Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Олдиндан тайёрлаб қўйилган “теракт” ва “диверсиялар”. Россия медиаси Донбассдаги вазиятни қандай ёритмоқда? (ВИДЕО)


Россия президенти Владимир Путин 21 февраль куни россияликларга мурожаатида “Донбассда бўлаётган воқеалар”ни “геноцид” деб атади. Рус тилининг катта изоҳли луғатида геноцид “аҳолининг алоҳида гуруҳлари ёки бутун бошли халқларнинг сиёсий, ирқий, этник ёки диний сабабларга кўра қириб ташланиши” дея таърифланган.

Донбассда можаро бошланганидан бери ўтган саккиз йил мобайнида Россия геноцидга доир иддаоларига бирор далил тақдим этмади, ЕХҲТ кузатувчиларида ҳам бунақа маълумот йўқ. Бинобарин, Путин ва Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг иддаолари фейкдан бошқа нарса эмас. Аммо бу Россия давлат медиаларининг геноцид ҳақида жар солишига халал бермаяпти.

Бу ўтган ҳафтада Россия ва сохта республикалар ОАВлари “шошилинч мурожаат” сифатида нотўғри маълумот ва олдиндан тайёрлаб қўйилган видеоларни тарқатган биринчи ҳолат эмас.

Россия давлат медиасида Донбасс ҳозирда бош мавзу бўлиб турибди: улар ҳар соатда Украина шарқидан қандайдир “муҳим” хабар олишмоқда. Айниқса, Донбасс аҳолисининг эвакуация қилиниши ва улар Киев назоратидан ташқаридаги ҳудудларни нега тарк этишгани ҳақида ёзишяпти.

Россия медиаси талқин қилишича, ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаётган бўлгинчи ҳудудларда “теракт” ва “диверсиялар” фавқулодда кўпайган, бироқ бунақа видеофактларнинг энг камида бир қисми актуал эмас, балки олдиндан тайёрлаб қўйилган тасвирлардир.

Луганск айирмачилари 18 февраль куни Горловкадаги “Стирол” заводида хлор сақланаётган цистернани портлатишга уриниш бўлгани ҳақида хабар қилишаркан, гўё ўлдирилган украин қўпорувчиларидан бирининг экшн-камераси ёзиб олган кадрларни намойиш этишди. Аммо мазкур ролик метамаълумотларига кўра, у 8 февралда, яъни эълон қилинишидан 10 кун олдин – шунда ҳам бир йил бурунги кадрлардан “йиғилган” экан. Оригинал видео 2021 йил 4 февралда суратга олинган. Роликнинг 13-сониясида таралган портлаш товуши 12 йил муқаддам Финляндияда ўтказилган ракета синови чоғида тасвирга олинган архив видеодаги портлаш саси билан бир хил – ҳар ҳолда метамаълумотлар ва овозлар таҳлили шундан далолат бермоқда. Бироқ, шунча “ёпишмаган гажаклари” борлигига қарамай, ушбу кадрлар “Россия 1” каналидаги “Вести” дастури репортажига киритилди. “60 минут” шоусида эса уларни такроран намойиш этишди.

Бўлгинчи ҳудудлар аҳолиси Россияга бориб-келадиган йўлўтказгич – кўприкни портлатишга ҳозирлик кўрилгани ҳақидаги ролик эса 2019 йилда тасвирга олинган бўлиши мумкин. Бу ҳам метамаълумотларни таҳлил қилиш билан аниқланди. Айниқса, 200 кило тротил жойлангани иддао қилинаётган машинанинг трос билан бемалол тортиб кетилаётгани, бир одам машина билан ёнма-ён бораётгани жуда шубҳали туюлади. Мазкур видео ҳам бўлгинчилар ва Россия медиаси томонидан ёйинланган.

Ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар раҳбарларининг аҳоли шошилинч тарзда эвакуация қилиниши ҳақидаги видеомурожаатлари ҳам олдиндан тайёрлаб қўйилган бўлиб чиқди. Денис Пушилин ва Леонид Пасечникнинг мурожаатлари ўтган жума – 18 февраль куни эфирга узатилганди. Метамаълумотлар эса улар икки кун аввал ёзиб олинганини кўрсатди. Хусусан, Пасечникнинг мурожаати компьютерда қандайдир махсус амалиётлар номини эслатувчи “Мангуст ҳамласи” деган папкада сақланган экан. Шунга қарамай, иккала видео ҳам Россия давлат ОАВларида ёйинланди.

Энг ғалати материаллардан бири – Украина президенти Владимир Зеленский билан унинг оиласини эвакуация қилиш топширилган бир одам билан суҳбатдир. Видео “Россия 1” каналининг “Вести недели” ҳафталик дастурида намойиш этилди. Украинада ҳатто Зеленскийга мухолиф ОАВлар ҳам бу мавзуни кўтаришгани йўқ. Президентнинг ўзи эса оиласи унинг ёнида – Украинада қолажагини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG