Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:26

Хитойдан қайтган яна бир талаба иситма билан шифохонага ётқизилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Навоий вилоят, Хатирчи туманида тўрт кун аввал Хитойдан қайтиб келган талаба йигит 2 февраль куни кучли иситма билан туман шифохонасига ётқизилди. Талабанинг танишлари у Хитойда коронавирусни юқтириб қайтган бўлишидан хавотирда.

Хатирчи туман Тиббиёт бирлашмаси врачи 3 февраль куни Озодликка Хитойдан келган 24 ёшли йигит иситма белгилари билан касалхонага ётқизилгани, лекин унда коронавирус аниқланмаганини айтди.​

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида тузилган коронавирусга қарши марказий штабнинг масъул ходими Нуриддин Тошбоевнинг Озодликка айтишича, 3 февралгача бўлган холатга кўра, мамлакатда коронавирус қайд этилмаган.

Мутахассислар коронавирус инфекцияси ҳаво-томчи йўли билан инсондан инсонга юқиши, касалликни клиник белгилари 14 кунгача яширин кечиши хотиржам бўлишга изн бермаслигига эътибор қаратишади. ​

Хатирчи туман Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган шифокорларидан бири Хитойдан қайтиб келган 24 ёшли йигит иситма билан мурожаат қилганини айтди.

- 38 температура билан келди. Таҳлил учун қон олинди, лаборатория анализлари қилинди. Тўла ишонч билан айтамиз, коронавирус йўқ унда, - деди бирлашма врачи.

Шунга қарамай бемор алоҳида палатага олинган, шифокорлар унинг камида икки ҳафта шифохонада қолишини яқинларига айтишган.

Талаба билан мулоқотда бўлган танишлари эса у Хитойда коронавирусни юқтириб қайтган бўлишидан хавотирда эканликларини айтишмоқда.

- У бола ким билан мулоқотда бўлган бўлса ҳаммани текширувдан ўтказиш керак. Хатарли вирус тарқалган Хитойдан иситма билан қайтадию, бизга хавотир олманглар, дейишяпти, лекин ишонмаяпмиз-да. Бизда биласизку касални доим яширишади, - деди Хитойдан қайтиб келган талабанинг таниши.

Бу сўнгги уч кун ичида Хитойдан қайтган талабалардан иккинчисининг касалхонага ётқизилиши билан боғлиқ Озодлик ўрганган иккинчи ҳолатдир.

1 февраль куни Озодлик Андижон шаҳрида Хитойдан келган ўзбекистонлик талаба иситма билан касалхонага ётқизилгани ҳақда хабар берганди.

30 январь куни Хитойдан келган талаба Тошкент аэропортида ҳеч ким уни текширувдан ўтказмаганини шифокорларга айтган.

Шундан сўнг бемор шифохонанинг 2-бўлимидаги алоҳида палатага олинган, барча шифокорларга маска тақиш буюрилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, шу йилнинг 31 январида Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан учиб келган жами 4194 нафар, темир йуллари орқали эса 953 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган.

Агентликнинг вирусология лабораториясига коронавирусга текшириш учун 21 нафар фуқародан намуналар олинган. Ўтказилган тиббий текширувлар натижасида намуналар орасида коронавирус касаллигининг вируси топилмаган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида тузилган коронавирусга қарши марказий штабнинг масъул ходими Нуриддин Тошбоев 3 февралгача бўлган ҳолатга кўра, мамлакатда коронавирус қайд этилмаганини айтди.

- Марказий штабда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан маълумот олиниб, ҳар кунлик ҳисобот таҳлил қилиниб турилибди. Бугунги кунгача, яъни 3 февралгача Ўзбекистон Республиксида коронавирус қайд этлмади. Сиз айтган иккита ҳолат бўйича айтадиган бўлсам, қишки мавсумда ўткир респиратор касалликлар, шамоллаш, грипп бўлиб туради. Бу ҳолатлар бўйича ҳар бир фуқаро мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари лабораторияларимизда коронавирусни аниқлашда зарур бўладиган реактивлар ва аппаратуралар бор. Касалликни вақтида аниқлаш имкониятига эгамиз, - деди Нуриддин Тошбоев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00
Бевосита линк


Хитойда ҳаёт учун хатарли вирус тарқалганидан сўнг Ўзбекистонга қайтган талабалар Тошкент аэропортида назорат йўқлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб чиқишган эди.

Коронавирусга қарши марказий штаб масъул ходими Нуриддин Тошбоев бу иддаоларни рад қилди:

- Ўзбекистонга кираётган ҳар бир фуқаро тепловизордан ўтказиляпти. Ҳар бири билан соғлиғи бўйича гаплашилганидан кейин республикага киритиляпти. Бундан ташқари Хитойдан келган ҳар бир фуқаро жойлардаги бўлимларимизда кўрикдан ўтказилиб турилибди, 14 кунгача мунтазам текширилади. Бирор бир ҳолат кузатилса диагностика ва даволаш чоралари кўрилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, декабрнинг охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд этилган коронавирус қурбонлари сони 3 февраль куни 360 нафардан ошган, касаллик 17 мингдан ортиқ одамда аниқланган.

Айни пайтда касаллик АҚШ, Европа давлатлари ва Осиёнинг бир қатор мамлакатларида ҳам қайд этилди.

Ўзбекистон коронавирус тарқалиши сабабли 1 февралдан Хитой билан авиақатновни вақтинча тўхтатди.

Бундан аввал Ўзбекистон Давлат туризм қўмитаси туроператорларга Хитойга турларни сотишни тўхтатиб туришни тавсия қилганди.

Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги келаси икки кун ичида Хитойдаги фуқароларини ортга қайтаришга киришиши, Пекиндан чартер рейсларини йўлга қўйишини, Хитой томони билан чартер рейслар ташкиллаштириш масаласи устида иш кетаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Хитойнинг коронавирус тарқалган мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 81 нафар ўзбекистонлик талаба мавжуд,

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти хавфли вирус сабаб фавқулодда ҳолат режимини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG