Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Ота-оналар ва болалар. Украинадаги уруш беларус жамиятини иккига бўлди


Мариуполда рус аскарлари
Мариуполда рус аскарлари

24 февраль куни Россия “миллатчилардан тозалаш бўйича махсус амалиёт” деган иддао билан Украинага бостириб кирди. Ҳарбий ҳаракатлар роса бир ойдан бери давом этмоқда: бу вақт мобайнида Украинанинг ўнлаб шаҳарлари ўққа тутилди, минглаб тинч аҳоли ўлдирилди, 3 миллиондан зиёд қочқин мамлакатни тарк этди.

Украина ва Россияга қўшни Беларусь урушда расман иштирок этмаётган бўлса-да, рус қўшинлари унинг ҳудудидан Киевга артиллерия зарбалари бермоқда, Беларусь госпиталларида юзлаб ярадор рус аскарлари даволаняпти. Ҳарбий таҳлилчилар Беларусь Россия тарафида урушга киришини истисно этмайдилар: Беларуснинг барча дипломатлари аллақачон Киевдан чиқиб кетишди – уруш арафасида Россиянинг Украинадаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари ҳам мамлакатдан олиб чиқиб кетилган эди.

Бу уруш нафақат Россия, балки Беларусь жамиятини ҳам парчалаб юборди. Катта авлоднинг аксар қисми, айниқса, Лукашенко билан Путинга хайрихоҳ ва ҳукуматпараст телеканалларни томоша қиладиган кишилар Кремлнинг Украинага босқинини дастакламоқда. Айни чоғда ёшларнинг кўпчилиги Украинада рўй бераётган воқеалардан даҳшатга тушган, бироқ улар ўз фикрларини ота-оналари, бобо ва бувиларига уқтира олишмаяпти. 2020 йили Лукашенко президент сайловидан сўнг норозиликни аёвсиз бостиришни бошлаган пайтларда ҳам авлодлар дунёқараши орасида ана шундай жарлик пайдо бўлган эди.

Озодликнинг беларус хизмати Украинада уруш бошланганидан сўнг оилавий муносабатларда муаммоларга йўлиққан бир неча беларус билан суҳбатлашди.

“Набирангизни урушга олишса ачинмайсизми?” – “Ачинмайман, керак бўлгач боради-да!”

Алеся (исм ўзгартирилган – Таҳр.) 25 ёшда, у видеомуҳандис бўлиб ишлайди. Айтишича, оиласида сиёсат билан боғлиқ можаролар 2020 йилда, президент сайловидан сўнг юзага келган. Маълумки, МСК сайловда яна Александр Лукашенко ғолиб чиққанини эълон қилгач, мамлакатда оммавий намойишлар бошланган эди. Бу ҳаракат минглаб намойишчиларнинг калтакланиши ва қамоққа ташланиши билан якунланди. Ўшанда Алеся илк дафъа бувиси билан уришиб қолди.

“Бувим ҳозир 80 ёшда. Уруш пайтида туғилган. Бизга доим “Сенларга нима етишмаяпти? Нима ёқмаяпти” дейди. 2020 йилда у мен ва ота-онам мамлакатда бўлаётган воқеаларга қарши эканимизни билгач, дадам билан ойимга: “Менинг сенлардек болам йўқ”, деб айтди”, ҳикоя қилади Алеся.

“Биз, албатта, у билан гаплашмай қўйганимиз йўқ, кўнглига қарашга ҳаракат қилдик. Ахир кекса одам бўлса. Аммо ўшандан кейин сиёсий мавзулардан гап очмайдиган бўлдик”, давом этади қиз.

Беларусдаги сайловларга муносабатда Алеся ота-онаси билан якдил бўлган эса-да, Украинадаги уруш уларни ҳам икки фронтга бўлиб ташлади.

Қизнинг ўзи Россия украин шаҳарларини яксон қилишни бошлаган куни ота-онаси билан ўрталарида жанжал чиққани ҳақида шундай дейди:

“Мана буни, буни кўрдингизми? Улар ҳамма ёқни бомбалаб ётишибди-ку ахир!” дедим хуноб бўлиб. Улар эса пинак бузмай: “Ҳеч нимани билмаймиз, ҳеч нима бўлаётгани йўқ. Бомба ёғдиришяпти, деган гапни қаёқдан олдинг?”, деб жавоб беришди. Бу нимаси? Бизнинг тепамизда ҳеч нима учмаётган бўлса, олам гулистонми?”

Алеся бу гапдан даҳшатга тушганини айтади.

“Ота-онам одатда давлат матбуотини эмас, бамаъни ОАВларни кузатиб боришади. 2020 йилда бўлган воқеаларга ақли етган одамларнинг бу гал ўзларини бунақа тутиши менга жуда ғалати туюлди”, дейди Алеся.

Алеся айтишича, мулоҳазали одамлар бўлмиш ота-онасининг Украинадаги урушга доир янгиликларга лоқайдлиги сабабини тушуниши анча қийин кечган.

“Ўшанда бу психологик ҳолат бўлса керак, ҳамма нарсани инкор этиш ҳолати бўлиши мумкин, ўтиб кетар, деб ўйладим. Кутганимдек, бир ҳафтадан сўнг уларга “етиб борди” ниҳоят”, дейди қиз.

Украинадаги уруш масаласида ҳозир Алеся билан ота-онаси ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ, улар кимнинг кимлигини анча фарқлаб олишган. Бироқ бувиси ҳанузгача Россия қўшинларининг Украинадаги қилмишлари ҳақида эшитишни ҳам хоҳламайди.

“Бувимнинг барча сиёсий мунозаралардаги асосий далили бу: “Сенга тағин нима камлик қиляпти? Ҳамма нарсанг бор: қорнинг тўқ, устинг бут, яна нима керак?” Бувим менинг фикримни ҳазм қила олмайди, чунки телевизор кўради-да. Биз унга ўз қарашларимизни тиқиштирмоқчи эмасмиз, шунчаки бошқа манбалар воқеаларни қандай тасвирлаётганини кўрсатмоқчимиз, холос. Лекин қаёқда. Унга гап уқтириб бўлмайди. Баҳс бошламоқчи бўлсангиз, “Ҳеч балога ақлинг етмайди”, деб чўрт кесади. Қаердадир ўқигандим: кўзи билан кўриб турганига ишонмасдан, “йўқ, бу саҳналаштирилган воқеадан бошқа нарса эмас”, дея инкор қилувчи одамлар бўларкан”, дейди Алеся.

Қиз уни ларзага солган яна бир воқеани эслайди:

“Бир куни онам ва бувим билан ўтирганимизда суҳбат айланиб Украина мавзусига тақалди. Онам унинг “кўзини очиш учун” менинг акамни восита қилмоқчи бўлди. “Бизнинг мамлакат ҳам урушга тортилиб, суюкли набирангизни аскарликка чақирсалар-чи? Ачинмайсизми? Ўшанда ҳам шундай қилиш керак, дейсизми?” деб сўради. Бувим эса ўйлаб ўтирмай: “Нима қипти? Аскар керак бўлгач, олишади-да!” деб жавоб берди”.

“Ҳозир сиёсатдан умуман оғиз очмаймиз. Ота-онам, чамаси, вазиятга мен билан бир хил қарашади. Оилалардаги, авлодлар ўртасидаги бу фикр айрилиги ҳукуматга қўл келади, албатта. Аммо бобо ва бувиларнинг улардан фарқли фикрлагани учун ўз фарзандлари ва набираларини оқ қилишгача бориши жуда ёмон. Менимча, ёш авлод кексаларни улар бизни тушунганидан кўра яхшироқ тушунади. Дунёқарашларимизда катта тафовут борлигини кўрганимизда биз жанжалдан қочишга ҳаракат қиламиз, чунки улар бошқа давр одамлари эканини, уларнинг онггини ўзгартириб бўлмаслигини биламиз. Кекса авлод битта фикрни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилишга мойил бўлар экан. Биз бу маънода улардан ақллироқмиз, деб ўйлайман”, дея ҳикоясини тугатади Алеся.

Дадамнинг гапи бу бўлди: “Украинани аллақачон ер билан яксон қилиш керак эди”

Катерина (исм ўзгартирилган) 25 ёшда, у IT-ширкатда ишлайди. Айтишича, унинг оиласида сиёсий қарашлар ҳамиша бир хил бўлган. Бироқ Украинада уруш бошлангач, якдиллик йўқолиб, жиддий низо чиққан.

“Руҳий жиҳатдан бу жуда оғир ҳолат бўлди. Умуман олганда, лоақал ахлоқий масалаларда қарашлари бир хил бўлган одамларнинг энди мутлақо бошқа-бошқа томонда туриб олганини кўриш кишига эриш туюларкан”, дейди у.

Катерина ва ота-онаси бошқа-бошқа шаҳарларда яшашади. Қиз отаси билан кам кўришаркан, лекин урушнинг дастлабки икки кунида воқеаларни онаси билан узоқ муҳокама қилишибди – иккиси ҳам буни “украин халқи бошига тушган мусибат” деб билиши аён бўлибди.

“Лекин бир неча кун ўтиб ойим қўнғироқ қилиб, шундай деди: “Биласанми, қизим, янгиликларни кўрдим. Бу ростдан ҳам махсус амалиёт, Украинада ҳеч қанақа уруш бўлмаяпти, ҳаммаси яхши. Россия президенти нима қилаётганини билса керак”. Буни эшитиш менга жуда оғир бўлди. Биламан, ойим бунақа масалаларда дадамнинг фикрига тобе, чунки оилада дадамнинг айтгани айтган, дегани деган”, дейди Катерина.

Шу воқеадан сўнг қиз отасига қўнғироқ қилади.

“Гапни узоқдан бошладим: “Нима қиляпсиз? Телевизор кўряпсизми? Оламда нима гап?” Кейин муддаога ўтиб, вазият ҳақида фикрини сўрадим. У шундай жавоб берди: “Бу ерда ўйлайдиган нима бор? Украинани аллақачон ер билан битта қилиб, ўрнига янги, бамаънироқ давлат қуриш керак эди”. Ҳеч қачон зўравонликни ёқламайдиган мен учун бу ўта шафқатсиз муносабат эди. Дадамни гўё қайтадан кашф этгандим”, ғамгин давом этади Катерина.

Қизнинг сўзларига кўра, ўшандан бери у отаси билан тўғридан-тўғри гаплашмайди, отаси эса қизига онаси орқали салом йўллаб, уйга қачон келишини сўрамоқда. Катерина ҳозир ота-онаси билан сўзлаша оладиган аҳволда эмаслигини айтади.

“Ойим билан жуда иноқ эдик, шу боис у мен билан қайтадан тил топишишга уринди, қўнғироқ қилди, хатлар ёзди. Кунларнинг бирида ундан нима юмуш билан бандлигини сўрадим. “Россия Украинанинг қандай додини бераётганини томоша қилиб ўтирибман”, деди ойим. Шундан сўнг унга нисбатан салбий ҳисларим ўн чандон ортди. Бир неча кун қўнғироқларига умуман жавоб бермадим”, дейди қиз.

Катерина айтадики, ота-онаси бир гапни қаттиқ тутишган: “Донбассда 8 йил одамлар нобуд бўлганида нега ҳеч ким индамади?” Бу Россия пропаганда медиаси томонидан Украинага босқинни (Путин, расмий баёнотига кўра, Украина шарқий ҳудудларидаги русийзабон аҳолини “ҳимоя қилиш” мақсадида мамлакатга қўшин киритган – Муал.) оқлаш учун энг кўп қўлланадиган иддаолардан биридир.

“Мен бунақа ёндашувни тўғри деб ҳисобламайман, лекин дадамга кўра бу “кучли далил” эмиш. Украина мавзусида у билан гаплашиш бефойда бўлиб қолди, начора, шунақа психологик тип бўлади ҳаётда. У мен келтирган ҳамма далилларни асоссиз инкор этади ва сўз топа олмаганда жеркиб ташлайди. Унинг таъсири остида қолган ойим ҳам сира гап уқмайди. Мени тинглайди, албатта, ҳатто тушунишини ҳам айтади, лекин охирида “Тўғрику-я, лекин барибир...” деб гап бошлайди”, дейди Катерина.

Қизга кўра, энг оғир ҳолатни март ойи бошларида, онасининг туғилган кунида бошидан кечирган.

“Бу мен учун йилнинг энг муҳим саналаридан бири, одатда бу кунга жиддий ҳозирлик кўрардим. Туғилган кунида ойим ўзини тамом ўзгача ҳис қилиши учун тиришардим. Лекин бу сафар ҳатто “Таваллуд кунингиз билан табриклайман!” деб СМС ёзиш учун ҳам ўзимда куч топа олмадим. Хуллас, энг яқинларинг билан бирдан терс бўлиб қолиш жуда оғир бўларкан. Бироқ ҳаммадан даҳшатлиси – сенинг назарингда ота-онанг обрўси тўкилганидир”, дейди яна Катерина.

Қизнинг айтишича, дўстлари уни қўллаб-қувватлашади, улар билан фикрлари деярли уйғун.

“Лоақал тенгдошларим билан фикримиз бир жойдан чиқаётганидан хурсандман. Очиғи, дўстларимдан ҳам айрилиб қолганимда бу дилхираликларга қандай бардош берардим, билмайман. Дўстларим менга тиргак бўлишяпти: улар бировнинг қайғусига шерик бўлишни билишади. Атрофингда сени тушунадиган инсон бўлса, анча енгил тортар экансан”, таъкидлайди у.

Катерина ота-онасининг дунёқарашини ўзгартиришга қурби етишига ишонмайди, лекин, уларни қаттиқ ранжитиб қўймаслик учун вақтинча улардан узоқроқ юришга тайёр.

“Бошқа шаҳарда яшашим шу томонлама қулай бўлди, бунақа пайтларда кўришмай турганимиз маъқул. Сиёсий қарашларга келсак, ота-онамнинг фикрлашида эврилиш юз беришига кўзим етмайди. Уларни вазиятга бошқача кўз билан қарашга нима мажбур этиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмайман”, дейди Катерина.

XS
SM
MD
LG