Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

Озарбайжонда парламент сайловлари бўлиб ўтди


Озарбайжонда парламент сайловлари, Боку, 9 февраль, 2020 йил
Озарбайжонда парламент сайловлари, Боку, 9 февраль, 2020 йил

Бугун Озарбайжонда президент Илҳом Алиев чақириғи билан муддатдан аввалги парламент сайловлари бўлиб ўтди.

Сайловолди кампаниясида ҳукумат бошқарувида бўлган матбуотда барча партиялар ҳақида тенг маълумот берилмагани учун айрим мухолиф партиялар сайловда қатнашишдан воз кечди.

Овоз бериш участкалари маҳаллий вақт билан соат 19:00да ёпилди.

Озарбайжон Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловчиларнинг 44,84 фоизи овоз берган. Дастлабки натижалар 10 февраль тонгда эълон қилиниши кутилмоқда.

Парламент сайловлари режа бўйича 2020 йилнинг ноябрида ўтказилиши керак эди. Аммо 5 декабрь куни Алиев парламентни тарқатиб юбориш ва муддатдан аввалги сайлов кунини белгилашга оид фармонни имзолади.

Алиевнинг “Янги Озарбайжон” партияси президентнинг “ислоҳотлар дастурини” амалга ошириш учун парламент таркиби ўзгариши кераклигини айтмоқда.

Айни дамда партия аъзолари 125 аъзога эга Миллий мажлисдаги 65 ўринни эгаллаган.

Аммо танқидчиларнинг айтишича, партия аслида парламентдаги ўринларнинг 2/3 қисмини эгаллаб, конституцияга ўзгартириш киритишни ҳамда Алиевнинг рафиқаси, биринчи вице-президент Меҳрибон Алиева кейинчалик президент бўлишига йўл очишни истайди.

Айни дамда Озарбайжонда парламент ваколатлари чекланган бўлиб, асосий бошқарув президент қўлидадир.

Алиев 2003 йилда президент этиб тайинланганидан бери мамлакат парламентига президентнинг яқин ҳамкорлари етакчилик қилиб келади.

Алиев 2009 йилда референдум ўтказиб, президентга қўйилган икки муддат чекловини бекор қилди. 2016 йилда қайта референдум ўтказиб, президентлик муддатини 7 йилга узайтирди.

Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бугунги сайлов учун 5,2 миллион сайловчи рўйхатга олинган.

Сайлов участкаларидан қонунбузарликлар ҳақида хабарлар бўлди. Айрим участкаларда чироқ ўчиб қолди, бошқаларида эса сайлов жараёнини видеога ёзиб олиш уринишларига тўсқинлик қилишгани хабар қилинди.

Сайловда 19 партия номзодлари қатнашди. Улар орасида “Янги Озарбайжон” партиясидан 123, “Мусовот” мухолиф партиясидан 25, ҳамда “Умид” мухолиф партиясидан 21 номзод бор.

Таҳлилчилар бу йилги сайлов ўзгача эканлигини, сабаби номзодлар орасида мустақил ва “ҳақиқий” номзодлар борлигини айтишмоқда.

Мустақил номзодлар декабрь ойида “Ҳаракат” сиёсий блокини тузган. “Ҳаракат” аъзолари орасида инсон ҳуқуқлари фаоллари, ҳуқуқшунослар, сайлов кузатувчилари, блогерлар, феминистлар, ёш фаоллар ҳамда сиёсатчилар бор.

Бугунги сайловда 125 ўрин учун 1300 номзод беллашди.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Озарбайжонда сайловлар эркин бўлмаган ҳамда фундаментал эркинликлар чекланган муҳитда ўтказилаётганини айтиб келади.

Шунингдек, мамлакатда мустақил нашрлар сиқувга олиниб келинади. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Алиев матбуотдаги танқидчиларга қарши “аёвсиз уруш” олиб бораётганини айтиб келади. Ташкилотга кўра, журналистлар ва блогерлар таҳдидлар, ҳужумлар ёки поралар ортидан фикрини ўзгартирмаса, уйдирма айбловлар билан қамалмоқда.

“Озарбайжон миллий фронти” ҳамда “Демократик кучлар миллий кенгаши” матбуот ва тўпланиш эркинликлари кескин чекланганини айтиб, бугунги сайловни бойкот қилди.

Алиев ўзи эса халқаро кузатувчилар танқидларини рад этиб, ўз ҳукумати очиқ парламент сайловларини ўтказиш учун барча чораларни кўрганини иддао қилмоқда.

XS
SM
MD
LG