидан каннабис топилгани учун тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганидан сўнг, икки мамлакат ўртасида маҳбуслар алмашинуви ҳақидаги гап-сўзлар кучайди.

Бриттни Гринер, корпоратив хавфсизлик ходими Пол Уилан ва ўрта мактаб ўқитувчиси Марк Фогель ҳозирда Россияда панжара ортидаги энг таниқли америкаликлардан. АҚШ президенти Жо Байден 4 август куни Гринерга ҳукм чиқарилгандан сўнг дарҳол баёнот бериб, буни “қабул қилиб бўлмайдиган” деб атади.

Қўшма Штатлардаги россиялик маҳбуслар орасида 55 ёшли қурол сотувчиси энг машҳурларидан бири бўлиб, у сўнгги 10 йилни Иллинойс штатидаги федерал қамоқхонада ўтказди.

“Ўлим савдогари” лақабли россиялик жиноятчи 2011 йилда америкаликларни ўлдириш учун тил бириктирганликда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўтган ҳафта АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Гринер ва Уилан билан боғлиқ алмашинув таклифини муҳокама қилди. Блинкен россиялик маҳбусларнинг номини айтмади, аммо Бутнинг исми потенциал маҳбуслар алмашинуви ҳақидаги миш-мишлар марказида тилга олинди.

Бут 1967 йилда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида туғилган деб айтилади. Унинг отаси Анатолий ҳақида айтарли нарса маълум эмас. Унинг онаси Раиса охирги марта 2021 йилда Байден ва Россия президенти Владимир Путинга очиқ хат эълон қилганида кўриниш берган.

ОАВда айтилишича, Бут чет тиллар бўйича ихтисослаштирилган ўрта мактабда ўқиган. Кейинчалик, БМТнинг 2001 йилги ҳисоботига кўра, у 1980 йилларнинг ўрталарида Москвада жойлашган Совет ҳарбий Чет тиллари институтини, шунингдек, зобитлар, дипломатлар ва жосусларни тайёрлаш мактабини тугатган. У португал тилини ҳам ўзлаштирган. Маълумотларга кўра, у полиглот, бир нечта тилларда ҳам гапира олади. Совет қуролли кучларида хизмат қилган.

Виктор Бут 2010 йилда АҚШга экстрадиция қилинишидан олдин Бангкок жиноий судида.
Виктор Бут 2010 йилда АҚШга экстрадиция қилинишидан олдин Бангкок жиноий судида.

Кичик лейтенант унвони билан ўқишни тугатган Бут 1990 йилларнинг бошида Россия контингентида БМТ томонидан қўллаб-қувватланган Анголадаги тинчликпарвар операцияларда қатнашган, дейилади БМТ ҳисоботида. У Мозамбикда ҳам хизмат қилган. У ерда таржимон бўлиб ишлаган. Унинг Россия разведка идораларида ишлагани ёки йўқлиги ҳақида маълумотлар йўқ.

1990 йилларда Бут узоқ масофага учувчи Антонов юк самолётлари ёрдамида юк ва одамларни можаро зоналарига ташиш учун авиакомпания ташкил қилди. БМТ ҳисоботига кўра, у Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган дунёдаги энг йирик хусусий Антонов самолётлар компаниясини юритган.

“Менда ҳеч қачон инвесторлар бўлмаган. Аммо, пул топиш ҳеч қачон қийин бўлмаган”, деган Бут The New York Times газетасига 2003 йилда берган интервьюсида.

2007 йилда чоп этилган “Ўлим савдогарлари” китобига кўра, Бут ўз бизнесини асосан собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги аэродромларда қолдирилган ҳарбий самолётларни сотиб олиш орқали қурган.

Бутнинг карерасини ўрганган Ғарб разведка экспертлари ва мухбирларнинг таъкидлашича, унинг авиа бизнесга кириши Россиянинг уюшган жиноят олами, Россия разведка агентликлари ёки иккаласи билан боғлиқлигини кўрсатадиган энг кучли далиллардан бири. Бут КГБ ёки унинг ҳозирги вориси бўлмиш Федерал хавфсизлик хизмати билан алоқаларини рад этган.

У хилма-хил юкларни етказди: баъзан тинчликпарвар кучлар, гуманитар ёрдам; баъзан тижорий юклар масалан, Жанубий Африка Гладиолус гуллари, IKEA мебеллари, қаламлар ва музлатилган товуқлар.

Бут шунингдек, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни можаро зоналарига, баъзан эмбарголар ва халқаро ҳуқуққа зид равишда етказиб бериб анча тилга тушди.

Бутнинг тажрибаси юкларни Ангола, Либерия, Руанда, Афғонистон ва Колумбия каби хавфли жойларга қонуний ёки бошқа йўл билан бўлсада етказиб бера оладиган ишончли курьерга айлантирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, АҚШ, Россия ҳам унинг мижозларига айланди.

Маълумотларга кўра, 1990 йилларда Бут машҳур афғон партизанлари етакчиси Аҳмад Шоҳ Масуд ва Шимолий альянснинг Толибонга қарши курашида ёрдам берган. У БМТ тинчликпарвар кучларини Сомали ва Шарқий Тиморга олиб борган. 11 сентябрдаги терактлардан сўнг у АҚШ билан Ироққа юкларни етказиш бўйича шартнома тузди.

Бутнинг Либериядаги фаолияти, у ерда уруш қўмондони ва сиёсатчи Чарлз Тейлор билан яқин алоқалари халқаро институтларга унга нисбатан босим ва чекловларига сабаб бўлди.

2002 йилда Бельгия Бутни ҳибсга олишга буйруқ беради. Бут эса Россияга қочади. 2004 йилда АҚШ Ғазначилик департаменти унга қарши санкция қўйиб, унинг баъзи активларини музлатиб қўяди.

“Виктор Бут ҳақиқатан ҳам санкцияларни писанд қилмай, Ангола ва Сйерра-Леонедаги исёнчиларни қурол-яроғ ва бошқа моддий-техник таъминот билан таъминлаган ҳамда хизмати эвазига олмослар билан чиқиб кетган ўлим савдогари”, деган эди британиялик сиёсатчи, Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик вазири Хайн 2000 йилда парламентдаги нутқида.

“Қурол савдосидаги McDonald’s”- унга мутахассислар томонидан берилган яна бир лақаб. Бу лақаб қурол-яроғ бозорида бренд номга айланган.

Унинг машҳурлиги ҳатто кинога ҳам кўчди. Халқаро қурол сотувчиси ҳақида ҳикоя қилувчи 2005 йилда суратга олинган “Lord of war”(Уруш ҳукмдори) голливуд фильми Бутнинг ҳаёт йўлига асослангани айтилади.

АҚШ Адлия департаментига кўра, 2007 йилнинг ноябридан 2008 йилнинг мартига қадар Бут Жанубий Америкага миллионлаб долларлик қурол-аслаҳа етказиб берган, Қўшма Штатлар томонидан террорчи ташкилот деб топилган Колумбия Инқилобий Қуролли Кучлари партизан гуруҳини (FARC) қурол-яроғ билан таъминлаган.

2008 йил март ойида Бут Бангкокга бориб, у ерда ўзини FARCга кўпроқ қурол жўнатиш учун потенциал брокер сифатида кўрсатган АҚШ агентлари билан учрашади. Шундан сўнг Бут Таиланд полицияси томонидан ҳибсга олинади ва икки йилдан сўнг – Россиянинг норозиликлари остида –АҚШ фуқароларини ўлдириш учун фитна уюштириш айблови билан суд қилиш учун АҚШга экстрадиция қилинди.

2011 йил ноябрь ойида Бут федерал судья томонидан барча айбловлар бўйича айбдор деб топилди. Тергов давомида унинг шериги Бутга қарши кўрсатма берди ҳамда Виктор Бутнинг овози ёзиб олинган қайдларни тақдим этди. Беш ойдан кейин Бут 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бутнинг таъкидлашича, унга қарши иш сиёсий сабабларга кўра амалга оширилган.

2017 йилда қамоқхонадаги интервьюда Бут ўзининг айбсизлигини, ҳеч қандай жиноят қилмаганлигини таъкидлаган.

“Ҳеч қандай жиноят бўлмаган! Бу айбловлар шунчаки жиноят ҳақидаги тўқима холос! Келажакда содир этилиши мумкин бўлган жиноят ҳақида. Бу худди илмий-фантaстик фильмга ўхшайди – сиз келажакдаги жиноят учун суддасиз. Судда асосан мени хаёлимда бўлган нарсада айблашди! Уларда ҳеч қандай далил йўқ эди. Ҳеч қандай жиноят содир этилмаган”, деди у илгари Russia Today деб номланувчи давлат назоратидаги ОАВга.

Россия расмийлари бу даъвони қўллаб-қувватладилар. Россия фуқароларининг бир қатор ҳибсга олиниши ва компьютер жиноятлари учун экстрадиция қилинишидан сўнг, Россия расмийлари Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб Россия фуқароларини “ов қилмоқда” деб даъво қилди ва россияликларни чет элга саёҳат қилишда эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирди.

Бутнинг рафиқаси Алла бир неча бор Россия ахборот агентликларига шикоят қилиб, эри АҚШда бўлганида ёмон муносабатда бўлганини таъкидлаган.

Алла Бут
Алла Бут

Ҳукм чиқарилганидан бери Бутнинг исми Россия расмийлари томонидан турли частота ва интенсивлик билан АҚШга алмаштирилиши мумкин бўлган номзод сифатида тилга олинди.

Апрел ойида Қўшма Штатларда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб судланган россиялик учувчи Константин Ярошенко озодликка чиқди, натижада собиқ америкалик Тревор Рид ҳам озод қилинди. Россия суди томонидан 2020 йилда полициячига ҳужум қилганликда айбланиб, тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган денгиз пиёдаси.

Форум

XS
SM
MD
LG